Ўзбекистон янгиликлари

Ёшларни орзу-ҳаваслар қурбонига айлантирмаслик керак

Чоп этилди Sentabr 26, 2019 Ёшларни орзу-ҳаваслар қурбонига айлантирмаслик керакda fikr bildirishni o'chirish

Тўй – бу яхши кун, хурсандчилик. Лекин биз манманлик, кимўзарлик, нафс ортидан уни иллатга айлантириб юбораяпмиз.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси Козим Тожиев “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солишда ёшларнинг роли” мавзусига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида шундай фикрларни билдирди.

Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгашининг бир гуруҳ ташаббускор йигит-қизлари иштирокида ташкил қилинди.Тўйлар ва бошқа маросимларда меъёридан ортиқ дабдаба, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар нафақат ижтимоий, иқтисодий муаммо, балки маънавий оқсоқлик, маданиятдаги кемтиклик ҳамдир. Депутатлар ва ёшлар мулоқотида айни шу жиҳатга алоҳида урғу берилди.

– Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг “Тўй, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида“ги қарори қабул қилинди, – деди Козим Тожиев. – Ушбу қарорга кўра, Низом тасдиқланиб, 2020 йилнинг 1 январидан кучга киритилади. Ҳақли савол туғилади: мана шундай тартиб-қоидалар ўрнатиш билан тўй ўтказиш каби оғриқли масалалар барҳам топадими? Менинг жавобим йўқ. Аввало, одамларимиз ўз хоҳиш-истаги билан тўйларга нисбатан муносабати, фикрини ўзгартирмас экан, исрофгарчиликдан тўғри хулоса чиқармас экан, ҳеч бир қонун ва қарор ўзини оқламайди.

Тўй маросимларидаги дабдабабозлик, шуҳратпарастликларнинг олдини олишда ёшларнинг ўрни қандай бўлиши керак? Давра суҳбати иштирокчилари мазкур савол юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Баъзи ота-оналар қўшнилар, қариндошларнинг ортиқча гап-сўзидан ўзини асраш учун ҳам тўйни ҳашамат билан ўтказишга ҳаракат қилишаяпти, – деди Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 147-мактабнинг ёшлар етакчиси Дилдора Ортиқова. – Шунинг ортидан қарзга ботиб қолаётганлари ҳам талайгина. Катталар ёшларни ўз орзу-ҳаваси, ҳузур-ҳаловати қурбонига айлантирмаслиги керак. Лекин орамизда ота-онасидан ўз никоҳ тўйини турли шоулар, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тадбирлар билан ўтказишни истайдиган ёшлар ҳам бор. Менимча, оила остонасига қадам қўяётган йигит-қизлар ихчам, камчиқим тўй қилишнинг асосий ташаббускори бўлса, кўпгина кескин зиддиятларнинг олди олинади.

Иштирокчилар фикрича, тўйлардаги дабдабаларни бартараф этишда ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Бундай маданиятга эса фақат таълим билан эришиб бўлмайди, унга уйғун тарзда оила, таълим муассасаси узвий тарбия билан шуғулланиши лозим.

Давра суҳбатидан сўнг иштирокчилар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида депутатларга яратилган шарт-шароитлар, мажлис заллари, кутубхона, миллий парламентимиз тарихи билан яқиндан танишди.

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА