Мақолалар

Хотира: ЗАМОНАСИДАН ЎЗГАН АДИБ

Чоп этилди Yanvar 21, 2019 No Comments

Беназир адиб Чингиз Айтматовдан ажойиб роман, қисса ва ҳикоялар қолди. Улар дунёнинг қайси тили (157 тилга таржима қилинган)да, ким томонидан мутолаа қилинмасин, ўқувчига некбин ҳислар улашади, тафаккур қилишга ундайди. Ёзувчи асарлари (айниқса, “Охир замон нишоналари”)ни ўқиганда хаёлга у замонасидан ўзиб кетмаганмикан, деган савол келади.

Бундан ўн йил муқаддам мухлислари учун унинг вафотини эшитиш қийин кечди, албатта. Дунё адабиётидан бир тоғ қулади, бир юлдуз сўнди. Лекин буюк ёзувчи “Она тупроқ” романида ҳар ким кун келиб бу фоний дунёни ёлғиз тарк этишини она образида аниқ ифодалаб берган.

Чингиз Айтматов асарларини ўқиган киши унинг сўнгги юз йилдаги энг буюк ёзувчилардан бири эканига шубҳа қилмайди. Адиб асарлари тили равонлиги, образлари мукаммаллиги, воқеалар ривожининг изчиллиги, афсона ва ҳикоялар ўз ўрнида ишлатилгани билан қадрлидир. Мутолаа чоғида беихтиёр Помир тоғларида кезиб, Тяньшан тоғларига чиқиб, “Сарви бўйлим, жигарбандим”га ошиқ, “Жамила ва Дониёр”нинг драматик севгисига маҳзун бўлиб, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”га титраймиз, “Алвидо, Гулсара”га исён қиламиз. “Асрга татигулик кун”ни ўқиб Манқурт ҳикоясини, Найман она афсонасини ёдламаган, Райимали оға азоб-уқубатларига шерик бўлмаган китобхон топилармикин?! “Эрта келган турналар” хабари, “Қизил олма” ҳикоясидаги она ва ўғил висоли, миллат ҳасрати, жудоликнинг чидаб бўлмас азоблари олдида ҳайқирмаган ким бор?! “Биринчи муаллим” билан ҳуқуқи поймол қилинган ўқувчи — Олтинойни деб таёқ ейишга тайёр бўламиз. “Оқ кема”га келганда ўзимизни унга отамиз…

Адиб “Кассандра тамғаси” орқали башариятни “ахлоқий буҳронлар”дан огоҳ этса, “Асрга татигулик кун”да манқуртга айланган, онасини отиб ташлашгача борадиган нотавонларга Найман она тилидан насиҳат қилади: “Отингни унутма! Отангни унутма, ўғлим!…

Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида ёзган асари “Тоғлар қулаганда” эди: “Тоғларнинг йиқилиши не демак? Ким кўрибди уларни?” Унинг бу сатрлари Қуръони каримнинг: “…тоғлар (қумлар каби) сочилгач…” (Мурсалот сураси, 10-оят) ва  “…тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида…”, (Таквир сураси, 3-оят) оятларини эслатади. “Тоғлар текисликларга нисбатан яна ҳам ҳур ва яна ҳам чуқур тафаккур қилинадиган жойлардир”, дейилади асарда…

Дарҳақиқат, шундай. Улуғ Аллоҳ Мусога Тур тоғида, Исога Табур тоғида, ҳақиқат намояндаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Нур тоғида ваҳийлар юборган.

Сўнгги асарда яна бир савол бор:  “Дунё ўрнидами?”. Ҳа, лекин дунёдан улкан тоғ кетди… бир юлдуз сўнди… Аллоҳ охиратини обод қилсин.

 

Толибжон НИЗОМОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan