Мақолалар

Дастурхон мисоли

Чоп этилди Sentabr 22, 2019 Дастурхон мисолиda fikr bildirishni o'chirish

Бу гапни дастлаб бобомдан жуда кичиклигимда эшитганман. Бобом уруш даврида фронт ортида меҳнат қилиб, хокисорлиги, меҳнаткашлиги, одамшавандалиги билан эл ичра ном қозонган. Унинг икки оёғи тиззаси остидан кесилгани учун резинадан махсус оёқ кийим тиктриб, кийиб юрарди. Бобом кўкартирган боғлар, гулзорларни, тилими тилни ёрар қовунларининг таъмини ҳамон қўмсаймиз.

У кишининг доим миниб юрадиган оқ эшаги бор эди (у пайтлари қишлоғимизда бирорта машинали одам бўлмаган). Бирор ҳовли ёнида бобомнинг оппоқ “улови” пайдо бўлиши яқин-орада бу хонадонда тўй бўлишидан дарак эди. Бобом қишлоқдаги аксарият ёшларнинг бошини қовуштирган, яхши кунлар “элчиси” эди.

“Болаларим, йўл – дастурхон мисоли, – дерди бобом. – Ундан турфа хил одам юради, ризқ-насибасини теради. Йўлда учраган шох-шабба, тўсиқни олиб ташлашга одатланинг. Шунда Аллоҳ ҳаёт йўлингизда учраган тўсиқларни олиб ташлайди, иншоаллоҳ”.

Бобомнинг ўгитларини бугун фарзандларимга, яқинлар ва таниш-билишларга ҳам эслатаман. Эзгуликнинг савоби бажарганга ҳам, ундаганга ҳам етишидан умидворман.

Биз Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманининг Навоий вилоятига чегарадош энг чекка худудида яшаймиз.

Байрам нафаси уфурган чиройли, обод йўллардан туман марказига бораркан, яна бобомнинг гапларини эсладим. Янгиланаётган кўчаларда қанчалаб инсон насибасини теради. Одамлар узоғини яқин, оғирини енгил, саъй-ҳаракатларини баракали этаётганларнинг, шу ишларнинг бошида турганларнинг йўлларини икки дунёда саодатбахш этсин.

Азиза БОЙМУРОДОВА

Каттақўрғон туманидаги 28-мактаб ўқитувчиси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан