Мақолалар

Тилга эрк бериш жоҳилликдир

Чоп этилди Sentabr 22, 2019 Тилга эрк бериш жоҳилликдирda fikr bildirishni o'chirish

Бугунги кунда кўп оилаларнинг барбод бўлиши, “тирик етимлар”нинг кўпайиши ғазаб ва шошқалоқликнинг аччиқ мевасидир. Расмий маълумотларга кўра, шундай тўкин-сочин, осойишта даврда юртимиздаги ҳар етти оиладан биттасида ажрим хавфи борлиги биз ота-оналарнинг айбимиздир. Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган ибора кўп тилга олиняпти. Роҳатини кўзлаб, оиласи ва фарзандларини қаровсиз қолдираётганларни комил мусулмон деб бўладими?

Аёл турмуш ўртоғини ота­си, акаси, укасидан устун қўя олса, ҳеч ким етим бўлмайди. Аёл эрини бошқаларга солиштирса, гап қайтарса, эридан шикоят қилиб, оила сирини очса, хўрласа, тирик етимлар кўпаяди. Худбинлик, кибр ҳукмрон оила мустаҳкам бўлмайди. Зулм наф­рат туғдиради.

Оилада кимдир ножўя иш қилган бўлса, сабаб ва оқибатини тушунтириб, унга таълим бериш афзал. Таъзир эса маълум даражада муносабатларни совутади. Эр-хотин ғазабини юта олишса, боланинг етим бўлиш йўллари ёпилади. Аллоҳнинг розилигини истовчи эр-хотинлар кўпайгандагина тирик етимлар сони камаяди.

Ҳадиси шарифда Пайғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир”, деганлар (Имом Ибн Можа ри­вояти). .

Тилга эрк бериб, ноўрин талоқ сўзини айтган ёхуд унданда ҳаддидан ошиб, бир лафзда “уч талоқ”, “минг талоқ”, “қум талоқ” каби ибора­лар ила хотинини талоқ қил­ган киши улкан гуноҳни амалга оширган, Аллоҳ таоло­нинг ғазабига дучор бўлиб, шайтонни хурсанд қилган бўлади. Ривоятларда келишича, Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг отаси аёлини “минг талоқ” қилади. Убода шошиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, бунинг ҳукмини сўрайди. Сарвари коинот бундай жавоб берганлар: “Аллоҳга осийлик билан (хотинига) “уч талоқ” тушибди. (Минг талоқдан) тўққиз юз тўқсон еттитаси ҳаддан ошиш ва зулм бўлибди. Аллоҳ хоҳласа – азоблайди, хоҳласа – уни кечиради” (Имом Абдур­раззоқ “Мусаннаф”да ривоят қилган).

* * *

Етимлик айб эмас, иллат ҳам, хорлик ҳам эмас, Аллоҳ­нинг қаҳри ҳам эмас.

Муқаддас Ислом динида жамиятнинг ҳар бир аъзоси – каттаю кичик ҳурмат-эҳ­тиромга лойиқ. Инсон дои­мо бошқаларнинг кўмагига муҳтож. Хусусан, етимлар ёрдам ва эътиборга эҳтиёж сезади. Динимиз таълимотида етимлар масаласига алоҳида аҳамият берилган. Зеро, етимпарвар оилада, жамиятда меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Етимларнинг мол-мулкларига оид ҳукмлар Қуръони карим, ҳадиси шарифларда баён этилган.

Аллоҳ таоло ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва талоқ масаласида ҳам Қуръо­ни карим ва суннати набавия та­лаб­лари асосида ҳаёт кечи­ришни насиб айласин! Фарзандлар бахт-саодати йўлида фидойилик кўрсатиб, уларга Аллоҳнинг ҳақ йўлини, ҳаётий тажрибаларимизни эринмай ўргатадиган ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин!

 

Завқиддин ОРИПОВ

Навоий вилояти Қизилтепа тумани бош имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан