Мақолалар

ҚУРЪОНДА РАСУЛУЛЛОҲ (СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ) СИФАТЛАРИ ЗИКРИ

Чоп этилди Yanvar 19, 2019 No Comments

  1. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг мўминларга тенгсиз туҳфасидирлар: «Аллоҳ ўз ораларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан мўминларга инъом этди» (Оли Имрон сураси, 164-оят).
  2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Таврот ва Инжилда ҳам васф этилганлар: Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир(Аъроф сураси, 157-оят).

Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақиқатан “уммий”, яъни ўқишни, ёзишни, ҳисоб илмини билмайдиган киши бўлганлар. Расул (алайҳиссалом)нинг уммий бўла туриб, оятларни ўқиб, тафсир қилиб беришларининг ўзи катта мўъжиза. Зеро, агар ёзишни, ўқишни, шеър ижод қилишни билганларида, оятларни ўзи тўқияпти ёки кимдандир кўчириб олиб, бизга ўқиб беряпти, деган шубҳа туғилган бўлур эди.

Абдуллоҳ ибн Амр сўзига қараганда, Тавротда Муҳаммад (алайҳиссалом), жумладан, бундай таърифланган: “Эй пайғамбар! Мен сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва саводсиз кишиларга ҳомий қилиб юбордим. Сен Менинг бандам ва расулимсан. Сени “Мутаваккил”, яъни “таваккалчи” деб номладим… У дағал ҳам, қўпол ҳам, бозорларда бақириб-чақириб юрувчи ҳам эмас. Ёмонликка ёмонлик қайтармайди, балки афв этади ва кечиради. То хато йўлдаги миллатни “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси билан тўғрилаб қўймагунга қадар уни Аллоҳ вафот эттирмагай. У билан кўр кўзлар, кар қулоқлар, ёпиқ диллар очилур” (Хз.).

  1. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барчага пайғамбар қилиб юборилганлар: «Айтинг (эй Муҳаммад!): Эй одамлар! Мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг расули (элчиси)дирман. У (Аллоҳ) осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Ўз қўлида бўлган зотдирки, ундан ўзга (ҳеч бир) илоҳ йўқ. (У) тирилтиради ва ўлдиради. Бас, Аллоҳга ва Унинг расулига имон келтиринг! У (расули) Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган уммий пайғамбардир. Унга эргашинг, токи ҳидоят топгайсиз!» (Аъроф сураси, 158-оят);

«(Эй Муҳаммад!) Биз сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик» (Сабаъ сураси, 28-оят).

  1. У зот барчанинг имон келтиришига ҳарис ва умматларига ўта меҳрибон зот: «(Эй Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди» (Тавба сураси, 128-оят).
  2. Аллоҳ таоло Пайғамбар (алайҳиссалом)га салавот айтади, бандаларини ҳам шунга буюради: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинг!» (Аҳзоб сураси, 56-оят).

Араб тилида “салавот” сўзи “салот”нинг кўпликдаги шакли бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам “салот” дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо “салот” Аллоҳ таоло томонидан бўлганида “дуо” маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбар (алайҳиссалом)га салавот айтиши у зотга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.

  1. Пайғамбар (алайҳиссалом)га ёмонлик қилганлар қаттиқ азобланади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлар ва улар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 57-оят).

Аллоҳга озор бериш – Аллоҳга ширк келтириш; Унга осий бўлиш Уни Ўзига мос бўлмаган сифатлар билан сифатлаш, динга, пайғамбарларига, илоҳий китобларга тил теккизишдир. Пайғамбар (алайҳиссалом)га озор бериш (ўша вақтда) у зотга қарши чиқиш, жисмоний ва маънавий зарба бериш, шахсларига, оилалари ва умматларига ёмонлик, иғво, бўҳтон қилишдан иборат эди. Ҳозир ҳам худди шундай: ким у кишининг шахсларига, динларига, шариатларига, оилаларига, китобларига, суннатларига, умматларига тил теккизса, у зотга озор берган бўлади.

  1. Муҳаммад (алайҳиссалом) набийларнинг сўнггисидирлар: «Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир» (Аҳзоб сураси, 40-оят).
  2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шоҳид, хушхабар айтувчи, огоҳлантирувчи, Аллоҳнинг динига даъват қилувчи, сирож ва мунир (ёритувчи)дирлар: «Эй Пайғамбар! Дарҳақиқат, Биз сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат хақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик. Аллоҳнинг изни билан (сизни) Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ва (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам (юбордик)» (Аҳзоб сураси, 4546-оятлар);

«(Эй Муҳаммад!) Биз сизни фақат (мўминларга жаннатдан) хушхабар берувчи, (кофирларни эса охират азобидан) огоҳлантирувчи қилиб юбордик» (Фурқон сураси, 56-оят).

  1. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) очиқ огоҳлантирувчидирлар: «Айтинг: “Эй инсонлар! Мен сизлар учун аниқ огоҳлантирувчидирман, холос» (Ҳаж сураси, 49-оят);

«Албатта, Биз сизни ҳақ (дин) билан, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юбордик. Ҳар бир уммат орасида ҳам, албатта, бир огоҳлантирувчи (пайғамбар) ўтгандир» (Фотир сураси, 24-оят).

  1. Зоҳирда ҳам, ботинда ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўйсуниш шарт: «Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор имон келтирмагайлар» (Нисо сураси, 65-оят). Демак, имоннинг, мўминликнинг бир шарти – ҳар бир нарсада Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни, яъни Ислом динини ҳакам қилиб олиш зарурлигидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ҳадисларидан бирида: “Жоним қудрати, измида бўлган Зотга қасам, ҳавою нафси мен келтирган нарсага тобе бўлмагунча, ҳеч ким мўмин бўлолмайди”, деганлар.
  2. Аллоҳга ва Расулига итоат қилганнинг мартабаси улуғ: «Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир» (Нисо сураси, 69-оят).
  3. Аллоҳ таолонинг Набий (алайҳиссалом)га фазлу марҳамати буюк: «Агар сизга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида эди, уларнинг бир тоифаси сизни адаштиришга азму қарор қилган эдилар. Улар ўзларинигина адаштирадилар. Сизга эса бирор зарар етказмайдилар. Аллоҳ сизга Китоб ва Ҳикматни нозил қилди ва билмаганингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга (нисбатан) фазли буюкдир» (Нисо сураси, 113-оят).
  4. Аллоҳ ва Расули бирор ишга буюрса, бандаларда ҳеч бир ихтиёр қолмайди: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди» (Аҳзоб сураси, 36-оят).
  5. Муҳаммад (алайҳиссалом) умматлари учун ҳужжатдирлар: «Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ҳужжат (Пайғамбар ва мўъжизалар) келди. Сизларга яна равшан нур (Қуръон)ни ҳам нозил этдик» (Нисо сураси, 174-оят).
  6. Муҳаммад (алайҳиссалом) мукаррам Расулдирлар: «У (Қуръон), албатта, мукаррам элчининг (Аллоҳ номидан айтган) сўзидир» (Ҳаққо сураси, 40-оят).
  7. Муҳаммад (алайҳиссалом) буюк хулқ соҳибидирлар: «Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!» (Қалам сураси, 4-оят).
  8. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оламларга раҳматдирлар: «(Эй Муҳаммад!) Биз сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз» (Анбиё сураси, 107-оят).
  9. Аллоҳ таолонинг Ўзи Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Расул эканликларига гувоҳлик берди: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асаридан (қолган) белгилари бордир. Мана шу (сифатлар) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса, худди шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб ўз новдасида тик турган, деҳқонларни ажаблантирадиган дарахтга ўхшайди. (Бу) улар туфайли кофирларнинг жаҳлини чиқариш учундир. Аллоҳ улардан имон келтириб, солиҳ амаллар қилган зотларга мағфират ва улкан мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ сураси, 29-оят). (Саҳобалар қурайш мушрикларига қарши ва қаттиққўл; аммо ким бўлишидан қатъи назар, мусулмонга меҳрибон бўлишган. Уларнинг асосий сифатларидан бири ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишларидир. Яна бир сифатлари доимо чин ихлос билан руку ва сажда қилишлари, яъни, намоз ўқишларидир.)
  10. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)да гўзал ўрнак бор: «(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилувчи кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).
  11. Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг қиёматдаги мақомлари олийдир: «Ҳар бир уммат ичидан ўзлари учун ўзларидан бир гувоҳни (яъни пайғамбарни) келтирадиган кунимизни эсланг! Сизни эса (Эй Муҳаммад!) ана улар (ўз умматингиз)га гувоҳ қилиб келтирурмиз. Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун башорат бўлган Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик» (Яъни, қиёмат куни ҳар бир умматга пайғамбарини гувоҳ қилганимиздек, сизни ҳам умматингизга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сизга Қуръони каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён этиб беришдир. Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳмати, мусулмонлар учун ҳидоят. Қуръони карим мўминлар учун хушхабар, уларга имонлари туфайли келадиган яхшиликлар хушхабарини беради) (Наҳл сураси, 89-оят).
  12. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашганни Аллоҳ таоло яхши кўради: «Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Нозимжон Иминжонов

тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan