Ўзбекистон янгиликлари

Партиялар имзо тўплашни бошлади. Депутатликка номзод кўрсатиш учун камида 40 минг имзо керак

Чоп этилди Sentabr 25, 2019 Партиялар имзо тўплашни бошлади. Депутатликка номзод кўрсатиш учун камида 40 минг имзо керакda fikr bildirishni o'chirish

 

Марказий сайлов комиссияси (МСК) 22 декабрга белгиланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловларда иштирок этадиган беш партиянинг ваколатли вакилларини 24 сентябрь куни рўйхатга олди, дея хабар бермоқда МСК матбуот хизмати.

Партияларнинг ваколатли вакиллари сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга ҳақли.

Марказий сайлов комиссияси ваколатли вакилларга уларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги гувоҳномалар ҳамда сайловчиларнинг имзоларини тўплашлари учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширган. Сайлов кодексига асосан, сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин.

Сайлов кампанияси 20 сентябрь куни старт олган. Сайловда Ўзбекистонда рўйхатга олинган беш партиянинг бари — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-демократик партия, «Адолат» социал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда Экологик партия иштирок этмоқда.