Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев «Ақлли сув» тизимини жорий этиш ҳақида топшириқ берди

Чоп этилди Sentabr 20, 2019 Шавкат Мирзиёев «Ақлли сув» тизимини жорий этиш ҳақида топшириқ бердиda fikr bildirishni o'chirish

Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь, пайшанба куни сув ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда суғоришдаги йўқотишларни қисқартириш, ажратилаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган.

Бугунги кунда 3,2 миллион гектар ерга 46 миллиард куб метр сув сарфланиб, унинг 60 фоизи экинларга етиб боряпти, холос. Чунки жами 180 минг километр суғориш тармоқларининг 23 фоизи бетон қопламали бўлиб, улар ҳам 30—35 йилдан буён деярли янгиланмаган.

Яна бир сабаби — экин майдонларининг 98 фоизи эскича услубда суғорилаётгани, экинлар номақбул жойлаштирилаётганидир. Сувдан самарали фойдаланиш, ҳисобини юритиш, ирригация тармоқларида сув тежовчи янги технологияларни қўллаш бўйича ҳеч бир ташкилот талаб қўймаяпти.

Шу боис ҳудудларнинг сув таъминоти ва уни тежаш имкониятидан келиб чиқиб, экинларни жойлаштиришнинг такомиллаштирилган тизимини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган.

Сув хўжалиги вазирлигига Жанубий Кореянинг 7 миллион долларлик гранти ҳисобидан 61 та сув хўжалиги объектида сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи «Ақлли сув» тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди. Келгуси йили 120 та ва 2023 йилгача 300 та объектда ушбу тизим татбиқ этилади.

Энергетика вазирлигига 1,7 мингта насос станциясини 2020 йил якунигача электр энергия истеъмолининг автоматлашган назорат тизимига ўтказиш топшириғи берилган. Соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

«Соҳада бозор механизмларини татбиқ этиш ҳам замон талаби. Негаки ҳозирда ҳатто юқори даромад келтирувчи экин майдонлари, боғлар ва токзорларга ҳам сув давлат ҳисобидан етказиб берилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, 2020 йилда 22 та тумандаги 50 та объектни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга бериш зарурлиги таъкидланди», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш зарурлиги, улар инвестиция, грант ва бошқа маблағлар жалб қила оладиган, махсус техникаларга эга, фермерларга сифатли хизмат кўрсатувчи профессионал тузилма сифатида фаолият юритиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддилар ҳисобот берди.