Мақолалар

Уч ибратли воқеа

Чоп этилди Sentabr 29, 2019 Уч ибратли воқеаda fikr bildirishni o'chirish

Алҳамдулиллаҳ, етмиш беш ёшга тўлдим. Турмушнинг пасту баландини кўрдим, аччиқ-чучугини татидим. Аллоҳнинг инояти ила пенсиядан баҳраманд бўлиб, қарилик гаштини суряпман.

Баъзан тўй-маърака, йиғин ва давраларда меҳр-оқибатдан, иззат-ҳурматдан гап кетса: “Яхши одамлар камайиб кетди”, деган гаплар қулоғимга чалинади. Шунда донишманд халқимизнинг: “Ҳар ким экканини ўради”, деган мақол эсимга тушади.

Тинчлиги барқарор, эли фаровон, келажаги буюк жаннатмонанд юртимизда, Аллоҳга шукр, эзгу амаллари ибрат бўладиган, аммо ўзларини кўз-кўз қилмайдиган ҳазрати инсонлар кам эмас. Назаримда, биз ҳар нарсадан ҳикмат ахтаришимиз даркор. Турмуш чорраҳаларида яхши одамларга дуч келганимдан мамнунман.

Умрим давомида ўзим гувоҳи бўлган уч ибратли воқеани баён этаман.

  1. I. Бир муаллима бор эди. Учрашганимизда дадасини сўраб турардим. Бир гал ака-ука­лари тўрт томонга тарқаб кетгани сабаб­ли ёши саксонни қоралаган падари бузрук­ворига ўзи қараётганини айтганида, кў­зимдан ёш чиқиб кетди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо­дан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолонинг розилиги отанинг розилигига, Унинг ғазаби отанинг ғазабига боғлиқ”, деди­лар» (Имом Ҳоким ривояти).

  1. Шу йил ражаб ойи ўрталарида бир таниш шифокор оламдан ўтди. Марҳумни дафн қилиб келганимиздан сўнг яктак кийиб, белбоғ боғлаган бир йигит ёнимга келиб ўтирди. Мен у кишини марҳумнинг зурриётлариданмикин, деб ўйладим. Лекин у йигит марҳум шифокорнинг қўлида ишлаган шогирдларидан экан. Раҳмат айтиб, оқибатли шогирдга эзгулик тиладим.

 

“Шогирд агар шайхулислом, агар қозидур,

Агар устод андин розидур, Тенгри розидур”

                                       Алишер Навоий

 

III. Уйимизга яқин дўконда бир йигит оиласи билан ишлайди. У билан учрашиб турамиз. Орада бир муддат кўринмай қолди: буйраги касал экан. Барака топсин, укаси бир буйрагини берадиган бўлибди. Улар муолажани Ҳиндистонда амалга ошириб, соғ-саломат қайтишди. Кўришиб, хурсанд бўлдик. Аллоҳ оға-инини паноҳида асрасин.

Ривоят. Бир йигитнинг укаси, хотини ва ўғли айбдор бўлиб, умрбод зиндонга ташланибди. Уларни афв этишни сўраган йигитга ҳукмдор уч айбдордан бири озод қилинишини айтиб, кимни зиндондан чиқаришни йигит ихтиёрига қўйибди. Йигит: “Ота-онам вафот этган. Бошқа ини тополмайман, уйлансам, яна бола-чақали бўларман. Укамни озод қилинг”, дебди. Жавобдан мутаассир бўлган ҳукмдор айбдорларнинг барчасини озод этибди.

 

Насруллоҳ ШУКРУЛЛОҲ ўғли,

педагогика фанлари номзоди, доцент, Бухоро

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан