Мақолалар

Ҳаёсидан айрилган уйлар ёхуд яланғоч қалблар ҳақида (ҳаётий ҳикоя)

Чоп этилди Yanvar 19, 2019 No Comments

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кампир оҳиста қадам ташлаб ўз хонасидан чиқди. Меҳмонхонадан келини ва набирасининг товуши эшитилиб турарди.

–  Ўғлим, дастурхон ёздим, шўрва суздим, кела қол, совимасдан ичиб ол.

Кампир бурчакдаги кўрпачанинг устига ўтирди.  Бола бувисини кўриб:

– Бувижон, келинг, бирга еймиз, – деди.

Кампир ўйга толиб, чуқур “уҳ” тортди-ю:

– Уйнинг эркаги келмагунча, дастурхонга ўтириш яхши эмас, – деди. – Ҳадемай дадангиз келади, ўшанда ҳаммамиз биргаликда овқатланамиз, иншоаллоҳ…

– Бунақа одатлар эскилик-ку, ойижон, – деди келин қайнонасининг гапини хушламайгина. – Ҳозир ким очиқса бас, дастурхонга ўтириб овқатланаверади. Эркак киши ишдан келганида ўзи овқатланаверади.

–  Инсон ҳаёси ва одоби билан қанчалик гўзал бўлса, уйлар ҳам ҳаё ва одоб билан файзли бўлади, қизим, – деди қайнона.

Набира бу гапларнинг маънисига бормай, масхараомуз оҳангда сўради:

– Уйнинг ҳам ҳаёси бўладими, бувижон? У қанақа бўлади?

–  Болалигимизда онамиз энг аввал дадамизнинг олдида одоб сақлаб ўтиришни ўргатардилар. Уйда ота-онамизнинг олдида оёқ узатилмасди, катталар гаплашаётганда, биздан сўрамагунларича гап қўшмасдик. Катталар хонага киришганида дик этиб ўрнимиздан туриб, уларга жой берардик. Дастурхон атрофида йиғилганимизда зинҳор отамиздан аввал емакка қўл чўзмасдик.

Отамиз “Бисмиллоҳ” деб, емакка қўл узатганларидан сўнг, биз ҳам навбати билан, шошмасдан таомга қўл урардик. Таом кейин албатта дастурхон ва неъматлар учун дуо қилинарди.  Дастурхоннинг ҳам ўз одоби бор, болам, – деди буви набирасининг бошини силаб.

Набира  кўзларини ҳайратдан катта-катта очиб:

– Вой-бў, овқатланиш учун шунча нарса қилиш керак экан. Одам роса эзилиб кетади-ю, баъзан асабийлаштирса ҳам керак, бувижон?

– Йўқ болам, асло ундай эмас. Бизнинг пайтимизда ҳаё, ўзаро ҳурмат-эҳтиром бўлгани учун меҳр ҳам ўзгача эди. Меҳр бор жойда асабийлашиш бўлмайди, болам. Таомлар шоҳона бўлмаса-да, лаззатли, уйқулар ҳаловатли эди. Мен “депрессия” деган сўзни биринчи бор шу ерда эшитдим. Қишлоғимизда бир ақли ноқис бор эди, “Иброҳим тентак” дердик. Ҳатто ўша тентак ҳам жуда бахтли эди. Кечгача кўчада болалар билан ўйнар, қорни очса дуч келган эшикни очиб: “Опа, қорним очиқди овқат беринг”, “Опа, чанқадим, сув беринг” дерди. Ҳеч бир эшикдан бўш қайтмасди.  Сочи ўсса сартарош текислар, ҳаммомчи ювинтириб қўяр, жума кунлари қишлоқдагилар қўлидан тутиб намозга ҳам олиб боришар, ҳеч ким уни четга суриб қўймасди.

Бугун кундан-кунга ҳурмат ҳам, эҳтиром ҳам йўқолиб боряпти. Шаҳарнинг уйларида эса ҳаё йўқ. Кеч тушишига қарамай деразаларнинг пардалари ёпилмаган, хона ичи бемалол кўриниб туради. Эҳ, ўртадан ҳаё кўтарилиб бормоқда. Биз қуёш ботиши ҳамон уйларидаги дарпардаларни тушириб, кейин чироқ ёқардик. Ҳатто пардалар тортилган бўлса-да, уст-бошимизни алмаштиришга уялардик, чироқни ўчириб, ерга ўтириб олганча кийимларимизни алмаштирардик. Соямизнинг ташқарига тушишини ўйлаганимизда юзимиз уятдан лов-лов ёнарди.

Бу орада келин ўрнидан туриб, хижолатли алпозда дераза пардаларини тортиб қўйди.

– Уйдагиларнинг ҳаёси дераза пардаларидан аён бўлади, дерди катталаримиз… – деди қайнона сўзида давом этиб. – Уйлар баланд деворлар билан тўсилганига қарамай, аёллар ич кийимларини ҳовлидаги дорга илишмасди. Оила аъзоларидан ҳаё қилардилар. Мен кичиклигимда шалваримни дорга осиб қўйган эканман. Бир пайт онам ёнимга келиб: “Қизим, даданг ҳовлига чиққандилар, шалваринг осиғлиқ эди, уятдан ер ёрилмади-ю, кириб кетмадим. Бошқа бундай қилма! Дорнинг энг охирги қаторига илиб қўй! Сўнг устига бирор нима ташлаб қўй. Остида нима борлиги кўринмасин. Ҳаё кетса иймон қолмайди!” дедилар. Ўшанда ёшим ўн иккида эди, онам берган чиройли танбеҳдан анча вақтгача ўзимга келолмай юрдим. Ҳозир аҳвол бутунлай ўзгача. Кеча тоза ҳавога чиқай деб айвонга чиққандим, рўпарадаги қўшни ювилган кийимларини дорга илиб қўйган экан. Орасида эркагу аёлнинг ич кийимлари ҳам бор. Буни кўриб мени чуқур қайғу босди.

Бугун одамлар кўча-кўйларда таомланишади.  Бозор-дўконлардан харид қилинадиган нарсалар шаффоф халталарда уйга олиб келинади. Харид қилишга имкони борлару, имкони йўқларнинг ҳам кўзи бирдай тушади. Бу егуликларда суқ киради, ҳасад тушган бўлади. Бундай егуликлардан шифо бўлиши мумкинми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомингизнинг ҳиди билан ҳам қўшнингизга озор берманг!”, деб марҳамат қилганлар. Бугун таомлар ҳидию намойиши билан атрофдагиларга азият бермоқда.

Хонадоннинг яна бир энг муҳим одоби бор. Уйда рўй берган воқеалар, еб-ичилган нарсалар, тортишувлар, гап-сўзлар асло ташқарига чиқмаслиги керак. Бизнинг пайтимизда булар хонадон ҳаёси саналар ва муаммолар ҳеч кимга гапирилмагани учун, уйда осонликча ечим топиларди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ҳам эр-хотин  орасидагиларни атрофга ёйишили катта гуноҳ бўлишини ҳадисларида эътироф этганлар, тўғрими Лайло? – дея сўради қайнона келинидан.

– Тўғри, ойижон, – деди келин хижолат чекиб.

– Бугун фейсбук деган бир нарса чиққан бувижон, – деди набира. – Одамлар қайси қаҳвахонаю ресторанга боргани ва қандай овқатлар еганини суратга олиб, минглаб кишиларга кўз-кўз қиладилар.

– Вой, бу уят-ку, ахир, одам ҳеч замонда еган нарсасини ҳам мақтайдими?

– Вой, ойижон, одамлар турли ҳолатларда суратга тушиб интернетга қўйишади. Сайр қилганларини, харид қилган буюмлари, кийимлари, ҳатто эри совға қилган гуллару, ёзган севги изҳорларигача бошқаларга кўрсатадилар…

– Эҳ, болам-а, ҳали Қиёмат қўпти, десанг-чи?! Уйлар ҳаёсидан айрилди, қалблар яланғочланди десанг-чи?! – деди қайнона кўзлари ёшланиб.

– Биз кўча-кўйда эримиз билан ёнма-ён юришга ҳаё қилардик. Бева қолганлар бор, турмуш қурмаганлар бор, дея уларнинг кўнглини оғритишдан, ярасига туз сепишдан ҳайиқар эдик. Эримиздан бир қадам орқада юрардик.  Бугун жанжаллар ҳам, севги ҳам очиқ майдонга чиқди. Одамлардан меҳр, самимият кўтарилди.  Уйнинг баракаси – катталарга ҳурматда. Уйнинг иффати пардасида. Меҳрнинг ҳаёси пинҳоналигида. Вужуднинг ҳаёси тасаттурдадир. Уят, ҳаё ва ибо иймоннинг бир қисмидир.  Онам бир ривоят айтиб бергандилар, ривоят эмас, аслида ҳадис, ҳадиси қудсий. Яъни маъносидан Расулуллоҳ соллаллайҳи алайҳи ва ссалам огоҳ қилган, сўзлари у зотга Аллоҳдан келган ҳадис.

Шу ҳадиси қудсийда шундай дейилади:

“Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганида Жаброил алайҳиссалом унга уч ҳадя олиб келди. Улар – илм, ҳаё ва ақл.  “Эй, Одам, булардан бирини танла!” дедилар. Одам алайҳиссалом ақлни танлади. Жаброил  алайҳиссалом ҳаё ва илмга ўрнига қайтишни буюрди. Шу он ҳаё ва илм  шундай дедилар:

– Биз олами арвоҳда (руҳлар олами)да ҳар доим бирга эдик. Бир-биримиздан асло айрилмаймиз. Руҳлар жасадга кирганидан кейин ҳам ўша ҳолатда қоладилар. Албатта ақл қаерда бўлса биз ҳам унга тобе бўламиз.

– Ундай бўлса сизлар ҳам ўрнингизни топинг! – дедилар Жаброил  алайҳиссалом. Шунда ақл димоғда, илм қалбда, ҳаё эса кўзга жойлашди.

– Бу ҳадиси қудсийдан англашилгани шуки, ҳаёнинг мақоми кўздадир. Шунинг учун ҳам кўзимизни асрашимиз, кўзга ташланадиган нарсаларга диққат қилишимиз керак.

– Тўғри айтасиз, ойижон, – деди келин ердан бошини кўтаролмай. – Биз иффатимизни йўқотганимиз сари тубанлашиб боряпмиз…

Набира қошиғини жойига қўйди:

– Мен дадам келганларидан кейин овқатланаман…

Буви гаплари келини ва набирасига таъсир қилганидан мамнунлик туйиб, ичига Аллоҳга ҳамдлар айтди…

 

Умида АДИЗОВА

Манба: islom.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan