Мақолалар

Дунёнинг энг муносиб ўлкаси

Чоп этилди Sentabr 23, 2019 Дунёнинг энг муносиб ўлкасиda fikr bildirishni o'chirish

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Европа зулматли “ўрта асрлар”ни бошидан кечираётган бир пайтда – мелодий йил ҳисоби бўйича 610 санада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юбориб Ислом нури билан оламни мунаввар қилди. Аллоҳ таоло ўша йили Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг охирги илоҳий китоби Қуръони Каримни нозил қилишни бошлади.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак умрларидан қирқинчи йилини ўтказар эдилар. Дунё жар ёқасига келиб қолган давр. Турли разолатлар ботқоғига ботган инсоният ўзини ўзи ўлдиришга уринмоқда эди. Бутун атрофни жоҳилият зулмати қоплаган. Қаёққа қарасанг, ҳаром-хариш, зулм-истибдод, ёлғон-туҳмат, душманлик ва жаҳолат ҳукм сурар эди.

Инсоният бошдан-оёқ жаҳолат ботқоғига ботган эди. Кишиларнинг барчаси ҳозиргига ўхшаб бўлган-бўлмаган, бузуқ ва аслсиз ақийдаларга эътиқод қилар эди. Уларнинг оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаётларида жабр-ситам, зулму ноҳақлик ҳукм сурар қўйингки, инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида разолат, ҳақсизлик, жаҳолат ҳукмрон эди. Инсоният жоҳилиятнинг қуюқ зулматида, қаттиқ ғафлат уйқусида ётар эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғамбар бўлишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди. Чунки бу жамият ўз тарихида ёзиш-ўқиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида, тартиб-интизом деган нарсаларни билган эмас.

Агар мазкур омилларни ўзида мужассам қилган халқ ичидан охирги замон пайғамбари танлаб олинганида одамлар, бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган, бу динни ҳам ўзлари ўйлаб жорий қилдилар, дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва У зотнинг раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёни жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Арабларнинг сиртдан нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом хизмати йўлида фазилатга айланди. Чунки мазкур омиллар туфайли уларнинг фикрига бирор мафкура чуқур ўрнамаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларининг таг-туби ила ўрнашиб кетишига ёрдам берар эди. Уларнинг ҳеч кимга бўйсунмаганлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдам берар эди. Қолаверса, ана шундоқ жоҳил халқнинг қисқа муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғамбар бўлишлари учун дунёнинг энг муносиб ўлкаси Арабистон ярим оролини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ алайҳиссалом шу ўлкада ўтган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом шу ўлкага Байтуллоҳни қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга шу ўлканинг Мадян исмли жойида пайғамбарлик берилган эди. Бу ўлкадан Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар паноҳ топган эдилар. Шунингдек, римликларнинг душманлигига дучор бўлган насронийлар ҳам бу ўлканинг Нажрон номли жойидан паноҳ топган эдилар. Аллоҳ таоло бу ўлкани табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шундоқ ишлар учун жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғамбар бўлишлари учун дунёнинг энг афзал нуқтаси Маккаи Мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ернинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замонлар, ҳамма маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнинг маркази айнан ана шундоқ жойда бўлиши матлуб эди.

Энг муҳими, бу шаҳарда анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамларида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи Муаззама бор эди. Ўз нав­батида Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблашар эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар бу ерга ҳаж қилишар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалроқ макон бўлиши мумкин эмас эди.

Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари ва охирги пайғамбар бўлишлари учун энг муносиб замонни ихтиёр қилди.

Ўша пайтда бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини таъмин эта оладиган динни жорий қилишининг айни замони эди.

Анчадан буён самовий дин юборилмаётган эди. Аллоҳ таоло Ўз тарафидан юборган самовий динларнинг барчаси одамлар томонидан бузилиб ўз кучини ва таъсирини мутлақо йўқотган эди.

Яҳудийлик яҳудийлар томонидан шу даражада бузилган эдики, унга яҳудий бўлиб туғилмаган одам кира олмас эди. Яҳудийлар ўзларини Аллоҳнинг танланган халқи, бошқа халқларни ўзларига эшак деб эълон қилган эдилар. Албатта, бундоқ дин дунё халқларига ҳеч қандай бахт ато этмас эди.

Масийҳийлик бўлса, турли фалсафаларга қоришиб, тушуниб бўлмайдиган бутпарастликка айланиб қолган эди. Бу дин одамларнинг бузғунчилик ҳаракати ила тарки дунё ва қолоқликнинг жарчисига айланиб қолган эди. Албатта, бундоқ ҳолат ҳам талабга жавоб бермас эди.

Ўша вақтда масиҳийликнинг маркази бўлган ўлкаларида истибдод ва зулм авжга чиққан эди. Кучли кучсизни ер эди. Адолат, инсонпарварлик, камбағал, бева-бечораларга раҳм-шафқат каби эзгуликлар ҳақида оғиз очишга ҳам ўрин йўқ эди.

Бутпарастликнинг ҳам шармандаси чиқиб, ҳеч ким унга эътибор бермай қўйган эди. Фақат ота-боболардан қолган нарса сифатида мутаассиблик учунгина қаралар эди унга. Турли бутпараст халқларнинг раҳбарлари ўз имтиёзларини сақлаш учун халқларни бутпарастликда мажбурлаб ушлаб туришар эди.

Мажусийлик ҳукм сурган Форс, Хуросон ва уларга яқин бўлган ўлкаларда ҳаётнинг барча соҳаларида бебошлик ҳукм сурар эди. Уларда подшоҳ ва ҳукмдорлар халқнинг қонини ичар эдилар. Мажусийликнинг зардуштийлик, монавийлик ва маздакийлик мазҳаблари инсоннинг инсонийлигини йўқотиш учун барча чораларни кўриб бўлган эди. Уларда эр киши ўз онасига, синглисига ёки қизига уйланиши мақтовга сазовор иш ҳисобланар эди. Шунинг учун, насл-насабнинг асари ҳам қолмаган эди. Бундоқ тузум ва таълимотлар инсониятга бирор эзгулик ато қилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Ўша пайтдаги кенг тарқалган таълимотлардан бири ҳиндукийликка келсак, аҳвол аввалгилардан ҳам бадтар эди. Бу таълимотга биноан, кишилар турли табақаларга бўлинар эди. Бир табақа шоҳ, бошқаси гадо бўлиб яшаши муқаррар эди. Ибодат соҳасида ақл бовар қилмайдиган нарсалар содир этилар эди. Ҳиндистондаги баъзи тоифалар орасида ҳаттоки эркак ва аёл кишиларнинг жинсий аъзоларига ибодат қилиш йўлга қўйилган эди. Бундоқ нарсалар инсонга нима тақдим қила олиши мумкин?! Бундоқ нарсалар инсоният пешонасидаги ор эмасми?!

Арабистон ярим оролидаги ширк ва зулму бемазагарчиликлар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бошқалар қатори бу ерда ҳам пасткашлик ва разолат ўзининг энг юқори нуқтасига чиққан эди. Ҳаромхўрлик, зинокорлик, ароқхўрлик, зўравонлик, ўғрилик, қароқчилик ва бошқа разолатлар кенг тар­қалган эди.

Одамлар нимани кўрсалар, нимани топсалар —ҳайвон сўйилганида оққан қонми, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштими ёки ундан ҳам баттарроқ нарсами, зўр иштаҳа билан ер эдилар.

Зинокорлик қилмаган одам аҳмоқ ҳисобланар эди. Зинонинг турли-туман услублари кенг тарқалган эди. Эр ўз хотинини аслзода ҳисобланган бошқа бир эркакнинг олдига олиб бориб, сендан болали бўлиши учун хотиним билан зино қил, деб илтимос қилиши мардлик ҳисобланар эди.

Ароқхўрлик фахрга оид иш эди. Мардлик ва шижоати билан ном қозонган бирон киши ароқ ичиб ўтирганида отасининг ўлдирилганлиги ҳақида хабар келса, бугун хамр — эртага амр, деб ароғини ичишда давом этаверар эди.

Жоҳилий араблар оиласида туғилган қиз болани тириклай кўмиб юбориши, қабиласидаги кампирнинг хаста туясини ўлдириб қўйган бошқа қабила ила юз йил уруш қилиши, ўз худосини уйида унутиб қолдирганда тўрвасидаги хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб худо ясаб олиши ва унга ибодат қилиши, қорни очганда ўша худосини еб қўйиши оддий бир ҳолат эди.

Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, олтинчи мелодий асрнинг иккинчи ярмига келиб дунё жаҳолат ботқоғига тўла ботган эди. У мазкур ботқоқдан чиқишга ўта ҳожатманд эди.

Дунё турли тузум ва динларнинг зулмати ичида қолган эди. У мазкур зулматдан нурга чиқишга муҳтож эди.

Дунё кенг тарқалган зулм ва истибдоддан инграб, адолат нашъасини суришга муҳтож эди.

Дунё бандаларнинг бандаларга ёки ўзлари қилиб олган сохта худоларга ибодати ила тўлган, у мазкур ҳолатдан қутулиб, барчалари Роббисига ибодат қилишга жуда-жуда муҳтож эди.

Ана шундоқ бир пайтда Аллоҳ таолонинг иродаси ила бир нур туғилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик вазифасини адо эта бошладилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» ибодатида ўтказиб, борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилардилар. Қавмлари эътиқод қилаётган диёнатдан кўнгиллари тўлмасди. У киши очиқ-ойдин ҳаётий йўлни излардилар.

Бундоқ танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам келажак ишларни ўйлаб қилинган Аллоҳнинг тадбири бўлиб, бу зотни келажакда улкан ишлар кутарди.

(Давоми бор)

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

islom.uz