Ўзбекистон янгиликлари

Юсуф бобонинг дуолари ижобат бўлди ёхуд етти йил фарзанд кутган оила уч эгизак кўрди

Чоп этилди Sentabr 23, 2019 Юсуф бобонинг дуолари ижобат бўлди ёхуд етти йил фарзанд кутган оила уч эгизак кўрдиda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Куни кеча таниқли навоийшунос олим, саксонни уриб, тўқсоннинг остонасида турган мўйсафид инсон Юсуф ота Эшонқулов ҳаётида яна бир, фақат бу сафар ҳамма узоқ йиллар орзиқиб кутган жуда қувончли воқеа рўй берди. Юсуф ота бир кунда бир ё икки эмас, балки бирданига уч эварали бўлди.

Гап шундаки, ўғли Сайёр аканинг қизлари Умидахон етти йилдан бери фарзанд кўрмаётган эди. Аммо Умида опа турмуш ўртоғи Жавдат ака билан умуман ноумидликка тушмади. Бу йўлда уларга Юсуф отанинг дуолари, яқинларининг қўллаб-қувватлашлари далда бўлди, қанот бахш этди.

Ва ниҳоят етти йил деганда бобо ва момонинг дуолари Яратганга етиб борди. Жавдат ака ва Умида опа Мамадиевларнинг аҳил ва иноқликда кечаётган турмушлари ўз мевасини берди.

Оила соҳиблари исмларидаги маъно ҳам ана шу ёқимли муждага аввалдан ишора бергандек гўё. Жавдат меҳр-шафқат, ҳиммат ва сахийлик бўлса, Умида умид ва истаклар, орзу-ниятлар тимсолидир.

Алишер Навоий бобомиз “Карам ва мурувват ота ва онадирлар; вафо билан ҳаё эса буларнинг икки эгизак фарзандларидир. У икковида қанча равшанлик ва софлик бўлса, бу икковида ҳам шунчалик жипслик ва бирлик бор. Ҳар бир юракда вафо бўлса, у ерда ҳаё ҳам бор ва ҳар масканда у топилса, бу ҳам барқарор” деб бежизга айтмаган.

Буларга эса сабрсиз эришиб бўлмайди. Бинобарин, Аллоҳ уларга уч эгизак ҳадя этди. Бир ўғил(Сабр), икки қиз(Вафо ва Ҳаё). Исмларини эса Ҳасан, Фотима ва Зуҳра деб қўйишни кўнгилларига тугишди. Илоҳим, бир ботир ўғлон ва икки дилбар қизалоқ ота-бобосию бувилари каби эл суйган, комил ва энг муҳими ватанпарвар инсонлар бўлиб етишсин, халқ корига ярасин, оиласи, аждодлари фахрига айлансин.

Шу ўринда бир мулоҳаза: бугун эрта ажрашиб кетаётган ёш оилалар, бунга кўпинча сабабчи бўлаётган ёши катталар ушбу ҳаётий воқеани ўқиб, зора, хулоса чиқаришса. Икки-уч йилда фарзанд кўра олмаётгани учун бетоқат бўлиб, жуфти ҳалолидан кўнгли тўлмаётган ёки улардан воз кечиш ҳаракатида юрган ёш куёвлар ибрат олишса…

Зеро, умр аслида бир синов. Ҳаётнинг машаққатларини енгиб ўтиш учун эса инсонга метин ирода ва тоғдек сабр-тоқат керак бўлади.

Аслида бундай фазилатлар барчамизнинг юрагимизда етарлича бор. Фақат айрим қалбларда унинг зилол чашмаларини шошма-шошарлик, ҳар нарсага тез ва енгил эришишга уриниш, дангасалик, жиззакилик, нодонлик, қаноатсизлик, бесабрлик каби иллатлар оғир тош каби босиб қолган. Бундай ёмон одатлардан воз кечиб, яхшиларини юзага чиқариш эса фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ. Зеро, Алишер Навоий бобомиз ўзининг “Маҳбуб-ул-қулуб” асарида “Сабр шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир”, дея таъкидлаб, битиб кетган ушбу мисралари бугунги кун учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган:

Кимки бирор қийинчиликда сабру чидам кўрсатса,

Бахт унинг заҳрини болу, тиканини гулга айлантиради.

Халқ сўзи