Мақолалар

Шоҳруҳия қалъаси

Чоп этилди Yanvar 18, 2019 No Comments

Яланглик. Дўнглик. Сукунат. Тубсиз ўйловларга ғарқ бўлганча Шоҳруҳия қалъаси харобалари жойлашган манзилда узоқ вақт туриб қолишингиз аниқ. ​​​​​​​

Мен ҳам хаёлга шунчалик берилиб кетганимдан дарёнинг шовқин солиб оқишини ҳам илғамай қолибман. Назаримда, бу кентда ўтмиш билан келажак ширин суҳбат қуриб, дийдорлашаётган мўйсафидга жуда-жуда ўхшаб кетади.

Тошкент вилоятининг сўлим ва баҳаво манзилларидан бири ҳисобланган Оққўрғон туманига қарашли Султон Сегизбоев ҳамда Оққўрғон фермер хўжаликлари уюшмаси оралиғида шиддат ва шаҳд билан оқаётган Сирдарё яқинида Шоҳруҳия қалъаси бор. Соҳибқирон Амир Темур даврида барпо этилган ушбу кентнинг фақат харобаларигина сақланиб қолган. Буни қаранг, мазкур харобаларни ўтган йиллар, қор ва ёмғирлар, хуллас, вақт шиддати бешафқат тарзда емирган. Усти қалин тупроқ билан қопланган тепалик ўз бағрида ҳали қанчадан-қанча сир-асрорларни яширган экан-а.

…Тарих қатини титкиласангиз, Мирзо Улуғбек 1449 йилнинг рутубатли кузида Самарқанд яқинидаги Дамашқ қишлоғи ёнида ўғли Абдулатифдан мағлуб бўлганини билиб оласиз. Оқпадар, нобакор ўғил  узоқ йили ҳажга бориб келган Муҳаммад Хисравга собиқ ҳукмдорни Маккага кузатиб бориш лозимлигини буюради. Тез орада йўл тадориги кўрилади. Бир қишлоққа етганида ортидан чопарлар етиб олади. Чопарларнинг отлари тинимсиз чопганидан зўриқиб, оқ кўпикка ботганди. Улар ҳукмдорга Сирдарё соҳилидаги Шоҳруҳия қалъасига бориб, янги амр-фармонни кутиб туриши кераклигини уқтиради. Айтилган қишлоқда ҳозир бўлишади. Ўтовга кириб жойлашишади. Олов ёқиб, шўрва осишади. Мирзо Улуғбек ўчоқ ёнида, совуқ қотган қўлларини ўт тафтига тутиб ўтирарди. Шу маҳал чарсиллаб ёнаётган жулғундан чўғ отилиб, Улуғбекнинг этагига тушади. У эпчиллик билан олтойи пўстини этагига тушган чўғни силкитиб ташлайди-да: «Мени куйдирмаган бир сен қолувдинг. Энди умрим шами сўнаётганини сен ҳам билдинг, бемалол ўчингни олиб қол», деди. Ички безовталик ҳамда сезги унга хавф яқинлашаётганидан огоҳ этганди. Бу ўлим хавфи эди.  Бундан чиқди,  донишманд Шоҳруҳия қалъаси юлдузлар илмининг беқиёс билимдони Улуғбек Мирзонинг сўнгги кунларига гувоҳ бўлган экан-да…

Дарвоқе, қалъанинг катта сувликка яқин жойда қурилиши ҳам бежиз эмас. Бунда, албатта, бостириб келган ёвни осонгина мағлуб этиш, чор-атрофни доимо кузатиб туриш ҳамда бошқа қатор жиҳатлар инобатга олинган. Қолаверса, маҳаллий аҳоли орасида:

«Қарғалар галаси бу ерни кунига бир маротаба зиёрат қилиб, қалъадан беқиёс куч ва қувват олади», деган гаплар ҳали-ҳанузгача юради.

Яна бир ривоятда айтилишича, Амир Темур ўз жигарбанди Шоҳруҳ Мирзога атаб дарё бўйида шундай қалъа бунёд этадики, унинг довруғи ўша кезлари етти иқлимгача етади. Мазкур иншоотнинг меъморий геометрик ечими, томонларнинг нозик, ранг-баранг турли кошинкор парчинлар билан безатилиши, салобат билан юқорига бўй чўзган, нафис ташқи ва ички пештоқлар кўрган кўзни қувонтиради.

Қўли гул, заҳматкаш ота-боболаримиз томонидан бунёд этилган, қадимги асрларнинг ноёб ва ажойиб ёдгорлиги бўлган Шоҳруҳия қалъасини ҳар томонлама чуқур ва синчковлик билан ўрганиш, археологик қазиш ва назарий тадқиқот ишларини жадаллаштириш лозим. Ана шунда унинг қадимги шон-шуҳратини, беназир шавкатини ёш авлодлар теран англаган бўлармиди…

 

Улуғбек ЖУМАЕВ

Манба: «Оила даврасида» газетаси сайти

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan