Мақолалар

ФИҚҲНИНГ МОҲИЯТИ ВА ФАЗИЛАТИ

Чоп этилди Sentabr 23, 2019 ФИҚҲНИНГ МОҲИЯТИ ВА ФАЗИЛАТИda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ибодатнинг афзали фиқҳ, диннинг афзали тақводир”, дедилар».

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Динда фақиҳ бўлишдан кўра афзалроқ нарса ила Аллоҳга ибодат қилинмайди”, дедилар».

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Динда фақиҳ бўлишдан кўра афзалроқ нарса билан Аллоҳга ибодат қилинмайди. Албатта, битта фақиҳ(ни авраш) мингта обид(ни васваса қилиш)дан шайтонга оғирроқдир. (Билинг-ки,) ҳар бир нарсани устуни бўлади, бу диннинг устуни фиқҳдир”, дедилар».

Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий деди: “Фиқҳ” сўзи луғатда “тушуниш”, “ёпқични очиш”, деган маъноларни англатади. Тушуниб, ақл юритиб Аллоҳ таоло амр этган ва қайтарган нарсаларда Яратганга ибодат қилинса, буйруқ ва қайтариқларда Аллоҳнинг тадбири бандага кўрина бошлайди. Билинг-ки, шу холис ибодатдир. Аксинча, банда бир ишга амр этилса-ю, лекин, унда ўзи учун яхшилик борлигини билмаса, бир ишдан қайтарилса-ю, лекин унда ўзи учун зиён борлигини билмаса, бас, бундай банда ишларни оқибатини билмайдиган бамисоли кўрдир. Борди-ю, буюрилган нарсанинг яхшилигини, қайтарилган ишларнинг ёмонлигини англаса, бундай банда илоҳий ҳукмларни билиб, тушуниб, уларга амал қилаётган бўлади. У сабабли унинг қалби қувватга тўлади, нафси ором олиб, Аллоҳга ҳамду шукр айтади. Буйруқ ва қайтариқларнинг ҳа­қи­қатини англамайдиган кишининг қалби қаттиқ, дағал ва сусткаш бўлади.

“Фиқҳ” сўзи “تفقؤ الشيئ” (бир нарсанинг ёрилиши), деган иборадан олинган бўлиб, луғатда бир нарсанинг очилиши, кенгайишига араб тилида “فقئ الشيء”, дейилади. Араблар жароҳат очилиб, ҳали битмаган бўлса “فقئ الجرح”, дейишади. Ундан “فقيء” исм ясалади ва ҳамза ҳойи ҳаввазга айланиб кетади. Араблар у икки ҳарфнинг бирини иккинчиси ўрнида ишлатаверадилар, яъни “فقيء” ва “فقيه” тарзида. Фаҳм – нурдан иборат қалбда пайдо бўладиган нарсадир. Қалбда бирор нарса ҳақида тушунча пайдо бўлса, қалб кўзи очилиб, ўша нарсанинг яхши ёки ёмон сурати кўксда акс эта бош­лайди. Қалбни очилиши фиқҳ, қалбда пайдо бўлган нарса фаҳм, яъни англаш, дейилади.

Аллоҳ таоло Аъроф сураси, 179 оятда “фиқҳ” сўзини шундай маънода қўллаган: «Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”». Билинг-ки, фиқҳ – бу қалб иши бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир аъробийга “Бас, кимки дунёда зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар(Залзала, 7–8) оятларини ўқиб берганларида, у юзини ўгириб: “Кифоя қилади, кифоя қилади”, деди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши тушунди (фақиҳа)”, дедилар. Яъни ушбу ҳадисда “фиқҳ” сўзи “фаҳм” маъносида ишлатилди.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Қуръони карим оятларининг кўплаб муродлари борлигини банда англамагунича, киши асло фақиҳ бўлмайди”, дедилар. Бандалар Аллоҳ таолони танишга, Унга бўйинсунишга амр этилганлар. Бандалар ҳаромни қўйиб, ҳалол нарсалар билан кифояланиб, фарзларни адо этиб, Аллоҳга яқин бўлишлари учун, Парвардигоримиз инсониятга ҳалол ва ҳаром нарсаларни ажратувчи шариатни жорий қилди. Дин – бу Аллоҳга итоат этишдир. Араб тилидаги “дуунун” сўзи юқоридаги маънодан олингандир. Ҳар бир итоатли нарсага араб тилида “дуунун”, дейилади. Банда, ўзи Рабб деб эътироф этган зотга бўйинсуниши учун турли ишларга буюрилган.

Нафснинг итоатли бўлиши ва банда буюрилган амаллар мажмуаси – бу диндир. Аллоҳ бандалар учун динни жорий қилди ва улар уни итоат ила қабул қилдилар, яъни нафсларини ҳокисор тутиб, бандалик ила Унга итоат қилдилар. Ким Аллоҳ буюрган ва қайтарган нарсаларнинг сабабларини тўлиқ англаб (фақиҳа), буйруқлардаги зийнатни кўрса, у банда диний кўрсатмалар нечоғли аҳамиятли эканини билади ва қалбида дин ишларининг аҳамияти юксалади. Қайси банда қайтариқларнинг сабабларини тушуниб, унинг ёмонлигини билса, қалбида унга нисбатан нафрат кучаяди. Натижада, банда илоҳий буйруқларга илдамловчи, қайтариқлардан четланувчи бўлади.

Динда фақиҳ бўлиш – Аллоҳ таолонинг улкан мадади бўлиб, у билан банда амалларнинг яхши ва ёмон жиҳатларини, уларнинг оқибатини, Аллоҳ таоло уларни фиқҳ билан сийлаб, уларга ибодатни осон қилиб қўйганини кўрадилар. Кимки бу нарсадан маҳрум қилинган бўлса, қийинчилик ва оғриниб ибодат қилади. Чунки қалб гарчи Аллоҳнинг амрларига бўйсунсада, нафс баъзан бўйсунади, баъзан беэътибор бўлади. Нафснинг лашкари шаҳватлардир. Банда нафсга қарши туришда, уни ўзига тобе қилишда фиқҳ деб аталган қўшинга муҳтождир.

Бир киши: “Аллоҳ буюрган амаллардан бирини тавсифлаб бер?”, деса, унга никоҳ ва зино ҳақида шундай дейилади: “Парвардигор азза ва жалла никоҳни ҳалол, зинони ҳаром қилди. Аслида, бу икки ишнинг ҳақиқати – эркак билан аёл яқинлик қилишидир. Лекин, бирида никоҳ бор, иккинчисида никоҳ йўқ. Агар бу иш никоҳ билан бўлса, икки томон ҳам гуноҳдан сақланади ва улардан туғилажак бола насабли бўлади. Ота боланинг нафақасига, тарбиясига жавобгар бўлиб, натижада бола унинг меросхўри бўлади. Аксинча бўлса, бола насабсиз бетайин бўлади ва юқоридагилардан бирортасига ҳақли бўлмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло ноҳақ қон тўкиш­дан қайтариб, ким бунга қўл урса, ундан қасос олишга буюриб, шундай деди: “Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй, ақл эгалари! (Бу билан) шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар” (Бақара, 179). Бандалар ўз бойликларини ҳимоя қилмоқлари учун Яратган ўғриларни жазолашга амр қилди: “Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг – қилмишларига яраша жазо ва Аллоҳдан азоб сифатида – қўлларини кесинглар!” (Моида, 38). Мазкур оятда ўғрининг қўлини кесишга амр этилмоқда, агар яна қайта ўғрилик қилса, ҳадисга биноан ўғрининг оёғи кесилади. Демак, Аллоҳ буюрган ва қайтарган нарсаларда қалб кўзи очилган ва оқил инсонлар учун огоҳлантириш бордир.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ бир бандага яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар».

Юсуф ибн Моҳикдан ривоят қилинади: «Муовия (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жуда кам ҳадис ривоят қилар ва камдан-кам хутбага чиқардилар. Лекин, қачон хутба қилсалар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Эй, инсонлар фақиҳ бўлинглар!”, деганларини эшитганман”, дердилар».

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм