Мақолалар

ЖАМИЯТ ЎЗГАРМОҚДА. МЕН-ЧИ?

Чоп этилди Yanvar 19, 2019 No Comments

Ўтиб бораётган йилимиз, ҳақиқатан ҳам, кутилмаган, ҳамма бирдай қабул қилолмайдиган воқеаларга бой бўлди. Кимларни ҳайратга солиб, кимларни шошириб, кимларни ўйлантириб қўйган тарихий ўзгаришларнинг ташаббускори ҳурматли Юртбошимиз ислоҳотларнинг асл мақсадини ҳам қатъият билан таъкидлайдилар: “Юртимиздаги ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, обрў-шаъни, виждон эркинлиги дахлсиз бўлиши; меҳнаткаш, ижодкор, меҳр-мурувватли, оқибатли одамларимиз ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши керак!” Мамлакатда бундай халқпарвар сиёсатнинг барқарор бўлиши, Парвардигори оламнинг: «Эй имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!..»(Моида сураси, 1-оят) деган кўрсатмасига бўйсуниш, амал қилишдир.

Бугун эл-юрт тақдирига масъул бўлган ҳар қандай ташкилот, идораларда ишлаб турган “Халқ қабулхоналари” аҳолининг муаммолари, дарди, таклиф-талабларини эшитиб, ўрганиб, унинг ижобий ҳал бўлиши учун йўл очадиган кўприкка айланди. Бундай кўприк ҳар биримизни бевосита давлатимиз раҳбарлари, Президентимиз билан ҳам боғлаб турибди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз» (Анфол сураси, 27-оят).

Кейинги йилларда шиддат билан қурилиб ишга туширилган саноат корхоналари, йўллар, турар-жой бинолари, маданий-маърифий-маиший иншоотлар, бозорлар акс этган харита чизилиб, бундан уч-тўрт йилгина аввалги ҳолатга солиштириладиган бўлса, амалга оширилгану оширилаётган хайрли ишлар салмоғини ойдинроқ тасаввур қилиш мумкин. Қалбан шу янгиланишлар ичра яшаётган самимиятли, инсофли инсон ўз-ўзига: “Жамият ўзгаряпти, унинг меваларидан барчамиз, мен ҳам баҳраманд бўляпман. Мен ўзим бу хайрли ишларга қандай ҳисса қўшяпман (қўшишим мумкин)?” деб савол беради.

– Қаранг, бир тадбиркор йўл четларида, сувсиз жойларда ербағирлаб ўсиб ётадиган ёввойи ўсимлик – ковракни катта майдонларга экаётган экан, – деди бир танишим. – Унинг илдизиям, поясиям, гулу мевалариям шифобахш, овқатга ажойиб таъм берар экан.

Шундай мулоҳазаларни эшитганда, кўпинча: “Қаранг, оддийгина мева (ёки ўсимлик, сут маҳсулоти, ҳатто чиқинди)дан шунча даромад олса бўларкан-а”, деймиз. Масаланинг бизга оддий, аҳамиятсиздай туюлган томонига беписандлик билан урғу берамиз. Наздимизда, бу жуда осон, ҳамма уддалайверадиган  ишдай… Холбуки, ҳар қандай ишнинг жамият тақдирига боғлиқ аҳамиятини ҳис этиб журъат билан ҳаракат бошлаш, ўйлаганимиздек, осон эмас. Ғанимат умримиз, куч-қувват, лаёқату имкониятларимизни сарфлаб, тоқатимиз етганича: қўлимиз, тилимиз, қалбимиз билан эзгу ишлар рўёбига ҳисса қўшайлик.

Бизга ишониб топширилган вазифани имкон қадар чиройли ва бекаму кўст бажаришда; атрофимиздаги ёшлар тарбиясию кексалар эҳтиёжларига эътиборли, жонкуяр бўлишда; ижтимоий муносабатларда давлат қонунлари, ўзаро муносабатларда шариату одамийлик қонунлари устувор бўлиши, холислик тамойили барқарорлигини таъминлашда; бир-биримизни эл-юртга манфаатли ишларда қўллаб-қувватлашда… барча-барчасида холисона ҳиссамиз, ўрнимиз бўлиши керак.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan