Мақолалар

Дарахт танасининг инграши

Чоп этилди Sentabr 26, 2019 Дарахт танасининг инграшиda fikr bildirishni o'chirish

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Жума кунлари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир дарахт ёки хурмо устида туриб хутба қилардилар. Бир куни ансорлардан бир киши: “Ё Расулуллоҳ! Сизга бир минбар ясаб берайликми?” деди.

– Ихтиёрларинг, – дедилар. Улар минбар ясаб бердилар. Жума куни келганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбар томон кетдилар. Шунда хурмо дарахти худди ёш бола бақиргани сингари овоз чиқарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбардан тушиб, уни қучоқладилар. У овутилаётган бола сингари инграб овоз чиқарарди».

Туфайл ибн Убай ибн Каъб отасидан ривоят қилиб деди:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у вақтларда масжид айвондан иборат бўлганида[1] ўша дарахт тўнкаси устига чиқиб хутба қилардилар. Саҳобалардан бир киши: “Ё Расулуллоҳ! Сизга бир минбар ясаб берайликми? Жума кунлари унинг устига чиқиб, хутба қиласиз ва уни одамлар эшитади”, деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, де­дилар.

Минбар қуриб битказилгач, уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган жойга қўйдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиш учун дарахт тўнкаси олдидан ўтганлари ҳамон у “оҳ” тортди ва ёрилиб, бўлиниб кетди.

Бу овозни эшитиб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбардан тушдилар ва уни қўллари билан силаб, яна минбарга чиқдилар.

Масжид бузилганида Убай ибн Каъб ўша тўнкани уйларига олиб кетди. У тўнка чириб, ёғоч қуртлари еб битирмагунча у зотнинг уйларида сақланди».

 

[1] Яъни, оддийгина, фақат соябон каби бўлганда.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм