Мақолалар

Илмсизлик ҳар кун панд берар

Чоп этилди Sentabr 27, 2019 Илмсизлик ҳар кун панд берарda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти). Донолар: “Бешикдан то қабргача илм ўрган”, “Илмсиз инсон – мевасиз дарахт”, дейди.

Аллоҳ раҳматига олсин, ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф айтганларидай: “Ҳозирги пайтда ота-оналар қизлари учун устоз ёллаб бир неча кун мобайнида катта пуллар эвазига никоҳ оқшомида куёв билан беш дақиқа тушилажак рақсни ўргатишяпти-ю, аммо бир умр керак бўладиган турмуш таж-
рибаларини, оила синоатларини ўргатишга ҳафсала қилишмаяпти. Оқибатда ширин орзулар билан қурилган кўплаб оилалар келинларимизнинг уқувсизли-
ги, рўзғор юмушларини билмаслиги, эпсизлиги, куёв билан муроса қилиш йўл­ларини тополмаслиги туфайли тезда бузилиб кетяпти”.

Илмсизлик ҳар куни панд беради. Яқинда бир оила ёлғиз қизини турмушга узатди. Куёв илмли, келишган, ақлли эканидан қиз ва унинг ота-онаси жуда хурсанд бўлди. Тўй чиройли ўтиб, одатий турмуш бошланди-ю… Келин эри-нинг оппоқ кўйлагини ранги чиқади-ган нарсаларга аралаштириб ювиб қўйиб, дастлабки кунлардаёқ илк танбеҳни эшитди. Ош-овқатдан тухумни қайнатиб ё қовуриб пиширишни биларкан, холос. Ҳатто ҳар куни хоналарни шамоллатиш, чангини артиш, узилган тугмани қадаш, гулларга сув қуйиш, ҳовли супуриш, дазмол босиш каби энг  оддий юмушларда ҳам уқувсиз экан. Куёвнинг маслаҳатлари, талабларидан кейин узр сўраш ўрнига қовоқ-тумшуқ қилиб, гап қайтаради, аразлайди. Ширин хаёллар билан юрган қудалар икки ёшни йўлга солишолмади, оила вайрон бўлди…

Ёш қизларга ниҳоятда керакли, ўрганмасликнинг асло иложи бўлмаган фан қўл ҳунарларидир. Қўл ҳунарларига уста бўлган аёлнинг моҳирлиги, чапдастлигига тадбиркорлик қўшилса, нур устига нур. “Аёлнинг ватани – уй; бахти – оила, фарзанд, илму маърифат; фақирликка қарши қуроли – игна билан қайчи”, деб бежиз айтилмаган.

Маҳфузахон исмли аёлнинг эри бир неча йиллар олдин ишлаш ниятида чет мамлакатга кетганди. Тўрт нафар ёш бола билан қолган она бекор ўтирмай қўшни қиздан тикувчиликни ўрганди. Бир йил ўтар-ўтмас умр йўлдоши бахтсиз ҳодиса сабабли оламдан ўтди. Аёл фарзандларини тикувчилик ҳунари ортидан боқди. Ўғил-қизларини яхши тарбиялади. Улар мактабни муваффақиятли тугатиб, олий таълим даргоҳларига давлат гранти асосида ўқишга киришди. Касбу кор эгалари бўлишди. Яқинда оналарини умра зиёратига юборишди.

Қўл меҳнатига уқувсиз аёл хонадонида кийим-кечак, матолар исрофи ва бунинг оқибатида келиб чиқадиган норозиликлар ҳам кўп бўлади. Эпли аёл эс­кирган ёки кийилмайдиган либослардан кўрпа-тўшаклар, чойнакпўш, қозонушлагич каби нарсалар тикиб олади. Катта фарзандларининг кийимларини кичкиналарига мос­лаб қайта тикиб беради. Бир қайнона кўчага чиқиндиларни олиб чиқиб кетаётган келинининг қўлидаги тугунчада нима борлигини сўраса, “Модаси эскирган кўй­лакларим. Киймайман барибир”, деб жавоб берибди. “Тугунни очиб қарасам, бус-бутун, чиройли матодан тикилган кийимлар, – дейди ўша қайнона. – Ота-онасининг пулига келганда, жони ачимайди. Жаҳлимни босдим. Келинни олдимга ўтқазиб, исроф касри, зарарларини гапирдим. Кейин ҳалиги кийимлардан иккаламиз ошхонада иш­латиладиган бирмунча нар­салар тикдик”.

Ачинарлиси, турмушга узатилган қизларнинг дори-дармон, озиқ-овқат, кескир тиғли буюмларни ўрнида, тўғри сақлашни билмаслиги боис фожиали воқеалар юз бермоқда.

Беш йил фарзанд кутган ёш оила, ниҳоят, Аллоҳнинг инояти билан қизчали бўлади. Бир ярим ёшли қизалоқ кутилмаганда ҳолсизланиб, қусиб, онасини
ҳам эммай қўяди. Бу ҳолатдан эр ҳайрон, хотин эса: “Юрибди-ку, яхши бўлиб қолади”, деб парво қилмайди. Кун ўтади. Шу орада қайнонанинг қон босими кўтарилиб, дорисини ичмоқчи бўлади, лекин қўйилган жойдан тополмайди. Яхшилаб қарашса, ўттиз донага яқин  дорининг ярми ерда сочилиб ётган экан. Боланинг тамоман ҳолдан кетиб, танаси сувсизланиб ётиб қолгани сабаби  аён бўлади: у ўн бештасини еб қўйган экан. Жуда оғир аҳволда шифохонага олиб келинган қизчанинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмади.

Пичоқ, қайчи, айрим электр асбоблари каби хавфли нарсаларни бола қўли етмайдиган жойга қўймасликнинг қандай оқибатларга олиб келишини билимли инсон яхши англайди. Яқинда беш яшар бола қирқ фоиз куйиш билан ногирон бўлиб қолди. Сабаби: онаси электр асбобида сув қайнатиб, оёқ остида қолдирган сувли челакни ўзининг устидан ағдариб юборган.

Унутмайлик, ҳар бир диёнатли, имон-эътиқодли эр туғилажак фарзандининг, оқил, солиҳ, элу юрт корига ярайдиган инсон бўлишини кўп жиҳатдан онага боғлиқлигини яхши тушунади. Илм, тақво, имон-эътиқод, ҳунар бобида пешқадам келинлар ҳамиша ардоқда, суюкли бўлади.

Хосият ҚОСИМОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакиллигининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан