Мақолалар

Олти диний калима

Чоп этилди Sentabr 29, 2019 Олти диний калимаda fikr bildirishni o'chirish

Калимаи тоййиба

(Тўғри сўз)

لَا إِلٰهَ اِلاَّ اللهُ محمَّدٌ رَسُولُ اللهِ

Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир.

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”, яъни “У зотдан бошқа ибодат қилинишга ҳақли зот йўқ”, демакдир. “Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир”, яъни “Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг танлаб олган бандаси ва пайғамбарлар сўнггисидир”.

 

Калимаи шаҳодат

(Иқрор калимаси)

أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلٰهَ إِلَّا اللهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ

Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Му­ҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига иқрорман.

Изоҳ: Ушбу калимани айтиш билан ки­ши ўзининг Аллоҳ таолонинг ягоналигига ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига иқрорлигини билдиради.

 

Калимаи тавҳид

(Тавҳид калимаси)

أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلٰهَ إِلَّا اللهُ، وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ،لَهُ الْمُلْكُ، ولَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِي وَيُمِيتُ، وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ، بِيَدِهِ
الْخَيْرُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِير

Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига иқрорман. У ягона, шериги йўқдир. Барча мулк Уникидир. Мақтовлар Унгадир. Тирилтиради ва ўлдиради. У доимо тирикдир, ҳеч қачон ўл­майди. Барча яхшиликлар Унинг ихтиёридадир. У барча нарсага Қодир.

Изоҳ: “Тавҳид” сўзи луғатда якка билиш, ягоналик нисбатини бериш маъноларини англатади. Истилоҳда эса абадий барҳаёт Зотнинг яккаю ягоналигини тасдиқлаш тавҳид деб аталади. Тавҳид  Ислом динининг шиоридир.

 

Калимаи раддил куфр

(Куфрни рад этиш калимаси)

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ أَنْ أُشْرِكَ بِكَ شَيْئًا وَأَنَا أَعْلَمُ، وَأَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لَا أَعْلَمُ، إِنَّكَ أَنْتَ عَلّٰامُ الْغُيُوبِ

Ё Аллоҳ, Сендан ўзим билганим ҳолда  бирор нарсани Сенга шерик қилиб қўйишимдан асрашингни сўрайман. Билмаган ҳолимда Сенга ширк келтириб қўйсам кечиришингни сўрайман. Албатта, Сен барча яширин нарсаларни Билгувчисан.

Изоҳ: “Ширк” сўзи луғатда “шерик қилиш” маъносини англатади. Истилоҳда Аллоҳ таолонинг зотида ёки сифатларида ёхуд феълларида ё бўлмаса исмларида ёки ҳукмларида У зотга ўзгани тенг қилишга айтилади. Ширкнинг катта ва кичик турлари мавжуд.

Мазкур калимани ихлос билан такрорлаб юрган мўминга катта-кичик ширклардан халос бўлиш ваъдаси берилган.

 

Калимаи истиғфор

(Мағфират сўраш калимаси)

أَسْتَغْفِرُ اللهَ، أَسْتَغْفِرُ اللهَ، أَسْتَغْفِرُ اللهَ تَعَالَى مِنْ كُلِّ ذَنْبٍ أَذْنَبْتُهُ عَمْدًا أَوْ خَطَأً، سِرًّا أَوْ عَلَانِيَةً، وَأَتُوبُ إِلَيْهِ مِنَ الذَّنْبِ الَّذِي أَعْلَمُ، وَمِنَ الذَّنْبِ الَّذِي لَا أَعْلَمُ، إِنَّكَ أَنْتَ عَلّٰامُ الْغُيُوبِ.

Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳдан мағфират сўрайман, Аллоҳ таолодан атайлаб ё адашиб, яширин ёки ошкора қилган барча гуноҳларимни кечиришини сўрайман. Билиб ва билмай қилганим барча гуноҳлардан Унга тавба қиламан. (Ё Аллоҳ) албатта, Сен барча яширин нарсаларни Билгувчисан.

Изоҳ: Ихлос билан “Астағфируллоҳ” де­йиш Аллоҳдан мағфират сўраш ҳисобланади. Баъзи уламолар истиғфор калимасини тўлиқ айтишни афзал санаганлар.

 

Калимаи тамжид

(Улуғлаш калимаси)

سُبْحَانَ اللهِ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَاللهُ أَكْبَرُ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ الْعَلِيِّ الْعَظِيمِ، مَا شَاءَ اللهُ كَانَ، وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ

Аллоҳ барча айб-нуқсонлардан покдир. Ҳамду сано Аллоҳгадир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Аллоҳ улуғдир. Гуноҳдан қочиш, тоат қилишга куч ва қувват Қудратли ва Буюк Аллоҳнинг тавфиқи билан бўлади. Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлади, истамагани бўл­майди.

Изоҳ: Гуноҳлардан сақланиш ҳам, ибодат қилиш ҳам Парвардигор тавфиқи билан бўлади. Зеро, дунё ва охиратдаги имон-куфр, тоат-маъсият, фойда-зарар, оз-кўп, катта-кичик – ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таоло иродаси билан. Аллоҳ ирода қилган нарсани ҳеч ким рад этолмайди. Шунинг учун Парвардигордан яхши ишларга муваффақ айлашини тилаш билан бирга турли ёмонликлардан паноҳ сўраб юриш ҳам мўминнинг муҳим одобларидан ҳисобланади.

 

Имони мужмал

(Имоннинг қисқа ифодаси)

آمَنْتُ بِاللهِ كَمَا هُوَ بِاَسْمَائِهِ وَصِفَاتِهِ وَقَبِلْتُ جَمِيعَ اَحْكَامِهِ

Аллоҳга ва Унинг исм ва сифатларига  имон келтирдим ва барча ҳукмларини  қабул этдим.

Изоҳ: Кимга тавҳид илмининг нозик ма­салаларидан бирортаси мушкул келиб икки­ланиб қолса, дарҳол ушбу калиманинг маъносини кўнглидан ўтказиб, уни ихлос билан айтиши ва билмаганлари ҳақида илм эгала­ридан сўраб олиши лозим.

 

Имони муфассал

(Имоннинг батафсил ифодаси)

آمَنْتُ بِالله وَمَلآ ئِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلهِ وَالْيَوْمِ الاٰخِرِ وَالْقَدَرِ خَيرِهِ وَشَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالٰى وَالْبَعْثِ بَعْدَ الْمَوْتِ

Аллоҳга, Унинг фаришталарига, кито­ларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига, ўлгандан сўнг қайта  тирилишга имон келтирдим.

Изоҳ: Мўмин киши ана шуларга қатъий ишониши лозим.

Имом Бухорий номидаги Тошкент  ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир АБДУР РАҲИМ изоҳлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан