Мақолалар

“Менинг ишим битди…”

Чоп этилди Yanvar 20, 2019 No Comments

Бугуннинг одами ўзининг иззат-нафсини жуда ҳам қаттиқ ҳурмат қилади. Уни бирор илтимос билан бирорта амалдорнинг қабулига юбориш осон эмас. Муҳтож бир кишининг эҳтиёжи юзасидан амалдор ҳузурига йўл олишга мажбур бўлиб қолган тақдирда ҳам боргунига қадар: “Гапимга қулоқ солармикан?” “Гапимни ерда қолдирса, нима деган одам бўламан?” “Шу касофатнинг касрига мени ёмон кўриб қолмасайди…” деган андишалар билан ич-этини еб боради.

Агар унинг шу қабилдаги тахминлари тўғри чиқиб қолиб, амалдор унинг гапига қулоқ солмаса, ўзини ниҳоятда эътиборсиз қолган одам ҳисоблаб кайфияти тушиб кетади ва қайтиб келиб уни юборган бечорага заҳрини сочади.

Борди-ю, амалдор унинг илтимосини ерда қолдирмаса, у ҳолда унинг мақтаниши бир жаҳон бўлади.

Аммо инсон зоти ҳаёт кечирар экан, ҳожатмандлик ва ҳожатбарорлик ҳам давом этаверади. Масалан, ҳазрат Навоий бир неча марта ҳажга отланганида устози Абдураҳмон Жомий ҳазратлари уни элга ниёзмандлик қилиб турибсиз, дея йўлдан қайтарган ва уни хилватнишинлик ҳам қилмасдан давлат ишида фаол ишлашга даъват этган. Чунки Навоий катта лавозимда ишлаб турганидан халққа кўп манфаат етиб турган. У халқнинг эҳтиёжларини Ҳусайн Байқарога етказиб, ундан одамларнинг эҳтиёжларини таъминлашни талаб қилган.

Ҳожатбарорликнинг  савоб иш эканини барчамиз биламиз, Лекин ҳожат раво бўлмаса-чи? Ҳожатбарор бир ҳожатманднинг эҳтиёжи учун воситачи бўлиб бир амалдорнинг олдига борса-да, ҳожатманднинг ҳожати раво бўлса, бундан ҳожатбарор ва амалдор катта савобга эга бўлар экан. Амалдор ҳожатбарорнинг гапига қулоқ солмаган тақдирда ҳам ҳожатбарорга савоб ёзилаверар экан-да,  амалдорга гуноҳ ёзилиб қоларкан.

“Ахлоқи муҳсиний”да айтиладики, “Шайхи кабир Нажмиддин Кубро қуддиса сирриҳу тўғрисида маълумки, бир куни етмиш марта Азудуддавла ҳузурига мусулмонлар иши учун борган, лекин мақсадга эришмаган. Охирги келганда Азудуддавла деди:

– Эй шайх, қизиқ одам экансан, неча марта келдинг, ишинг битмади. Шунга қарамай яна келяпсан, аҳдингдан қайтмай!

Шайх деди:

– Эй подшоҳ, менинг ишим керагича битди, шунинг учунки, менинг ниятим бу ишда Худонинг розилигини олиш эди, биламанки, Аллоҳ таоло менинг бу келиб кетишимдан хурсанд бўлган. Аммо сенинг ишинг битмади, чунки бир мусулмоннинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилмадинг ва бир муҳтож одамни ноумид қилдинг. Билмадингки, аҳли давлат одам бир муҳтожнинг ишини битирмаса, унинг иши ҳам ҳеч қачон битмайди”.

Ушбу ҳикоятдан аён бўладики, бирор кишининг ҳожати учун бирор идоранинг эшигини тақиллатиш керак бўлиб қолса, асло тортиниб ўтирмасдан, аксинча, ўқдек учиб борган киши кўп ажру савобларга эришар экан.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan