Мақолалар

Абу Ҳанифа – буюк муҳаддис

Чоп этилди Oktabr 1, 2019 Абу Ҳанифа – буюк муҳаддисda fikr bildirishni o'chirish

Айрим адашган тоифалар Абу Ҳанифа раҳ­матуллоҳи алайҳга туҳмат қилиб, у зотни ҳадисда илми саёз, шу билан бирга: “Имоми Аъзам ўн еттита ҳадис билади, холос”, дейишади.

Тарихчи олим Ибн Халдун (732–808 ҳиж.) “Муқаддима” асарида “Абу Ҳанифа ўн еттита саҳиҳ ҳадис билган”, деган фикрни келтиргани маълум. Кейинчалик шу гапнинг моҳиятига етилмасдан, асосиз гаплар кўпайди. Бунга илмсиз кишилар алданиб қолиб, имомга таъна тошларини ота бошладилар.

“Хойрот ал-ҳисан” асари муаллифи Ҳайтамий бу ҳақ­да тўхталиб, ушбу байтни кел­тирган:

يا ناطح الجبل العالي لتكلمه

اشفق علي الرأس لا تشفق علي الجبل

Эй баланд тоққа сузиш учун шохин тировчи киши,

Тошга раҳминг келмаса-да, бошга раҳминг келсин.

Ибн Халдуннинг гапи ас­ли­да аҳамиятга молик эмас. Сабаби, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан Ибн Халдун яшаган аср ўртасида анча давр бор. Орада маъ­лумот­лар ўзгариб кетиши мум­кин.

Бундан ташқари, Ибн Халдундан анча илгари, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан бир даврда яшаган олимлар Имоми Аъзамнинг бошқа илмлар каби ҳадисшуносликда ҳам йирик олим экани эътироф этилган.

“Олим бор-йўғи 17 та са­ҳиҳ ҳадис билади”, деган гап ботил бўлиб, у кишининг “Муснад” номли китобидаги намоз бобининг ўзида 108 та ҳадис келтирилган.

Имом Абу Ҳанифа раҳма­туллоҳи алайҳ саҳобалар даврининг охири, тобеинлар замони ўртаси, илм-маърифат анча юксалган, ҳадислар кенг тарқалган вақтда яшаган. Агар у зот ҳадис илмини яхши билмаганида, қандай ижтиҳод қилар, қай тарзда ҳукмларни истинбот этар эдилар?

Имом Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳ Шофиъий (ваф. 249/863) қуйидагича ёзади: “Агар Имом Абу Ҳанифа ҳа­дис илмига катта эътибор қа­рат­маганида, фиқҳ маса­­лаларининг истинботини қан­­дай чиқарар эди? Ҳолбу­ки, у зот фиқҳни шаръий далиллардан истинбот қилган биринчи мужтаҳиддир”.

Умумэътирофга кўра, ҳа­нафий мазҳабининг шакл­ла­нишида саҳобий Абдул­лоҳ ибн Масъуднинг ўрни бе­қиёс бўлган. Чунки Абдуллоҳ ибн Масъуд Куфага келиб, раъй бўйича қарашларга асос солган. Саҳобадан Алқама ибн Қайс Нахаъий, Асвад ибн Язид Нахаъий сабоқ ол­­ган. Бу икки тобеиндан ке­­йин Иброҳим ибн Язид На­хаъий (ваф. 95/714 й.) раъй ва хабарлардаги (ривоят) нуқсонларга муносабат билдиришни авж олдирди. Иброҳим Нахаъийдан Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сабоқ олган ва фиқҳ илмидаги пешқадамлардан бири бўлган. Ҳаммод Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитга устозлик қилган. Мана шу силсила ҳанафий мазҳабига асос бўлди ва унинг шаклланишига олиб келди.

Муътазилийларнинг баъ­зилари: Абу Ҳанифа аҳком­да улкан хатога йўл қўйган, хатоси эса Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга эргашганидир. Ҳаммод эса Абу Ҳанифа­дан ҳам оғирроқ хато қилди. Иброҳим Ҳаммоддан кўра оғирроқ хато қилди. Алқама ва Асвадлар эса Иброҳим­дан ҳам кўра кўпроқ хато қилди. Чунки Иброҳим у ик­кисига таяниб иш кўрган. Уларнинг барчаларидан кў­ра Ибн Масъуд кўпроқ ха­то қилган. Чунки у динда “Агар тўғри бўлса, Аллоҳдан, нотўғри бўлса, мендан” деб ўз раъйини биринчи бўлиб бошлаб берди, деганлар.

Агар айб қилинса, Абу Ҳанифани эмас, балки ундан олдингиларни айблаш керак. Бу ҳолатда иснод Аб­дуллоҳ ибн Масъуд орқали Пайғамбаримизга етиб боради ва Исломнинг асосчиси биринчи хато қилган киши бўлиб чиқади. Бу, албатта, нотўғри хулоса ва кечирилмас хатодир.

Абу Ҳанифа ҳанафий мазҳабига асос солишда Қуръони карим, суннати набавия, ижмо қиёс ва са­ҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмларни чи­қаришда қиёс ва истеҳ­сонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.

Саҳобалардан 1500 на­фари Куфада яшаган. Бу­лар шунчаки илмсиз саҳо­ба­лар эмас эдилар. Балки жуда кўплари илмда етук бўлишган. Уларнинг орасида энг улуғлари Абдуллоҳ ибн Масъуд, Али ибн Абу Толибдир. Демак, Имом Аъзам тарбияланган му­ҳит – Куфа муҳити саҳобаларга, ҳадиси шарифларга бой эди. Шунинг учун Абу Ҳанифа тахминан 4000 та ҳадис ривоят қилган.

Абу Ҳанифа ўша мужта­ҳид саҳобаларнинг олти нафаридан ҳадис ривоят қилган. Улар Расулуллоҳни шунчаки кўриб қолган кишилар эмас, балки у зотнинг ёнларида жуда узоқ вақт ҳамсуҳбат бўлиб, кўп ҳадисларни таълим олган кишилар эди.

Бундан ташқари, Абу Ҳа­нифа йигирма ёшидан бошлаб мунтазам равишда ҳадис илмини ўрганишга ки­ришган.

Абу Ҳанифа ҳадис излаш ва уни ўрганишда бошқа­лардан кўра ажралиб турадиган сифати бор эди. Олим ўта ҳаракатчан, теран фикрловчи, зийрак ва ғайриоддий хотира эгаси бўлгани учун ҳадис илмини ўргана бошлаганидаёқ сафдошларидан анча ўзиб, уларга пешқадам бўлди.

Куфа шаҳри Абу Ҳанифа яшаган даврда илм маркази бўлиб, унда буюк му­ҳаддислар жамоаси бор эди. Жумладан, Ибн Уяйна (ваф. 198/814 й.), Суфёни Саврий (ваф. 161/778 й.), Ҳафс ибн Ғиёс (ваф. 194/810 й.), Аъмаш (ваф. 148/765 й.), Вакиъ (ваф. 179/795 й.), Ибн Муборак (ваф. 181/797 й.) ва бошқалар. Абу Ҳанифа уларнинг барчаларидан ҳадис жамлаган. “Мана шундай катта ишни ким ҳам қила олар эди?!” дейди “Абу Ҳанифа ва асҳабуҳу” асари муаллифи Ҳабиб Аҳмад Кийранавий.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Ҳанифа раҳматулло­ҳи алайҳ яшаган даврни Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­­ҳи ва саллам ҳам мақ­таганлар. У зот айтган эди­лар: “Инсоннинг яхшиси менинг асримда яшаган­ларидир. Сўнгра ундан ке­йин келганлар­ники, сўнг­ра ундан ке­йин келганлар­ни­ки”. Пай­ғамбаримиз алай­ҳис­­са­лом мақтаб турган давр­да яшаган мужтаҳид олим­ни, ҳатто унга ҳамасир бўлган муҳаддислар, фақиҳ­лар уни эътироф этган. Бу олимга қандай қилиб таъна тошларини отиб, у кишини ҳадис илмида камситиш мум­кин?! Олим фиқҳ илмидан ташқари ҳадис илмининг ҳам билимдони бўлган.

Каримулло МИРЗААҲМЕДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

“Ҳидоят”журналининг 2019 йил, 8-сонидан