Мақолалар

Шошқалоқлик бўлдими, ғаразгўйликми?..

Чоп этилди Sentabr 22, 2019 Шошқалоқлик бўлдими, ғаразгўйликми?..da fikr bildirishni o'chirish

Инсоният тарихида вақти-вақти билан қайсидир соҳа даврнинг энг асосий кучи вазифасини ўтаб келган: баъзан илму маърифат, баъзан иқтисодиёт, баъзан қурол-яроғ… деганларидек. Бугун эса ахборот даври. Кимнинг қўлида янги, кўп ахборот тўпланган бўлса, ўшанинг диғони диғон.

Энг тезкор ахборотлар ҳозирги вақтларда учқур от минган тезкор суворийлар, беозор каптарлар, лўкиллаган туялар, поездлар, автобуслар, кемалар, самолётларда эмас, ОАВ, Интернет – ижтимоий тармоқлар орқали тарқаляптики, бу унинг тарқалиш тезлигини бир неча юз баробарга орттириб юборяпти. Интернетда узатилган ахборот тезлигини янада ёрқинроқ ҳис қилишни истасангиз, уни энг тез ҳаракатланувчи реактив самолёт ёки ракета билан қиёслаб кўринг. Ўша реактив самолётга ахборотни жойлаб, манзилни аниқлаб тугмачани боссангиз, у сиз айтган жойга айтайлик ўн дақиқада сиз йўллаган ахборотни етказиб боради. Лекин айнан ўша чоқда Интернет тугмачасини боссангиз, сиз йўллаган ахборот беш дақиқа ичида ўша реактив самолётга ўхшаб биргина манзилга эмас, бутун дунёга тарқалиб кетади. Боз устига, у юмалаётган қорга ўхшаб тобора йириклашиб бораверади.

Ахборот тезлиги ана шундай шиддатли куч. Шунинг учун бугун ОАВ ва Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар, блогерлар, борингки, троллар, колумнистлар… хуллас, қалам қитирлатган одам борки, энг шов-шувли, энг ваҳимали, энг шиддатли хабарларни жон-жаҳди билан ахтаради. Бирор жойда катта кўнгилсизлик бўлса, уларнинг жони киради.

Лекин дунёда, жумладан, бизнинг Ватанимизда ҳам ахборот олиш ва уни тарқатиш шартлари қонун билан белгилаб қўйилган. Шунингдек, миллатимиз табиатида ҳам ахборот етказишнинг ўзига хос одоблар бор, шошма-шошарликка йўл қўйилмайди. Бироқ 10 сентябрь куни тарқалган нохуш хабар ахборот тарқатувчиларнинг айримларининг шошқалоқлигини, баъзиларининг нохолислигини, яна бошқаларининг муғомбирлигини кўрсатиб қўйди.

“Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтаётган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилибди…”

Ўша куни кечга яқин тарқатилган ушбу хабар кечга бориб ботил  бўлди. Шу уйдирма ахборотнинг тарқалиши жамиятимиз аъзоларини ва хорижий юртлардаги илм аҳлларини норози қилди.

Нега? Аслида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муфтийлик вазифасидан озод қилингани билан беобрў бўлиб қолмайди. Чунки олимнинг рутбаси мансабу амали билан эмас, илму маърифати билан баланд бўлади.

Бу ерда гап бошқа жойда: хабар тарқатувчиларнинг ховлиқмалиги ҳаммани ташвишга қўйди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”(Имом Муслим ривояти),  деб марҳамат қилганларидек, шов-шувли ахборот тарқатаман деб,  оқибатда қилган ишларидан ўзлари уялиб қолди. Ғаразли кимсалар эса хабарни бўрттиришга уриниб кўришди. Кейин эса узр сўрашга ўтишдики, ўша узрининг замирида ҳам аллақандай ғарази борга ўхшайди. Бобур Мирзо таърифи билан айтганда “Узри гуноҳидан баттар”.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 6-оятида мўмин бандаларига хитоб қилиб, фосиқ кимса бир хабар келтирса, уни олдин текшириб кўришни амр қилган.

Бизнингча, ахборот тарқатиш билан шуғулланувчилар ва истеъмолчилар ана шу ояти каримани ўзларига шиор қилиб олсалар, асло йўлдан адашмайдилар. Агар ғаразгўйлари бўлса билиб олсинларки, ушбу уйдирма хабардан сўнг муфтий ҳазратнинг обрўси янада ортиб кетди. Зеро, “Худо азиз қилганни бандаси хор этолмас”.