Мақолалар

Дунё ва охират саодати нимада?

Чоп этилди Sentabr 28, 2019 Дунё ва охират саодати нимада?da fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Набий алайҳиссаломга: “Менга насиҳат қилинг”, деди. Набий алайҳиссалом: “Ғазаб қилма!” дедилар. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ғазаб қилма!” дедилар». (Имом Бухорий ривояти).

Саҳоба жаннатга кириш учун бундан-да аниқроқ кўрсатма олмоқчи бўлди. Бироқ у ҳар гал “Насиҳат қилинг”, деганида, “Ғазаб қилма!” насиҳатини эшитди. Бу ибора ҳақиқатда ҳам яхшиликка дахлдор, ёмонликка тўсиқдир.

Жаннатдан умидвор ҳар бир мўмин ўзини ғазаб ҳукмига топшириб қўймаслиги керак. Чунки бу иллатга берилиб ҳаром ишларга қўл уриши мумкин. Ғазабни ютиш ҳамда авф этиш тақводор ва комил имонлиларнинг сифати. Бунинг учун эса улуғ мукофот бор: “Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 133–134-оятлар).

Ғазабга тез берилувчи кишилар гарчи соғлом ва бақувват бўлишса-да, заиф ҳисобланишади. Ушбу ҳақиқатни ҳадиси шариф баён этган: “Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ғазаб инсонга жисмий, моддий, хулқий, маънавий, руҳий, диний йўқотишлар каби зарарларни етказади. Жаҳлга минган кишининг ранги ўзгаради, қони қайнайди, томирлари бўртади, бармоқлари қалтирай бошлайди. Ҳаракатларидан маъно кетиб, оғзидан ҳақоратли сўзлар чиқа бошлайди. Баъзан куфр сўзларни ҳам айтиб юбориши мумкин. Устига-устак, унинг жоҳилона хатти-ҳаракати туфайли молу жонига зиён-заҳмат етади.

Ғазаб қалбларда нафрат уйғотади, ўзгалар мусибатидан қувонтиради. Натижада одамлар орасига зулм оралайди. Яқинлар, ёру дўст ораси бузилади. Ҳаёт издан чиқади.

Киши ғазаб устида қилган ишига ҳам жавоб беради. Масалан, бировнинг нарсасига зиён етказиб қўйса, тўлайди. Ғазаб пайтида бир жонни қасддан ўлдирса, қонун олдида жавоб беради. Оғзидан куфр калимаси чиқса, муртад, яъни диндан қайтган бўлади. Ичган қасами ҳам ўтади. Яъни дарғазаблик унинг учун узр бўлолмайди.

Ғазабланиш ҳар бир инсонга хос хусусият. Мана шундан келиб чиқиб, уламоларимиз Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ғазаб қилма” деган сўзлари билан ғазабланишдан, айниқса  ана шу ҳолатга олиб борадиган сабаблардан ҳам сақланишга буюрганлар, деб изоҳлашади. Шу боис ҳам ҳақиқий имон эгаси ғазабни қўзғовчи сабаблардан йироқ юради, уни муолажа этиш учун ёқимсиз феъл-атворлардан ўзини сақлайди.

Ғазабни келтириб чиқарувчи омиллар жуда кўп ва хилма-хил. Кибр, ортиқча ҳазил-мазахлар, талашиб-тортишиш, бировларнинг ишига ўринсиз аралашиш, мол-мулк, мансаб, обрў ортидан қувиш кабилар шулар жумласидан.

Мўмин ушбу иллатдан қутулиш учун сабр, мулойимлик, собитлик, оғир-босиқлик каби гўзал ахлоқларни ўзида шакллантиради. «Зайд ибн Саъна мусулмон бўлишидан олдин Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб, жуда қўполлик билан қарзини сўрайди. Ҳолбуки, қарз муддати ҳали битмаган эди. Зайд мана шу ерда нубувват сифатини кўрди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳалимликлари ғазабларидан устун турарди. Жоҳилнинг жаҳли-ғазаби у зотнинг ҳалимликларини оширарди, холос. Набий алайҳиссалом Зайдга табассум қилиб, бағрикенглик билан муомала қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса уни жеркиб ташлади. Шунда Набий алайҳиссалом Умарга ҳам, Зайдга ҳам таълим бердилар: “Эй Умар! Мен ҳам, у ҳам бошқа нарсага муҳтожроқмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга, уни эса қарзини яхшилик билан сўрашга чақиргин” (Имом Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким ва Имом Табароний ривояти).

Ғазабланган киши иложи борича ўзини тутиши, кечиримлиликни афзал билиши лозим. Ҳадиси шарифда: “Ғазаб қилишга қодир бўла туриб, ўзини босган бандани Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун халойиқ олдида чақиради ва унга истаган ҳурини танлаш ихтиёрини беради”, деб марҳамат қилинган (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти); “Аллоҳ учун ғазабини ютган банданинг ичи имон билан тўлдирилади” (Имом Аҳмад ривояти). Имом Абу Довуд ривоятида: “Аллоҳ уни омонлигу имон билан тўлдиради”, дейилган.

Ғазаби қайнаган киши биринчи навбатда: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм” деб, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин. “Агар сизни шайтоннинг шарри тутса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта У Эшитувчи, Билгувчидир” (Аъроф сураси, 199-оят).

Кейин эса ҳолатини ўзгартириши лозим. Чунки ҳадисда: “Ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин. Шунда ҳам ғазаби тарқамаса, ётиб олсин!” дейилган (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти). Чунки тик турган киши ғазабланганда бирон нарса қилиб қўйиши мумкин. Ўтирган ёки ётган киши эса бирон ножўя хатти-ҳаракат қилишдан тийилади, ҳолати бунга йўл қўймайди.

Ғазаб келганда сукут сақлаган яхши. Чунки кишининг оғзидан чиқаётган гаплар кўпинча унинг ғазабини оширади ёки афсус-надомат келтиради. Ҳадисда: “Ким ғазабланса, сукут қилсин!” деб уч бора такрорлаган (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Ғазабни сўндирадиган воситалардан яна бири таҳорат. Ғазаб ҳароратни кўтаради. Сув эса кишини совутиб, асл ҳолига қайтаради. Ҳадиси шарифда: “Билингларки, ғазаб одам боласи қалбида ёниб турган чўғдир!” дейилган (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти). Таҳорат ибодатида Аллоҳ таоло зикри мавжуд. Инсондаги ғазабни алангалатиб турувчи шайтон эса ибодат қаршисида ортга чекинади. Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Ғазаб шайтондан. Шайтон эса оловдан яралган. Агар ғазабингиз келса, таҳорат қилинг!” (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).

 

Имом Нававийнинг “Шарҳул арбаъийн” асари асосида

Фарҳод ЖЎРАЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 16-сонидан