Ўзбекистон янгиликлари

Янги университет очилди

Чоп этилди Sentabr 24, 2019 Янги университет очилдиda fikr bildirishni o'chirish

Бугун  Тошкент шаҳридаги Амити университетининг очилиш маросими ўтказилди.

Мазкур университет Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистоннинг Амити университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Очилиш маросимида ўқишга қабул қилинган талабалар ва уларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Ҳиндистоннинг Амити университетидан меҳмонлар, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти, соҳа корхона ва ташкилотлари мутасаддилари иштирок этишди.

Тантанали маросимда таълим муассасаси президенти Атул Чаухан ҳамда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов сўзга чиқиб, олий таълим даргоҳига қабул қилинган талабаларни табриклашди. Университет ўқитувчиларига омад тилашди.

— Сизларнинг ҳар бирингизга ҳавас қиламан, — деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов талабаларга қарата. — Инсон ҳаёти давомида бир марта касб танлайди. Сизлар 30 йилдан буён энг талабгир бўлган соҳа, яъни, ахборот технологиялари, дастурлаш бўйича касбларни танлагансиз. Амити университети ташкил этилганига кўп бўлмаса-да, Осиёнинг энг кучли 300та, дунёнинг 1000та етакчи олий таълим ўқув муассасалари қаторида туради. Ораларингиздан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган   раҳбарлар, дастурлаш бўйича кучли мутахассислар чиқишига ишончим комил. Барчаларингизга омад ёр бўлсин.

Олий таълим муассасаси ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, компьютер ва дастурий инжиниринг, сунъий интеллект ва менежмент соҳаларида мутахассислар тайёрлайди. Тошкентдаги Амити университетида маҳаллий педагог-мутахассислар билан бирга ҳиндистонлик 15 нафар профессор-ўқитувчилар ҳам дарс беради.