Мақолалар

Сумома ибн Усол

Чоп этилди Sentabr 26, 2019 Сумома ибн Усолda fikr bildirishni o'chirish

Ҳижратнинг олтинчи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом сарҳадларини кенгайтириш мақсадида араб ва ажам подшоҳларига  мактуб юбордилар. Сумома ибн Усол Пайғамбаримиз алайҳиссалом мактуб йўллаган кишилардан бири эди.

Сумома жоҳилиятда Бани Ҳанифа қабиласининг энг эътиборли раисларидан бири бўлган. Бирон сўзи ерда қолмас, унга ҳеч ким қарши чиқмас эди.

Набий алайҳиссаломнинг номаларини етказишганда, уни менсимай қўлига олди. Чунки сўнгги расулга нисбатан кўнглида кибр ва нафратдан ўзга ҳис йўқ эди. Бунинг устига шайтон тинмай: “Муҳаммадни ўлдир, даъватига якун яса”, деб васваса қиларди. Ниҳоят Сумома Пайғамбар алайҳиссаломни ўлдиришни қасд қилди. Аммо ниятига етмади. Амакиси уни тўхтатиб қолди.

Сумома Умра мақсадида йўлга чиқди. Унинг хаёли Каъбани тавоф этиш, бут-санамларига қурбонлик қилиш каби ўйлар билан банд эди. Лекин Мадинага яқинлашганда Набий алайҳиссаломнинг Мадинани душман ҳужумидан қўриқлаш учун тайинланган аскарлари Сумомани асир олишди. Уни масжиднинг устунларидан бирига боғлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларини кута бошлашди.

Набий алайҳиссалом масжидга чиққанларида устунга боғланган Сумомани кўриб: “Бунинг кимлигини биласизми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ, эй Аллоҳнинг расули” деб жавоб қайтаришди.

Шунда у зот алайҳиссалом: “Бу Сумома ибн Усол Ҳанафий. Унга яхши муомалада бўлинг”, дедилар. Сўнг аҳлларига: “Сумома ибн Усолга таом беринглар”, деб буюрдилар. Эрталаб ва кечқурун туя сути бериб туришни тайинладилар. Айтганларидек қилинди. Буларнинг барчаси Набий алайҳиссаломнинг Сумома ибн Усол билан юзма-юз гаплашгунларича бўлиб ўтди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сумоманинг ёнига бордилар ва: “Нима гапинг бор, эй Сумома?” дедилар. Сумома: “Ўлдирмоқчи бўлсанг, бунга ҳаққинг бор. Қўйиб юборсанг, шукр қилувчини афв этган бўласан. Мол талаб қилмоқчи бўлсанг, хоҳлаганингча сўра”, деди.

Набий алайҳиссалом уни шу ҳолатида яна икки кун холи қолдирдилар. Ҳар куни унга турли таомлар ва туянинг янги соғилган сутидан келтириб туришди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унинг ёнига келиб, аввалги гапларни қайтардилар. Кейинги куни ҳам ораларида худди шундай суҳбат бўлиб ўтди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига юзланиб: “Сумома ибн Усолни қўйиб юборинг”, дедилар. Шу заҳоти саҳобалар унинг қўлларини ечиб юборишди. Сумома масжиддан чиқиб кетди.

Мадина атрофидаги хурмозорларга келиб, уловини чўктирди. У ердаги
сувда ювиниб покланди. Сўнг яна масжидга қайтди. Мусулмонлар тўпланган жойга келибоқ: “Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига иқрорман”, деб мусулмонлигини эълон қилди. Сўнг Набий алайҳиссаломга боқиб: “Ё Расулуллоҳ, дунёда сиздан, динингиз ва диёрингиздан кўра мен учун ёқимсизроқ нарса йўқ эди. Эндиликда сиз, динингиз ва диёрингиз ҳам мен учун энг суюклига айланди. Эй Аллоҳнинг расули, асҳобларингиздан бир қанчасининг қонини тўккан эдим. Менга қандай жазо берасиз?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ислом аввалги гуноҳларни ўчиради”, дедилар. Сумома: “Эй Аллоҳнинг расули, бундан буён фақат Ислом учун хизматимни аямайман. Мушрикларга эса катта душман бўламан”, деди. Ушбу сўзларини айтиб бўлгач, яна Набий алайҳиссаломга мурожаат этди: “Ё Расулуллоҳ, умра учун йўлга чиққандим. Энди нима қилай?” деб сўради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Умрангни охирига етказ, фақат шариат бўйича адо этасан”, деб унга умрани баён этдилар ва талбияни ўргатдилар.

Сумома ибн Усол Маккага келиб, баланд овозда “Лаббайка”ни айта бошлади. У Маккага талбия айтиб кирган илк мусулмон бўлди.

Қурайшликлар “Лаббайка”ни эшитиб, ғазаб отига минишди. Қиличларини қинидан чиқариб, овоз келаётган тарафга югуришди. Қурайшлик ёш йигитлардан бири Сумомани камондан ўққа тутмоқчи бўлиб турган эди, кимдир уни қайтариб қолди: “Ҳолингга вой бўлсин! Бунинг кимлигини биласанми? Бу Ямоманинг саййиди Сумома ибн Усол-ку? Агар бирор ёмонлик қилсанг, унинг қавми биздан озиқ-овқатни кесиб қўяди-ку?!” деди.

Қурайш халқи қиличларини қинига солгач: “Эй Сумома нима бало динингдан қайтдингми?” дейишди. Сумома: “Аксинча, энг яхши динга эргашдим, – деди. – Аллоҳга қасам. Каттангиздан тортиб кичигингизгача, Исломга кирмас экан, сизларга бир дона ҳам буғдой етиб келмайди”, деди.

Сумома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек, умрани адо этди. Бут-санамларга эмас, Аллоҳга сиғинди, сўнг юртига қайтиб кетди. У ерда Қурайшга  озиқ-овқат юборишни тўхтатиш ҳақида қавмдошларига буйруқ берди.

Иқтисодий қамал сабаб Қурайш халқи танг аҳволда қолди. Юртда очлик ҳукм сура бошлади. Улар ўлимдан қўрқиб мактуб ёзишди. Унда бундай дейилганди: “Эй Муҳаммад, сени силаи раҳм боғлайди ва шунга тарғиб этади, деб билардик. Сумома ибн Усол бизга озиқ-овқат юбормай қўйди. Унга айт, эҳтиёжимиз қадар маҳсулот билан таъминласин”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сумомага мактуб йўллаб, қамални тўхтатишини сўрадилар. Сумома у зот алайҳиссаломнинг буйруқларига лаббай, деб жавоб қайтарди. Қамални бекор қилди.

Сумома ибн Усол вафотига қадар Исломга содиқ қолди. Берган аҳдига вафо қилди. Набий алайҳиссалом вафотларидан кейин араблар диндан қайтган, алғов-далғов кунларда ҳам ўзлигини йўқотмади. Қавмидан Мусайлама каззоб чиқиб, инсонларни йўлдан оздираётган вақтда мусулмонларни Аллоҳнинг динида собит туришга, фитналарга алданмасликка чақирди. У: “Эй қавмим, бу ёлғончи, бадбахт Мусайламага эргашманг! Шуни билингки, икки набий бир вақтда  бўлмайди. Муҳаммад Аллоҳнинг сўнгги расулидир”, деди. Сўнг Ғофир сурасининг аввалги уч  оятини тиловат қилиб: “Аллоҳнинг Каломи ва Мусайлама каззобнинг сўзини солиштириб кўринг”, деб Мусайламанинг пайғамбарлик даъво қилаётган олди-қочди шеърларини ўқиб берди.

Сумома ибн Усол динида собит қолган мусулмонлар билан бирлашиб, Аллоҳ йўлида, унинг сўзи олий бўлиши учун Мусайлама ва муртадларга қарши жанглар олиб борди.

Аллоҳ Сумома ибн Усолни энг яхши мукофотлар билан мукофотласин.

Манбалар асосида Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан