Мақолалар

Исломият – нур, уни тарбияга сингдириш зарур

Чоп этилди Sentabr 25, 2019 Исломият – нур, уни тарбияга сингдириш зарурda fikr bildirishni o'chirish

Термиз тумани бош имом-хатиби Абдурасул АБДУЛЛАЕВ билан суҳбат

Ассалому алайкум, дом­ла. Жамиятимизда катта ютуқлар, ўзгаришлар қаторида бугун содир бў­лаётган, инсон шаънига доғ тушираётган айрим аянчли ҳоллар кишини ранжитади. Мисол учун, яқинда интернет тармоғи орқали бир норасиданинг бозор ҳожатхонасига ташлаб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлом ақлни шошириб, ҳушни учирадиган бу хунрез­ликка, албатта, илмсизлик, ҳалолу ҳаром деган муҳим тушунчадан бехабарлик сабаб бўлаётир…

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Дарҳақиқат, биз ўзимизни икки олам сарва­ри Муҳаммад алайҳисса­ломга уммат бўлган муслим, мўмин кишилардан деб биламиз. Аммо, тўғриси, динимизни яхши билишга, унга амал қилишга келганда гоҳо оқсаймиз, сусткашлик қиламиз. Айниқса, сўнгги пайтларда давлати­миз томонидан диний соҳа­га давомли эътибор берилиб, эзгу ис­лоҳотлар олиб борилаётганига қарамай, кишиларда негадир лоқайдлик кўзга ташланади. Юртбошимиз вилоятимизга ташриф буюриб, “Султон Саодат” мажмуасини зиёрат қилишлари чоғида ушбу масалага эътибор қаратиб: «Очиқ айтсак, одамлар тар­биясига Ислом дини нур эканини сингдиролмадик. Фожиамиз мана шунда», деган эдилар. Сиз эслаб ўтган юқоридаги мудҳиш ҳодиса ва шу сингари фожиалар аслида фақат ўша ижрочи ёки иштирокчининг эмас, бутун бир жамиятнинг муаммоси экани сир эмас. Бундай иллатлар илдиз отиб кетмаслиги учун, аввало, ўз оиламизни, яқинларимизни сўнгра диний тушунчалари яхши шаклланмаган каттаю кичикни Аллоҳнинг амр ва қайтариқларидан хабардор қилишимиз, бунда, айниқса, биз имомлар фаоллик кўр­сатишимиз керак.

 

Келинг, суҳбат асносида ҳалол-ҳаром тушунчаси, хусусан, ҳалқумни тоза сақлашнинг моҳиятига кенгроқ тўхталайлик. Бил­ганларга такрор, билмаганларга амри маъруф, наҳйи мункар бўлсин

– Аллоҳ таоло айтади: “Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир)” (Моида сура­си, 3-оят). Охирги беш ҳо­лат, яъни, бўғилган, урил­ган, йиқилган, сузилган ва йиртқич ҳамласига учра­ган ҳайвон жони чиқмай, ти­пирчилаб турган пайт­да “бисмиллоҳ” айтиб сўйил­са, унинг гўшти ҳалол ҳисоб­ланади (“Мадорикут танзил ва ҳақойиқут таъвил”).

Демак, ҳаром сифатида оят­да очиқ билдирилган илк нарса ўлимтикдир. Яъни, инсон қўли билан сўйилмаган ва ов қилинмай ўлган ҳайвон ёхуд қуш. Замоний илм-фан ҳам ўлимтик жуда зарарли эканини тасдиқлайди. Ик­кинчиси, оққан қон. Ибн Аб­бос розияллоҳу анҳумо­дан талоқнинг ҳалол ёки ҳаром­лиги ҳақида сўрашганида, талоқни еса бўлишини айтиб, ҳаром қилинган нарса оққан қон экани, у ўлимтик каби зарарли эканини таъкидлаган. Ҳаром қилинганлардан учинчиси чўчқа гўштидир. Инсонлар бу ҳайвоннинг ифлослигини, ҳатто ўзининг ахлатини ҳам ейишини яхши билади. Тиббиёт ҳам чўчқа гўшти жуда зарарли эканини, таркибида ўлдирувчи трихин микроби ва бошқа бир қанча зарарли бактериялар борлигини тасдиқлайди. Муттасил чўчқа гўшти еган кишида рашк туйғуси йўқо­либ кетади. Шунингдек, Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган, бут ва шунга ўхшаш нарсаларнинг номи зикр этилиб сў­йилган жонлиқнинг гўшти ҳам ҳа­ромдир. Сабаби, бунда тавҳид инончига путур етади. Шу ўринда юртдошларимиз жуда диққатли бўлиши лозимки, жонлиқ сўйиш чоғида баъзи пайтларда “Ҳазрат Довудга атаб, Занги бобога бағишлаб…” сингари нотўғри сўзларни сўзлаб, билмасдан катта хато қилиб қўйишмасин. Ният чоғида “Холис Аллоҳ йўлида”, дейиш дуруст бўлади.

 

Шариатда ўлимтик­лардан балиқ ва шунга ўх­шаш сув ҳайвонлари мус­тасно қилинганми?

– Қуръони каримда мар­ҳамат қилинади: “Ўзингиз ва сайёҳ (ўткинчи)лар фойдаланиши учун сизларга денгиз ови ва таоми (балиқлари) ҳалол қилинди” (Моида сураси, 96-оят). Жобир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бир гуруҳини жангга юборган эдилар. Улар денгиз соҳилга чиқариб ташлаган улкан ўлик наҳангга дуч келишди. Мадинага келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга бу ҳақда хабар беришди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ тао­ло сизга чиқарган ризқдан енглар. Агар бўлса, бизга ҳам едиринглар”. Ундан бироз келтирдилар, Расулуллоҳ алайҳиссалом татиб кўрдилар” (Имом Бухорий ва Имом Мус­лим ривояти).

Яратганнинг марҳамати ва раҳматини қарангки, “У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо зулмкор ва тажовузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очлик танглиги юзасидан тановул қилса), унга гуноҳ йўқдир” (Бақара сураси, 173-оят), дея танг вазиятда қандай йўл тутишни ҳам айтади.

Бу мажбурлик очлик ҳола­тидаги заруратдир. Баъзи фақиҳлар инсон бир кунни очликда ўтказганидан сўнг ҳаром гўштдан бошқа егулик топа олмаса, ўлмай қолиш учун кифоя қиладиган даражада ҳаром емаклардан ҳаддан ошмасдан ейиши мумкин, деб шарт қўйганлар.

 

Ўлимтикнинг ҳаром қи­линиши унинг ейилишига тааллуқлидир. Бундан чиқди, унинг териси, шохи, суяги ва жунидан фойдаланиш мумкинми?

– Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бундай деган: «Мўмин­ларнинг онаси Маймунанинг жориясига бир эчки садақа қилиб берилганди ва у ўлиб қолди. Бундан хабар топган Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Унинг терисини нима учун олмадингиз? Уни ошлаб фойдаланар эдингиз”, дедилар». Бу билан ўлик ҳайвон терисини тозалаб фойдаланишга изн бердилар. Фойдаланишнинг йўли ошлашдир. Имом Довуд ва Имом Насоий ривоят қил­ган ҳадисда: “Покиза қи­лиш учун терини ошлаш, ҳайвонни ҳалоллаш учун сўйиш қадар шартдир”, дейилади.

 

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан