Мақолалар

Гуноҳлардан четлан

Чоп этилди Sentabr 27, 2019 Гуноҳлардан четланda fikr bildirishni o'chirish

Ушбу муҳим масала ҳақида тўхталишдан олдин қуйидаги бир ривоятни келтирмоқчимиз. Шояд у сизнинг Аллоҳ таолога янада итоатлироқ ва Унга исён қилишдан узоқроқ туришингизга сабаб бўлса. Чунки инсон одатда яшаб ўтилган ҳаётий воқеалардан кўпроқ таъсирланади, ибрат олади.

Ривоят қилишларича, Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига бир киши келди. Ҳаммага маълум, у зот қалб касалликлари бўйича ҳассос табиб­ эди. Келган киши устозга:

– Мен ўз нафсимга ҳаддан зиёда эрк бериб юбордим. Нафсимни жиловлаб қўядиган бир нарсани менга ўргатинг, деди. Иброҳим ибн Адҳам унга:

– Агар ушбу беш ишга қодир бўлсанг ва уларни бажара олсанг, асло осийлардан бўлмайсан, – деди. У киши:

– Бор нарсани айтинг, эй Иброҳим, – деди. Чунки у устознинг мавъизасини эшитишга интиқ эди.

Шунда устоз унга деди:

– Биринчиси, агар Аллоҳ таолога осийлик ҳисобланган бирор ишни қилмоқчи бўлсанг, У берган ризқдан бирор нарса емагин.

Бу гапдан у киши ҳайрон бўлди ва деди:

– Нима учун бу гапни гапиряпсиз, ахир қандай бўлишидан қатъи назар, ризқнинг барчаси Аллоҳ таоло ҳузуридан бўлади-ку.

– Шу нарсани билар экансан, У берган ризқни еб, Унга осийлик қилишинг сенга лойиқ ишми?

– Йўқ! Энди иккинчисини айтинг!

– Иккинчиси, агар Аллоҳ таолога осийлик ҳисобланган бирор ишни қилмоқчи бўлсанг, Унинг юртларида яшамагин.

Киши бу гапдан аввалгидан ҳам кўпроқ ажабланди ва деди:

– Нима учун бу гапни гапиряпсиз, ахир юртларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг мулки-ку?!

– Шу нарсани билар экансан, Унинг юртида яшаб туриб, Унга осийлик қилишинг тўғрими?

– Йўқ, эй Иброҳим! Энди учинчисини айтинг!

– Агар Аллоҳ таолога осийлик ҳисобланган бирор ишни қилмоқчи бўлсанг, Аллоҳ таоло сени кўрмайдиган бир жойга бор-да, ўша жойда маъсият қил.

– Бу гапни нима учун айтяпсиз, эй Иброҳим? Ахир Аллоҳ таоло ҳар қандай сирни ҳам билади-ку. “У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билади”. Зулматли тунда қоя устида юраётган чумолининг оёқ товушларини ҳам эшитади.

– Бу нарсаларни билар экансан, У зотга осийлик қилишинг тўғрими?

– Йўқ, эй Иброҳим! Энди тўртинчисини айтинг!

– Тўртинчиси, агар ўлим фариштаси олдингга келиб, жонингни олмоқчи бўлса, унга: “Менга бир оз муҳлат бергин”, деб айт.

– Эй Иброҳим, нега бу гапни гапиряпсиз? Аллоҳ таоло: “Ҳар бир умматга (жазо учун) муҳлат (белгиланган). Қачонки, уларнинг муҳлати келар экан, (уни) бирор соат кечга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), деган-ку?!

– Бу нарсани билар экансан, қандай қилиб нажот топишдан умидвор бўласан?

– Тўғри айтдингиз, эй Иброҳим! Энди бешинчисини хабар қилинг!

– “Забониялар” (дўзахдаги азобловчи фаришталар) олдингга келиб, сени жаҳаннамга олиб кетмоқчи бўлишганида, улар билан бирга бормагин.

У киши ушбу бешинчи ишни эшитар-эшитмас, йиғи билан деди:

– Етар, эй Иброҳим! Мен Аллоҳ таолога истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан.

Ривоят қилишларича, у одам ҳаётининг охиригача ибодатни ўзига лозим тутди ва маъсиятлардан йироқ бўлди.

Бир инсон Иброҳим Адҳамнинг таъсирли сўзларини эшитиб, Аллоҳ таолога ўзининг чин тавбасини изҳор қилдими, барчамиз ҳам аслида ўша кимсадек насиҳатга муҳтожмиз, Аллоҳ таолодан беҳожат бўлолмаймиз. Агар Аллоҳ таоло қайси бир кимсадан юз ўгирса, шубҳасиз, у ҳалокатга юз тутади, дунё ва охирати вайрон бўлади.

Аллоҳ таолога осий бўлишни қандай тасаввур қилиш мумкин? Ахир “Бизни (тўғри) йўлларимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмайлик?!”(Иброҳим, 12). У биздаги барча неъматларнинг эгасидир. У айтади: “Сизларда қайси бир неъмат бор бўлса, албатта, у Аллоҳдандир” (Наҳл, 53). У Зот яна айтади: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз” (Наҳл, 18). Шунинг учун ҳам Унинг буйруқларига итоат этиш, қайтарган гуноҳлардан узоқ бўлиш лозимдир. Шундагина қулликнинг ҳақиқати рўёбга чиқади, бандадан талаб қилинган итоаткорлик камолига етади. Акс ҳолда, бандалик тушунчасининг маъноси қолмайди. Шоирнинг сўзида ушбу маъно ойдек равшан ифодаланган:

 

Илоҳга муҳаббатингни изҳор этиб, яна унга осийлик қиласанми?!

Агар муҳаббатинг чин эса, унга итоат қилардинг.

Қасамки, бу қилмишинг жуда ажабланарлидир.

Чунки севган одам севганига итоатгўй бўлади.

 

Ўзимиз Аллоҳ таолога муҳтож бўлсаг-у, нега Унга итоат қилмаслигимиз керак?! У зотнинг бизга ҳам, қилаётган ибодатларимизга ҳам ҳеч қандай муҳтожлиги йўқ. Қилмишларимизнинг барчаси ё фойдамизга ёки зараримизга бўлиши аниқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло айтади: “Кимки яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса ҳам ўз зиёнигадир” (Фуссилат, 46). Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим, агар сизларнинг аввалу охирингиз, инсу жинларингиз ичингиздаги энг тақводор кишидек (пок) қалб эгаси бўлсалар, бу нарса менинг мулкимда бирор нарсани зиё­да қилмайди. Агар сизларнинг аввалу охирингиз, инсу жинларингиз ичингиздаги энг фожир кишидек (ёмон) қалб эгаси бўлсалар, бу нарса менинг мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди”.

Шунинг учун ҳам агар Аллоҳ таоло доимо биз билан бирга бўлишини хоҳласак, ўзимиз У зотга қайтишимиз, Унга берган ваъдаларимизни яна бир бор қайта эсга олишимиз лозим. Шундагина Аллоҳ таоло бизга Ўз нусратини ато этиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотнинг асҳоблари ҳам Аллоҳ тао­лога илтижо қилиш, барча ишларини унинг Ўзигагина топшириш ортидан нусратга эришганлар, Аллоҳ таолонинг уларга ато этган фазлу марҳамати чексиз бўлган.

Ушбу ҳақиқатларни янада яхшироқ тушунишимиз учун ҳадиси қудсийда келган ушбу муборак сўзларни ўқишимиз­нинг ўзи етарлидир: “Эй бандаларим, Мен сизларга Ўз неъматларимни тўкис қилиб бердим. Шариатим ҳукмларини билишингиз учун сизларга элчилар юбордим. Мен беҳожат карамли Зот бўлсам, нега Мендан юз ўгирасиз. Иззатим ва Жалолимга қасамки, агар сизлар Менга итоат қилсаларингиз, душманингиз устидан сизларга нусрат бераман, машаққатли пайтларингизда ёрдам истасангиз, ёрдам бераман, бирор нарса сўрасангиз, сизларга яқин бўлиб, сўровингизга жавоб қиламан. Бироқ Менга осийлик қилсангиз, сизлардан юз ўгираман. Натижада, сизлар хорлик ва аламли азоб остида қоласиз”.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм