Мақолалар

Ансорларда туғилган илк чақалоқ

Чоп этилди Sentabr 27, 2019 Ансорларда туғилган илк чақалоқda fikr bildirishni o'chirish

Кўпинча ҳаётимиз қандай якун топиши, амалларимиз охират сармояси учун етарли ёки етмаслигидан хабарсиз ҳолда ўзимизни хотиржам ҳис этамиз. Оз яхшиликни кўп санаб, ўзимизга таскин берамиз.

Галдаги қаҳрамонимиз туғилган кунининг ўзидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам­­дан: “У гўзал ҳаёт кечиради, шаҳид бўлади ва жаннатга киради”, башоратини олди. Шундай бўлса-да, эл қатори тинч, осойишта ҳаёт кечирмади. Балки қилган барча яхшилигини, эгаллаган ҳар бир илмини оз санади. Сўнгги нафасигача ҳақиқий солиҳ банда бўлиш йўлида жонбозлик кўрсатди.

Нўъмон ибн Башир ибн Саълаба. Бир қавл­­да: Ибн Саъд Ансорий Хазражий Бадрий. Куняси Абу Абдуллоҳ. Отаси: Башир розиял­лоҳу анҳу “Сақифа куни” Абу Бакр розияллоҳу анҳуга биринчилардан байъат қилган. Ақаба байъати, Бадр, Уҳуд ва Хандақда қатнашган улуғ саҳобийлардан. Онаси: Амро бинти Равоҳа розияллоҳу анҳо, улуғ саҳобий Аб­дуллоҳ ибн Равоҳанинг синглисидир.

Қиссамиз қаҳрамони Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан саккиз йил олдин туғилди. Кўпчиликнинг айтишича: “Набий алайҳиссалом ҳижратларининг иккинчи йили, яъни Мадинага келганларидан ўн тўрт ой ўтиб, рабиус соний ойида Нўъмон ҳамда Абдуллоҳ ибн Зубайр дунёга келган”.

Язид ибн Нўъмон ибн Башир отасининг бундай деганини эслайди: «Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан сўнг ансорларда туғилган энг биринчи чақалоқ мен бўлганман. Ўшанда онам мени кўтариб Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига олиб келди. У зот алайҳиссалом танглайимни хурмо билан кўтарганларида тамшанган эканман. Буни кўриб, Набий алайҳиссалом: “Ансорий-да, хурмони яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар».

Яна ривоят қилинадики, Амро Пайғамбари­миз алайҳиссаломдан: “Ё Расулуллоҳ! Боламни моли ва фарзандлари кўп бўлишини тилаб, дуо қилсангиз”, деб сўраган. Шундан сўнг Набий алайҳиссалом: “Тоғасига ўхшаб ҳаёт кечириши сени рози қилмайдими? У гўзал ҳаёт кечиради, шаҳид бўлади ва жаннатга киради”, деб хушхабар берганлар.

Муҳаммад ибн Солиҳ айтади: «Амро гўдаги туғилганидан етти кун ўтиб, уни Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига олиб келган. Чақалоқнинг сочи олинмаган эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом буни шундоқ қолдиришни истамадилар ва “Сочини олинг”, деб буюрдилар. Айтганлари бўлганидан сўнг гўдакка барака тиладилар ва: “Битта қўй сўйиб, ақиқа қилинглар”, дедилар. Бу воқеа ҳижратдан ўн тўрт ой ўтиб, рабиус соний ойи­да бўлганди».

Нўъмон ибн Башир бундай эслайди: “Отам мени Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига етаклаб борди ва: “Эй Аллоҳнинг расули, сизни гувоҳ қилиб айтаман, мен Нўъмонга буни, буни бердим”, деди. “Ҳамма болаларингга бердингми?” деб сўрадилар. Отам: “Йўқ”, дегач, у зот алайҳиссалом: “Мендан бошқани гувоҳ қил!” деб айтдилар. Сўнгра: “Уларнинг яхшиликда баробар бўлишлари сени хурсанд қилмайдими?” дедилар. “Хурсанд қилади”, деди. “Ундоқ бўлса, айтганингдай қилма!” деб насиҳат бердилар.

Нўъмон ибн Башир яна бундай эслайди: «Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам­­га Тоиф узумидан ҳадя қилинди. У зот алай­ҳиссалом менга: “Мана бу узумни онангга олиб бор”, дедилар. Мен узумни онамга олиб боришдан олдин еб тугатдим. Кеч кирганда Набий алайҳиссалом: “Узумни обордингми?” деб сўрадилар. Мен: “Йўқ”, дегандим, у зот алайҳиссалом: “Эй (жажжи) ғодир (хиёнаткор)”, деб қўйдилар».

Нўъмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар ривоят қилди. Улардан бирини зикр қилиб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда эдик. Бир одам туясига мингашиб ухлаб қолди. Бошқа киши келиб унинг камонидан ўқ олди. Ухлаётган одам чўчиб уйғониб кетди. Буни кўрган Набий алайҳиссалом: “Мусулмонга бошқа бир мусулмонни қўрқитиш ҳалол бўлмайди”, деб танбеҳ бердилар.

Нўъмон яна бундай эслайди: «Набий алай­ҳиссаломнинг мана бундай деганларини эшитганман: «У зот алайҳиссалом: “Албатта, ҳалол – очиқ-равшан. Албатта, ҳаром – очиқ-равшан. У иккаласининг ўртасида шубҳали нарсалар бўлиб, уни кўп инсонлар билмайди. Кимки шубҳадан тақво қилса, дини ва обрўсини сақлабди. Кимки шубҳага тушса, ҳаромга йўлиқибди. Амал қилувчи қўриқхона атрофига бориб, унинг ичига кириб қолиши мумкин. Ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бор. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўриқхонаси У ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса, жасаднинг барчаси ислоҳ бўлади. Агар у фасод бўлса, жасаднинг барчаси фасод бўлади. У ҳам бўлса қалбдир”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

* * *

Пайғамбаримиз алайҳис­салом дуо қилган­ларидек, Нўъмон ибн Башир ба­ракали умр кечирди. Аб­дуллоҳ, Муҳаммад, Ама­тал­лоҳ, Ҳабиба, Язид, Абон, Умму Абон, Валид, Яҳё, Ба­шир, Ҳамида, Ғомра исмли фарзандларга оталик қилди.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жами 124 та ҳадис ри­воят қилди.

Нўъмон олган билимларига фақат ўзи эгалик қилишни истамади, ўғли Муҳаммад ва Башир, Шаъбий, Ҳамид ибн Абдурраҳмон Зуҳрий, Абу Саллом Мамтур, Саммок ибн Ҳарб, Солим ибн Абу Жаъд, Абу Қалоба, Абу Исҳоқ Сабиий, Абдулмалик ибн Умайр, Урва ва бошқаларга ҳадисларни ривоят қилиб берди.

* * *

Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотла­ридан сўнг ҳам Нўъмон у зотнинг издошла­рига эргашди. Усмон ибн Аффон розиял­лоҳу анҳу вафотидан сўнг Сиффин урушида Муовия билан қатнашди.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Муо­вия даврида Куфада волийлик қилди. Кейин­чалик Дамашқда қози бўлди. Яман, Куфа, Ҳимс ша­ҳарларида амирлик қилди.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Ҳимс диёрида ҳижратнинг 65-йили “Маржураҳт” воқеасида шаҳид бўлди.

Мунибахон ЖАЛОЛИДДИН қизи,

 «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти битирувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан