Мақолалар

Никоҳга валийнинг рухсати шартми?

Чоп этилди Sentabr 24, 2019 Никоҳга валийнинг рухсати шартми?da fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳотим Музаний розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундоқ қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлади”, дедилар. (Саҳобалар): “Ё Расулуллоҳ, агар унда… бўлса ҳам-а?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг”, деб уч марта такрорладилар» (Имом Термизий ривояти).

Турмуш қуриш, солиҳ фарзандларни дунёга келтириш, уларни тарбиялаб, камол топтириш ҳар бир мусулмоннинг  мақсади ва вазифасидир. Эркак ёки аёл турмуш қуришда шошмашошарлик, ўз­бо­шимчалик, бир томонлама ёндашиш каби хатоларга йўл қўймаслиги зарур. Шариатимизда турмуш қурувчи йигит ёки қиз никоҳга розилик бериш ёки рад этиш ихтиёрига эга бўлса-да, бу масалада ота-она, тажрибали ёши улуғ инсонларга қулоқ солишлари мақсадга мувофиқдир. Ота-оналар уларга сидқидилдан ёрдамлашишлари лозим.

Никоҳ – суннати муаккада. Аёл (қиз) ва­лийлари тартиби булардир: ота, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки, она.

Диндор, фарзандли бўлишга салоҳиятли (бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади), аввал турмуш қурмаган, қаноатли оиладан, насаби пок, ҳуснли, яқин қариндош бўлмаган қиз билан турмуш қуриш йигит учун энг муносиб танлов ҳисобланади. Шариатимизда нафақат қиз, балки йигитнинг ҳам сифатларига эътибор берилади. Шуни доим ёдда тутиш лозимки, Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг ҳурматли, энг азиз, энг мукаррам банда тақводор инсондир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Аёлларни ҳусни учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) уларни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук диндор чўри афзалдир», деб таълим берганлар (Имом Ибн Можа, Имом Баззор ва Имом Байҳақий ривояти).

Қизга бошқа биров томонидан совчи  келмаётганини, никоҳи ҳаром қилинган аёллар сирасига кирмаслигини ёки вақтинчалик совчи қўйиб бўлмайдиган, яъни иддадаги аёл эмаслигини билиб, сўнг совчи қўйиш лозим. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий алайҳиссалом: “Киши ўз биродари совчилиги устига, то ундан олдинги совчи тарк қилгунча ёки унга изн бергунча совчи қўймас”, деб огоҳлантирганлар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Совчи қўйган йигит ўз совчилиги ҳақида бировларга иложи борича ошкора қилмагани яхши. Чунки ошкор қилиш сабабидан баъзи қийинчилик ва кўнгил хираликлар юзага келиши мумкин. Ўзи ёки валийлари бирор одамни вакил этиб совчи жўнатиши мумкин.

Турмуш қурмоқчи бўлганлар ўзаро бир-бирини кўриши жоиз. Лекин бу иш шариат белгилаб берган чегарада амалга ошиши зарур. Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Унга назар сол, чунки бундоқ қилиш иккингиз орангизда бардавомлик учун керакдир”, деганлар» (Имом Насоий ва Имом Термизий).

Маҳрамлардан бирор киши ҳозирлигида йигит қизнинг юзига, икки қўлига бир марта назар солса бўлади. Қиз ҳам йигитга худди шундай қараши мумкин.

Қиз куёв билан кўришиш учун пардоз қилиб олмаслиги, атир сепмасдан табиий ҳолда кўриниши лозим. Икки тараф ҳам ёлғон сўз ва ёлғон кўриниш ишлатмаслиги, қизнинг ҳам, йигитнинг ҳам валийлари уларнинг ёлғиз учрашишига розилик бермаслиги керак. Валийлар уларга ҳаётларини ҳаром ишлар билан бошламасликни тушунтириб, насиҳат қилмоқлари зарур.

Совчи қўйган йигит ва қиз қўл бериб кўришиши, унаштирилган бўлсалар-да, учрашувга чиқишлари, “Love story” каби ғарбдан кириб келган одатларни қилишлари, кийим танлаш, бозорга тушиш ва шунга ўхшаш ишларни бирга амалга оширишлари мумкин эмас.

Оилаларнинг катта аъзолари ўзаро бир-бирлари ҳақида сўраб-суриштиришади.
Шариат меъёрларига мос келадиган совчига розиликларини билдиришади. Ботиний масалаларни эса Аллоҳ таолога ҳавола этишади. Куёвнинг яхши ёки ёмонлигини ўзи билан гаплашиб билиб олиш ёки суриштириб чиқиш аёлларнинг иши эмас. Бу масала куёвга ҳам тааллуқли. Валийлар муносиб куёвни учратса, қизларини унга таклиф қилишга ҳам шаръан рухсат этилгандир.

Нур сурасининг 32-оятида бундай марҳамат қилинади: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиз­дан яроқлиларини уйлантиринг! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур…”.

Оиласиз юрган эркак ва аёлларни никоҳли бўлишларини таъминлаш, уларни уйли-жойли қилиш учун бор имкониятини ишга солиш ота-она, ишбошилар, катталарнинг вазифалари ҳисобланади.

Оятдан ҳатто қул ва чўриларни ҳам никоҳлаб қўйиш лозимлиги аён бўладики, ҳар бир мусулмон яқинларидан ташқари, атрофдагиларнинг ҳам турмуш қуришига ёрдамлашиши лозим.

 

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан