Мақолалар

Ҳанафий мазҳаби қоидалари асосида намоз ўқийлик!

Чоп этилди Sentabr 30, 2019 Ҳанафий мазҳаби қоидалари асосида намоз ўқийлик!da fikr bildirishni o'chirish

Кейинги йилларда мамлакатимизда масжидлар сони янада кўпайди. Айниқса, пойтахтимиз Тошкент шаҳ­рида қисқа вақт мобайнида барпо этилиб, халқимизга тақдим қилинган бир-биридан муҳташам намозгоҳлар кўнгилларни яйратади.

Бу ўзгаришлардан элимиз, аввало, намозхонлар бағоят мамнун. Лекин масжидлардаги баъзи ҳолатлар, аниқроғи, айрим намозхонлар (асосан, ёшлар)нинг тушуниксиз хатти-ҳаракатлари бошқаларни бироз ранжитиб, ҳатто ўйлантириб қўяётгани ҳам бор гап.

Масалан, баъзи ёшлар қиёмда оёқлари­нинг орасини кериб, ёнидаги намозхонларнинг оёқларига теккизишга уринишади. Мабодо, ёнидагилар оёқларини олиб қочса, яна суриб бораверишади. Чиғаноқларини уларнинг чиғаноқларига тираб олишади. Ҳанафий мазҳабига доир мўътабар фиқҳий манбаларда қиёмда оёқлар ораси тўрт бар­моқ эничалик бўлиши кераклиги ёзилган. Кексалар ёки тўлароқ одамлар учун бу талаб мустасно қилинади. Лекин ёш, келишган йигитларнинг юқорида айтилган ҳаракатлари кишини ўйлантириб қўйиши шубҳасиз. Айниқса, меҳмон намозхонлар ўзларини қандай тутишни билмай қолишади.

Баъзи ёшлар намозга ният қилиб, қўл қо­вуштиргач, ғўддайиб олишадики, улар намоз ўқияптими ёки кибру ҳаво қиляп­тими – англолмаймиз. Ахир, намоз – бу Аллоҳга ил­тижо-ку! Демак, киши ибодат пайти синиқ­роқ, хомуш ва тавозеда туриши лозим эмасми?!

Яна бир ҳолат: айрим масжидларда баъзи намозхонлар Фотиҳа сураси қироатидан сўнг “Омин” калимасини баралла овозда айтишади. Кўплаб масжидларда эса бу ҳолни учратмаймиз.

Бизнингча, имом домлаларимиз намоз­дан олдин юқоридаги ҳаракатларни қил­маслик ҳақида эслатиб турсалар, ёмон бўлмасди. Зеро, бутун мамлакатимизда бир хил тартиб-қоида асосида намоз ўқилса, барчамиз учун фойдалидир. Ҳар хил ихтилофга боришнинг оқибатини кўрдик, ахир.

Набижон ЖАЛОЛОВ

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан