Мақолалар

“Қил қаноатни шиор…”

Чоп этилди Sentabr 26, 2019 “Қил қаноатни шиор…”da fikr bildirishni o'chirish

Шоир, таржимон, тарихнавис ва давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли – Огаҳий мумтоз адабиётимиз тарихида Алишер Навоий ҳазратларидан кейин энг сара ва салмоқли мерос қолдирган ижод соҳиби сифатида эътироф этилади. Огаҳий шеърияти мазмун-моҳияти, бадиий юксаклиги билан назм ихлосмандлари муҳаббатини қозонган, халқимиз ардоғига сазовор.

Огаҳий асарлари мавзу доираси ранг-баранг, унда ҳаётнинг барча жабҳалари кенг қамраб олинган. Ғазал, рубоий, қитъалари ва бошқа жанрлардаги асарларида кишиларни адолатли, инсофли, сабр-қаноатли, меҳр-муҳаббатли бўлишга даъват этади.

Огаҳий наздида молу мулкка ҳирс қўйиш, тамагирлик, очкўзлик инсонни қанчалик тубан этса, сабр-қаноат шу қадар азиз қилади.

 

Тангрига айлаб таваккул, қил қаноатни шиор,

Икки оламда керак бўлса агар иззат санго.

 

Жонингни жабборга бериб, топганингни емай-ичмай, хайрли ишларга сарфламай бойлик тўплаганинг билан у кимга вафо қилибдики, сенга вафо қилса, миннатли нондан ўлим афзалдир, дея уқтиради шоир:

 

Ранжлар тортиб туну кун ҳосил этсанг ганжлар,

Барчаси сендин қолиб, ҳамроҳ борур ҳасрат санго.

Бағрингга тиш беркитиб сабр айла жуъу фоқаға,

Ким, ўлум яхши егандин нон чекиб миннат санго.

 

Қаноат гўшасида хоксорликни касб қилган кишигина иззат-ҳурмат осмонига қуёш янглиғ кўтарилиши мумкин:

 

Қаноат гўшасида ҳоксор ўлмоқни одат қил,

Агар етмак тиларсан меҳр янглиғ авжи иззатға.

 

Ҳадисларда сабр-қаноат, имон-эътиқод киши қалбининг зийнати экани таъкидланган. Халқ мақолида “Сабр қилган етар муродга, бесабрлар қолар уятга”, дея бежиз айтилмаган.

Шоир давлатмандларни қўли очиқликка, хайру саховатга даъват этади. Бахил, хасис, элга нафи тегмайдиган, бировга бериш ўрнига ўзгаларнинг озгина молига ҳам кўз олайтирадиган одамларни бу оламнинг энг бадбахти, деб қоралайди.

 

Бори олам элининг шуму бадбахти ул одамдур –

Ки бухлу, хиссату, кибру ҳасад ондин бўлур воқеъ.

Агар жам айласа юз ганжи хиссат бирла Қорундек,

Яна эл молини айлар тамаъ, бўлмай анго қонеъ.

 

Огаҳий ҳазратларининг пурмаъно адабий мероси кишиларни ҳамжиҳатликка, ўзаро меҳр-оқибатли, саховатли бўлишга чорлайверади, иншоаллоҳ.

 

Бектемир ХЎЖАЕВ 

Хива шаҳар бош имом-хатиби

Отабек ИСМОИЛОВ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан