Мақолалар

ҚАЛБЛАРНИ ШОД ЭТИШ САВОБИ УЛУҒ

Чоп этилди Sentabr 25, 2019 ҚАЛБЛАРНИ ШОД ЭТИШ САВОБИ УЛУҒda fikr bildirishni o'chirish

Ҳаётдан рози бўлиб яшанг

Юртбошимизнинг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвести­циялар ва ижтимоий ривожланиш йили”­да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан ҳу­қуқий-меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва  ўзгартиришлар киритилиб, шу йилнинг 1  мартидан пенсия ёшига тўлган, аммо зарур иш стажига эга бўлмаган болаликдан ногирон фарзанди бор оналарга ижтимоий  нафақа тайинлаш ва апрель ойидан уни тўлаш бошланди. На­фақа миқдори пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фу­қаролар нафақаси миқдорида белгиланди.

Президентимиз мазкур Фармонда шу пайтгача давлат эътиборидан умуман четда қолиб келган масала – умри ногирон жигарбандига боғланиб, давлат ва жамоат ташкилотларида ишлаш учун имконияти бўлмаган оналарни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратди. Бу – ҳукуматимиз сиёсатида инсон қадр-қимматини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг орзу-интилишлари, талаб-таклиф­лари, муаммолари эътиборда эканининг, юрт­дошларимиз ҳаётдан рози  яшашлари учун қилинаётган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.

 

Мушфиқ-меҳрибонлар

Зулфия Эрматова Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида яшайди. Тўрт фарзандидан уч нафари олий маълумотли, эл-юрт хизматида. Фақат…

– 1994 йилда қизим ногирон туғилди, –  дейди у. – Беш ёшгача юрмади, кейин ҳам ун­га доим ёрдам, парвариш керак бўлгани учун бирон жойга кириб ишлолмадим. 55 ёшга тўлганимда, иш стажим йўқлиги учун менга пенсия тайинланмаслгини айтишди. Тўғриси, хафа бўлдим, хаёлимдан: “Ахир бекор ўтирганим йўқ-ку,  шароитим бўлганда ишлардим”, деган гаплар ўтди. Лекин ўзимга ҳар доимгидек: “Аллоҳ синовига шукр қилиш керак”, деб тасалли бердим.

Президентимизнинг ногиронлиги бўлган фарзандлар оналарига 55 ёшдан нафақа тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги армони  ҳаёти сабру бардошга айланган, боласини соғлом кўриш умидида ўтаётган аёллар қалбини, қадрини кўтарди. Улар фақат ўз фарзандла­рига эмас, жамиятнинг бир  аъзосига ҳам она, ҳам ҳамшира, суянчу мадорлиги эътироф этилди.

– Олтмиш ёшдаман, – дейди янгийўллик Зуҳра Мирзааҳмедова. – Умримнинг деярли ярми ногирон туғилган ўғлимга қараш билан ўтди. Аллоҳнинг меҳрибонлиги, нолимайман. Тўғриси, шу пайтгача қадрдонлар кўнглимни кўтариб келишди. Бундай тақдирнинг менга ва ўғлимга ажру мукофотлари ҳақида ўқиганларим, эшитганларим – дилимга таскин. Президентимизнинг мен каби аёлларга нафақа тайинлаш тўғрисидаги Фармонини эшитиб, кўзларимга ёш келди. Пенсияни ола бошладим, рўзғорга кўмак-да.

Хоразмлик Бибижон Бобожонова ҳам  икки ногирон ўғил онаси. Каттаси ўқишни муваффақиятли тугатиб, ишлаб турган жойида бахтсиз ҳодиса сабаб ногирон бўлиб қолди, давлат томонидан нафақа  тайинланган. Ҳозир 28 ёшга кирган ўғли эса 6 ёшидан бери ногирон. Бу камсуқум аёл барча мушфиқ-меҳрибон оналар каби фарзандининг осойишталиги, жилмайишидан таскин топади.

– Яқинда менга ҳам пенсия тайинлашди, – дейди Бибижон. – Халқ розилигини  тилаб кўп хайрли ишлар қилаётган Президентимиздан Аллоҳ рози бўлсин.

 

Вақтида мурожаат қилинг

Ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга нафақа тўланиши имтиёзидан оналар вақтида фойдаланишлари учун Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасида махсус режа ишлаб чиқилган. Республика пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари, шаҳар, туман бўлимлари ходимлари жойларда соҳадаги  янгиликлар, ислоҳотлар ҳақида суҳбатлар  ўтказишмоқда. Оналарга тушунтиришлар, амалий ёрдамлар беришмоқда.

Шу йилнинг май ойигача 1628 нафар  болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанднинг оналарига нафақа тайинланди, улардан 576 нафарига апрель ойида илк бора нафақа тўлаб берилди.

Эслатиб ўтамиз, Фармонга кўра имтиёзга эга оналарга нафақа улар 55 ёшга тўлганида тайинланади. Бунинг учун улар яшаш жойидаги пенсия жамғармаси бўлимига ариза беришлари; аризага болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси; фарзанди болаликдан ногирон деб эътироф этилганлиги тўғрисида тиббий маслаҳат комиссияси (ТМК) хулосаси ёки  тиббий меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК)нинг ногиронлик тўғрисидаги маълумотномасидан тегишли қисми илова қилинади. Пенсия тайинлаш муддати оналарнинг  ариза топширган кунларидан эътиборга олинади.

Даврон ПОЗИЛОВ

Молия вазирлиги ҳузуридаги  бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассиси