Мақолалар

Мусибатга сабр яхшиликка элтади

Чоп этилди Sentabr 24, 2019 Мусибатга сабр яхшиликка элтадиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло бандаларини гуноҳлардан поклаш ёки даражасини кўтариш учун турли қийинчиликлар бериб синайди. Шариатимизда мусибатга учраган киши нималар қилиши ҳақида кўрсатмалар батафсил баён этилган.

  1. Сабрли бўлиш. Бу Аллоҳнинг амри бўлиб, ким унга амал қилса, кўп савобга эришади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир” (Луқмон сураси, 17-оят).

Мусибат етганда бақир-чақир қилиб, қўлидан ҳеч нарса келмаслигини билгач: “Сабр қилишдан бошқа иложимиз йўқ экан”, дейиш ҳақиқий сабр эмас. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлнинг ёнидан ўтаётганда: “Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил”, дедилар. Аёл у зотни танимасдан: “Мендан узоқ бўлинг, чунки сизга менинг мусибатим етмаган”, деди. Шунда аёлга: “У зот Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар”, дейишди. Кейин аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди ва: “Сизни танимабман”, – деди. У зот: “Албатта сабр аввалги зарба бўлган пайтдадир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

  1. Ношаръий ишлардан тийилиш. Бошига ғам тушган киши дод-вой солиш, сочларини юлиш, ношукрлик ёки маломат билан одамларга шикоят қилиш, ўзига ўлим тилаш, ўта қаттиқ эзилиш каби ношаръий ишлар орқали Аллоҳнинг ғазабини келтириб қўйишдан сақланиши керак.
  2. Хайрли дуолар қилиш. Мусибатли киши чин ихлос билан “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб истиржо айтса, Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига сазовор бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 156–157-оятлар).

Ҳадиси шарифда яна бир дуонинг хабари берилади. Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини икки қулоғим билан эшитдим: “Кимга қайғу, ғам, касаллик ёки фалокат етганда: “Аллоҳу Роббий, ла шарийка лаҳу” (Аллоҳ менинг Роббим, Унинг шериги йўқ), деб айтса, ўша ундан кетказилади” (Имом Табароний ривояти).

  1. Мулоҳаза юритиш. Мусибатга учраган киши қийинчиликка чиройли сабр қилиш билан бирга унинг ҳикмати ҳақида фикр-мулоҳаза юритади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Менга бирор мусибат келадиган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло берган учта неъмат бор:

– Бу мусибат динимда эмас;

– Бундан ҳам кўра каттароқ мусибатлар бўлмади-ку.

– Аллоҳ таоло менга сабр неъматини ато қилган”, дер эди.

  1. Тақдирга рози бўлиш. Мусибат Аллоҳ таолонинг тақдири эканини ҳис қилиш лозим. Зеро, дунёда бўладиган ҳар бир иш Лавҳул Маҳфузда ёзиб қўйилган. Буни бошга мусибат тушганда тез англаш керак. Шунда қийинчиликларни осон енгиб ўтади ва ажру савобга эга бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир. Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) ҳам кетмагайсиз. Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсани суймагай” (Ҳадид сураси, 22–23-оятлар).
  2. Яхшилик умид қилиш. Киши мусибатга сабр қилиб, ундан кейин келадиган хурсандчиликдан умидвор бўлиши керак. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).

Ушбу оятни тафсир қилган Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бир қийинчилик икки енгиллик устидан ғолиб бўлмайди”, дейдилар. Халқимизда шу мазмундаги мақол бор: “Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ”. Бошқа ояти каримада: “У деди: “Парвардигорининг раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар”” (Ҳижр сураси, 56-оят).

Ҳар бир мусулмон киши Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлади. Шу боис мусибатга учраганда чиройли сабр ила хайрли дуолар қилади.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим

юрти мударриси Шокиржон МАДАМИНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан