Янгиликлар

Шарқни ташвишга солаётган Ғарб хасталиги ёхуд нотўғри овқатланишнинг туғилажак фарзандга таъсири

Чоп этилди Sentabr 25, 2019 Шарқни ташвишга солаётган Ғарб хасталиги ёхуд нотўғри овқатланишнинг туғилажак фарзандга таъсириda fikr bildirishni o'chirish

 

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларининг сўзларига кўра, тўғри овқатланиш саломатлик омилидир. Овқат таркибида натрий миқдори юқорилиги, дон маҳсулотлари камлиги, оқ ундан тайёрланган маҳсулотлар истеъмоли кўплиги юрак-қон томир касалликлари келиб чиқишининг асосий сабабларидан саналади. 

Тошкентда ўтказилган «Соғлом овқатланиш – соғлом миллат» мавзусидаги илмий-амалий конференцияда ҳам айни шу масалага эътибор қаратилиб, америкалик тадқиқотчилар изланишларининг самараси бўйича маълумотлар тақдим этилди. Сўзга чиққан хорижлик олимларнинг фикрича, бир авлоднинг тўғри ёки нотўғри овқатланиши, яъни улар истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари келгуси авлоднинг соғлиғига ўз таъсирини кўрсатар экан.

– Биз узоқ йиллардан буён илмий тадқиқотлар ўтказиб келамиз, – дейди Боб ва Чарли Мур номидаги овқатланиш ва саломатлик институти директори, доктор Кент Торнбург. – Изланишларимиз натижалари ўзимизни ҳам лол қолдирди. Буни қарангки, ҳомиладор аёллар тўғри овқатланиш орқали ҳомила ривожланаётган пайтда унинг генини ҳам ўзгартириб юбориши мумкин экан. Нотўғри овқатланишдан ташқари жуда кўп омиллар ҳомила ривожланишига таъсир ўтказади. Бу экология, стресс ҳолатлар, фойдали микроэлементларнинг етишмовчилиги, йод танқислиги, турли токсинлар ва ҳоказо. Америка Қўшма Штатларида ҳам сўнгги вақтларда ўн тўрт ёшгача бўлган болалар орасида қандли диабет ва ортиқча вазн, қон босимининг юқорилаб кетиши хасталиклари кўп учрамоқда. Авваллари бу касалликлар «Ғарб хасталиклари» дея қаралган бўлса, бугунги кунда бу муаммо Шарқ ва Ғарб мамлакатларини бирдек ташвишга солмоқда. Биз биргаликда мазкур касалликларни келтириб чиқарувчи сабабларни ўз вақтида аниқлаб, зудлик билан чора-тадбирлар кўришимиз шарт, деб ўйлайман.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ҳамда Орегон саломатлик ва фан университети томонидан ташкил этилган анжуман доирасида британиялик машҳур диетолог ва шифокор Дэвид Баркернинг «Она қорнидаги ҳомила озиқланиши» номли китоби тақдимотига ҳам ўрин берилди. Айни мавзу билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар, далиллар, илмий ишланмалар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

– Соғлом онадан соғлом бола туғилади, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор, диетолог Гули Шайхова. – Анжуманда соғлом авлодни шакллантиришда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам сўз борди. Давлатимиз раҳбарининг айни масалага муҳим эътибор қаратаётгани хорижлик ҳамкасбларимизда катта қизиқиш уйғотди ҳамда ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш нияти борлигини билдиришди. Бундай ҳамкорлик натижалари биз учун ҳам муҳим. Чунки, оналар саломатлиги келгуси авлоднинг соғлиғи дегани.

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА