Мақолалар

Одамни нима қутқаради?

Чоп этилди Sentabr 25, 2019 Одамни нима қутқаради?da fikr bildirishni o'chirish

 

 

 

Адабиётшунос олим, таржимон, адиб Иброҳим ҒАФУРОВ билан суҳбат

 

Азалдан Шарқ фалсафаси, маънавияти Ғарб мутафаккирларининг алоҳида эътиборида, эъзозида бўлиб келган. Дейлик, Гёте “Ғарбу Шарқ девони”да шундай ёзади:

 

“Ўзгани таниган, ўзига қараб,

Бу ерда ҳам бир якунга келмаса бўлмас.

 

Шарқ ила Ғарб

Энди бир-биридан айрилмас.

Икки дунё оралиғида

Керак дейман ўйлаб қадам босишимиз.

 

Яъни Шарқу Ғарб орасида

Яхши бўлмоғи шарт ҳар бир ишимиз”.

Замондошимиз, бразилиялик адиб К.Пауло эса тўғридан-тўғри “Нажот – Шарқдан” дейди. Шарқ ва Ғарб дунё мувозанатини ушлаб турган икки қутб. Сиз адабиётда, маънавиятда Шарқнинг Ғарбга таъсирини қандай баҳолаган бўлардингиз?

 

– XVII аср аввалидан бошлаб Ғарбда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маиший ҳаётда капитализм тузуми ҳукмрон кучга айланди. XII-XV асрлар Европа Ренессанси шу ерга келиб тугади ва капитал етакчилигида Янги давр деб аталадиган замон ва унинг ҳар нарсага қодир қонун-қоидалари, тамойиллари инсоният жамиятларининг барча томонларини қамраб, ўз исканжасига олди. Иқтисодиёт, илм-фан, техника, санъат, шаҳарсозлик, йўлсозлик, кемасозлик, темир йўл, ихтиролар, кашфиётлар мислсиз тараққиёт йўлига кирди. Булар бари асосан Ғарбий Европада – Италия, Франция, Германия, Испания, Англия, Нидерландия каби мамлакатларда кенг миқёсда рўй берди. Ғарбни эркинлик, демократия, инсон эрки, рационализм, капитал ғоясига асосланган тафаккур тинимсиз, тўхтовсиз ларзага солиб турди. Ғарб шу алламбало ижтимоий, иқтисодий ларзалар ичида ўсди. Унинг бу оламшумул силкинишлари асло тор доирада – Ғарбий Европа доирасида қолиб кетолмас эди. Унинг силкинишлари туганмас зилзила каби бутун оламга, бутун Шарққа – Хитой, Ҳиндистон, Япония, Корея, Австралия, Индонезияга ёйилди, Американи ҳам ўз плацдармига айлантирди. Россияда империячилик, улуғ давлатчилик ғояларини икки бошли шоҳбоз бургут мисоли парвозга отлантирди. У капитализм ғоялари билан тезкор қуролланиб, шитоб билан Тинч океанигача чиқди. Мана шу оламшумул жараёнда Ғарб дунёси ўзини таниди, фақат ўзига таяниб, ўз қобиғида биқиниб, ўзига маҳлиё бўлиб ривожланолмаслиги, узоққа боролмаслигини тушунди. Ғарб шунда Шарққа кўз тикди. Уч оламшумул дин Шарқда яратилгани ва бу асло бежиз эмаслигини қайта тубдан идрок этишга киришилди. Форобий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Ибн Рушд, шунингдек, хитой, ҳинд, форс, араб, турк, Яқин Шарқ, Ўрта Шарқ алломалари, файласуфлари, адиблари, шоирлари, астрономлари, муаррихлари, жуғрофиюнлари асарларида кўтарилган улуғ ғоялар, илғор қарашлар замиридаги ядровий кучни янгидан кашф қилди ва қадрига етди, ўз тадрижий тараққиётининг мислсиз қуролига айлантирди. Ғарб дунёнинг нур туғиладиган Шарқий қисмида яратилган илоҳий Ислом, Насронийлик, Буддавийлик, Зардўштийлик, Монийликнинг жуда кучли амалий таъсирида ривожланди, санъатлари, адабиётлари, ранг-баранг фалсафий қарашларини беқиёс бойитди ва булар ҳамон мислсиз тараққиёт асоси бўлиб келмоқда.

Шарқда яратилган таълимотлар, эътиқодлар, қарашлар, борлиқ ва инсон ғоялари замирида АДАБ туради. Бу Коинот, Борлиқ, Худо, Тарих олдидаги АДАБ. Ўз ўрни, ўз ҳоли, ўз равиш, ўз қисматини билиш, тўғри белгилаш. Мана шу АДАБ универсал куч ва ҳамма халқлар, барча замонлар учун универсал қиммат ва демак, туганмас қудратга эга. Шарқ Ғарбга ҳамма вақт АДАБ билан таъсир кўрсатади. Ғарб дунёсига АДАБ билан кириб боради. Адабиётларнинг таъсири ҳам кўпроқ шунда кўринади. Вольтер, Рабле, Гёте, Шиллер, Шекспир, Байрон, Милтон, Свифт, Данте, Дю Белле, Пушкин, Лермонтов, Толстой, Ницше, Достоевский сингари даҳоларни масту воло – асиру мубтало қилган асил Шарқ ғояси ҳам мана шу эди.

 

Бугун дунёда Шарқ адабиётига қизиқиш кучайгани кузатилади. Хусусан, мавлоно Жалолиддин Румийнинг бебаҳо асарлари дунё тилларида қайта-қайта чоп этилмоқда. Алишер Навоий асарларига ҳам қизиқиш ортмоқда. Сизнингча, ХХI аср ўқувчисини Шарқ адабиётининг қайси жиҳатлари ўзига жалб этаяпти?

 

– Шарқ адабиётида ҲАЁнинг мутлақ қимматга эгалиги ва мутлақ қиммат деб қаралиши оҳанрабо қувватига эга, ўзига оҳанрабодек тортади. Ҳаё – Адабнинг узви, унинг юраги. АДАБ эса сарришта. Яъни Худони таниган, ўзининг яралиш манбаларини тушунган, билган инсоннинг ҳаёт, тириклик ўзаги.

Ғарб билан Шарқ ўртасида Ҳаё туради. Ҳаё бу ёмон иш қилишдан уялиш, тортиниш, ёмонликка қарши туришда қисиниш эмас. Ҳаё жамики энг олижаноб қонунлар, қоидалар, тўра-тузуклар, конституциялар замирида, асосида ётадиган, ҳамиша мавжуд бўлган ғоя. Ҳар қандай қонуннинг мағзи, мазмуни бу – Ҳаё. Қонунларни бузиш, улардан чекиниш, уларни қўғирчоқ ўйинига айлантиришга уриниш, табиатнинг азал – ҳамма учун бирдай қимматга эга қонун-қоидаларига қарши бориш, қарши иш қилиш – ҳаёсизлик, яъни одамзот азал табиатига қарши қайсар бузғунчиликдир. Ҳаёсизлик – доим қайсарлик, қайсар разолатдир. Шарқ адабиёти шундай ғояларни илгари суришда Ғарбга нисбатан устуворроқдир. Ҳаё ва адаб сарриштасининг қудрати билан Навоий, Румий, Жомий, Яссавий, Боқирғоний, Низомий, Толстой, Достоевский, Ницше каби адибларни инсониятнинг виждони, деб аташ мумкин. Булар АДАБ СУЛТОНЛАРИДИР. Келажак адабиёт дунёси шуларники.

 

Айни пайтда “Шарқнинг олтин даврлари ортда қолди. У энди ренессанс, яъни уйғониш даврини бошидан кечиролмайди. Келажак ғарбона рационал фикрлашда”, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Сиз бу тарзда мушоҳада юритувчиларга нисбатан қай тарзда жавоб берган бўлардингиз?

 

– Рационал фикрлаш, яъни ҳамма ҳолларда ақл-идрок билан иш юритиш – рационализм асли ўзи ёмон нарса эмас, балки ҳаёт асоси. Олам қурилишининг ўзи ҳам жамулжам ақл қудратига таянади. Буни шарқ, араб файласуфлари, Форобий, Ал-Киндий АҚЛИ КУЛЛ, яъни жамулжам ақл дейишган. Юрак, қалб – ҳиссиёт макони. Ҳиссиётлар маҳшаргоҳи. Ҳиссиётлар маҳшаргоҳга элтади. Мен ўзимча ҳиссиётларни биринчи ўринга қўймаслик, уларга сиғинмаслик, улардан сажда яратмаслик керак, деб ўйлайман. Келар Замон, эндиги вақт Ақл Замони, рационал тафаккур замони. Инсоният олдида бу замонда шунчалар кўп муаммолар йиғилиб қолдики, уларни фақат Ақл қудратига суяниб, ақлни ўстириб ҳал этиш мумкин. Агар ўтмишда олтин даврлар бўлгану инсоният уларни ҳозир бой берган бўлса, келажакда Ақл-идрок билан бошқа олтин даврларни яратиши мумкин.

 

Бугун дунё аҳлини ўз гирдобига олишга уринаётган “оммавий маданият” ҳақидаги мулоҳазаларингиз…

 

– Дунёда аҳоли сони тинимсиз ортиб боряпти. Уларни “оммавий маданият” билан жалб этмай, бошқа яна нима билан жалб этиш мумкин. Адабиётлар, санъатлар ақлли машиналарда – компьютерларда яратиляпти. Компьютерларда “оммавий маданият” яратилмай бошқа нима яратилиши мумкин?

Дунёни асли Навоий ва Толстойнинг сўзи қутқариши мумкин. Аммо уларни ҳозир нечта китобхон ўқияпти? Инсониятни зўравонлик, фаҳш, разолат фильмларини ёғдириб бузаётган одамнавий қатламлар бор. Улар ҳолливудларда ўтиришади ва зўравонлик, фаҳшни тарғиб қилувчи асарлар яратиб, инсониятга қарши мислсиз жиноятлар қилишади. Инсоният адаб сарриштасига таяниб буларнинг мараз башараларини фош қилиши ва халқаро қонунлар қабул қилиб, уларга қарши “Искандар девори”ни қуриши зарур.

 

Айрим хорижий мутахассисларнинг 2008 йили жаҳон миқёсида бошланган иқтисодий инқироз мавзусига бағишланган тадқиқотларини кузатаркансиз, тез-тез “Нажот – Шарқдан!” деган иборага кўзингиз тушди. Бу мулоҳаза замирида Ғарб эгоизмига нисбатан Шарқ жамоавийлигининг устуворлиги эътироф этилаётгандек. Яъни Ғарбдаги истеъмолчилик кайфиятининг суиистеъмолчилиги охир-оқибат молиявий бўҳронни келтириб чиқаргандек. Сизнинг бу борадаги мулоҳазаларингиз…

 

– Аҳоли сони ер юзида ошиб боргани сайин инсоният истеъмолчиликда шошиб қолмоқда. Шошиб-пишиб бор нарсаларни тасарруф қилмоқда. Бу умумбалога қарши туриш энди қийин. Инсониятнинг боши бир куни ўтиб бўлмас деворга тақалгунча шундай давом этади. Бунинг олдини олиши мумкин, фақат Қаноат, Адаб, Ҳаё… устувор бўлса.

Мен худди қаноатшунос Авлонийга ўхшаб фикрлаётганимни сезиб турибман. Аммо бу уч улуғ ғоя наҳот эскирди? Эскирдими, сўранг, ҳар кишидан.

Менимча, эскирган эмас. Истеъмолчилик бир кун бориб жонга тегади. Бузғунчиликлар тамом меъдага уради. Лекин унгача бир зарурдан зарур шиор етилиб турибди. Барча маънавий-маърифий, адабий-ижодий саъй-ҳаракатларимизда реал натижаларга эришайлик. Ҳеч истисно қилмай: классикага қайтайлик!

 

Гулчеҳра МУРОД АЛИЕВА суҳбатлашди.

ЎзА