Мақолалар

Ўғри бўлиб кирди-ю обид бўлиб чиқди

Чоп этилди Sentabr 23, 2019 Ўғри бўлиб кирди-ю обид бўлиб чиқдиda fikr bildirishni o'chirish

Кунларнинг бирида Робиъа Адавийянинг уйига тунда ўғри киради ва бир обдаста сувдан бошқа ҳеч нарса топа олмайди. У уйдан чиқиб кетиш учун эшик томон юраётганида Робиъа унга: “Эй фалончи, агар сен ростдан ҳам ўғри бўлсанг, уйимдан қуруқ чиқиб кетма”, дейди. Ўғри талмовсираб: “Мен ҳеч нарса олганим йўқ”, дейди. Робиъа: “Обдастани ол-да, таҳорат қилиб, ҳеч бўлмаса икки ракат намоз ўқиб чиқиб кет”, дейди. Ўғри унинг айтганини қилади, таҳорат олиб намоз ўқишга киришади. Робиъа осмонга қўлини кўтариб: “Эй Раббим, мана бу банданг менинг эшигимга келиб ҳеч нарса топа олмади, уни Сенинг даргоҳингга жўнатдим, фазлингдан бебаҳра қайтарма”, дейди. Ўғри икки ракат намозни тугатиб, ибодат лаззатини бутун вужуди билан ҳис этади ва тонг отгунича ибодат қилади. Тонг чоғи Робиъа унинг олдига кирса, боши саждада Яратганга муножот қилар эди.

Эрталаб Робиъа унга: “Тунни қандай ўтказдинг”, дейди. “Раббим ҳузурида синиқлик билан ибодат қилдим, тавба ва истиғфор айтдим, хато ва гуноҳларим кечирилишини сўрадим”, деди.

Робиъа қўлини дуога очиб: “Парвардигоро, бу банданг соатлаб Сенинг даргоҳингга қўл кўтариб турибди, уни ноумид қўйма”, деб дуо қилади.

Не мақсадлар билан кирган ўғри обида аёлнинг дуоси билан обид банда бўлиб чиқиб кетди.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм