Мақолалар

Аёлнинг ҳақиқий бахти

Чоп этилди Sentabr 22, 2019 Аёлнинг ҳақиқий бахтиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло аёлга оналик рутбасини берди. Уни эркак учун таскин, осо­йишталик ва эр-хотинни бир-бирига либос қилди: “У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфти­ни унга (уйланиб) таскин топиши учун пайдо қилган Зотдир” (Аъроф сураси, 189-оят). “Улар сизлар учун ли­бос, сизлар улар учун либосдирсиз” (Бақара сураси, 187-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом аёлга эҳтиром кўрсатиш, шаънини ҳимоя этиш, ҳуқуқини тиклашда бутун инсониятга ўр­нак бўлдилар. Қизларини чиройли тарбиялаган ота-онага жаннат хушхабарини бердилар, турмуши бузилган қизга ажратилган маблағни “Энг яхши нафақа”, деб атадилар, фарзандларга, энг аввало, онага яхшилик қилишни буюрдилар. У зотнинг охирги васиятларида бундай
жумлалар янграйди: “Огоҳ бўлинг, аёлларга яхши муомала қилинг…” (Имом Термизий ривояти).

Ислом таълимоти асосида яшай бош­лаган ўлкаларда аёл мавқеи ошди, ҳуқуқи тикланди. Шариатимизда аёлнинг уй-рўзғор, кийим-кечак, емоқ-­ичмоқ каби эҳтиёжлари эркак зиммасига юклан­ган. Ҳатто унинг нафақасини таъминламасдан эри ҳаж сафарига бориши мумкин эмас. Бундай адолатдан таъсирланган олмония­лик таниқли олима Аннимарие Шиммел хоним: “Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот аёл, она ҳисобла­нади”, деб эътироф этган.

Динимиз аёлларга ноҳақлик, қўполлик қилишга ҳам рухсат бермайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом завжаларига бирор марта қўл кўтармаганлар. Бу ишни қилган кишиларга қаттиқ танбеҳ берганлар. “Аёлларга (яхши) муомала қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи юқорисидир. Уни тўғ­рилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қола­ве­ради. Аёлларга яхши муомала қилинг­лар”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида аёллар учун махсус кунларда мажлислар ташкил этилган. Оналаримиз розияллоҳу анҳунна ҳам ўз замонасининг олималари бўлишган. Машҳур тобеин  Урва ибн Зубайр айтади: “Ҳазрат Ойша Қуръон ҳукмлари, адабиёт, араблар тарихини бошқалардан кўра кўпроқ биларди”. Шунингдек, Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо буюк фақиҳа бўлган.

Халқ орасида тарқалган: “Аёл билан маслаҳат қил-у, айтганининг тескарисини
бажар”, деган гап Ислом таълимотига зид. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам бир нечта муҳим ўринларда завжалари маслаҳатига қулоқ осганлар. Масалан, ҳижратнинг 6-йили Ҳудайбия водийсидаги машҳур воқеада Набий алайҳиссалом ило­ҳий ҳикмат ила Каъбани зиёрат қилмай қайтиш­га чоғланди­лар. “Туринг, қурбонликларингизни сўйинг,  сочингизни олдиринг ва эҳромдан чи­қинг”, дедилар. Бироқ Каъба ва ватан со­ғинчи билан ёнган саҳобалар жойи­дан қимирлашмади. Пайғамбаримиз алай­ҳис­салом сўзларини бир неча маро­таба так­рорласалар ҳам, ҳолат ўзгармади. Тушкун кайфиятда чодирга кирдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо вазиятни ўнглаш мақсадида: “Ё Аллоҳнинг расули, одамлар саросима ва тушкунликка тушиб қолишгани учун шундай қилишмоқда. Агар бу амалларни бажаришларини истасангиз, ҳеч нарса демасдан қурбонлигингизни сўйинг ва сочингизни олдиринг. Сизни кўриб аниқ эргашишади”, деди. Бу тадбир сабаб барча саҳобалар айтилганни  қилишди.

Бугунги кунда айрим жамиятлар аёл­га эркинлик бериш ниқоби остида уни пулдорлар ва бузуқлар эрмагига айлантириб қўйди. Гўзал ҳаёт ваъда қи­либ, фитрий машғулоти – оила хизмати, фарзанд тарбиясидан ажратиб, машаққатли ва хўрловчи меҳнатларга жалб этди.

Аёлнинг ҳақиқий бахти оиласи бағ­ри­да, фарзандлари қучоғида, эри ардоғида; унинг оналигида, назокати, ҳаё ва иффа­тидадир.

 

Садриддин АБДУРАШИДОВ

Тошкент шаҳар Олмазор тумани  бош имом-хатиби

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан