Мақолалар

Занжир

Чоп этилди Oktabr 2, 2019 Занжирda fikr bildirishni o'chirish

– Кеча эрталаб биз билан бирга кетган қария эсингиздами? – дея гап бошлади қизим.

– Ҳалиги… кичкина одамми? – кўз олдимда жиққа ҳўл асфальт йўлдан пилдираб кетаётган митти жусса гавдаланди. Ўшандаям вақтимиз тиғиз, қизим ўқишга, биз, катталар ишга шошаётгандик.

– Оббо, бола ёмғирда қолибди-ю, – таш­вишланиб деди турмуш ўртоғим. – Олволмасак бўлмас.

У машинани сал олдинроққа тўхтатиб,  ойнадан “чиқинг” ишорасини қилди-ю, лол қолдик: қаршимизда мошгуруч соқолида  томчилар ялтиллаган нуроний турарди. Отахон чаққонлик билан эшикни очди-да, саломимизга алик олиш асносида анча уриниш билан олд ўриндиққа жойлашди.

– Ҳа, ота, шундай ҳавода қаёққа отлан­дингиз?

– Масжидга, болам. Бугун жума намози, яхши суҳбатлар бўлади.

– Ҳали эрта эмасми?

– Жияним билан ҳам намоздан олдин учрашамиз…

Шу тариқа гап қовушиб кетди. Отанинг  овозигина эшитилар, ўзи суянчиқ ортида
деярли кўринмасди. Тўрткўчада ўз йўлимиздан қарама-қарши томонга – масжид сари  бурилдик…

Қизим ўша чолни ёдимга солиб, гапида давом этди:

– Бугун имтиҳон чўзилиб кетиб ўқишдан кеч чиқдим. Бекатда чўнтагимга қўл солсам, пулим йўқ. Тушлик қилганимдаям бор эди. Сумкамни роса титдим, тушириб қўйдимми, нима бўлганини эслолмайман. Кимдан, нима деб илтимос қилишниям билмайман, аксига олиб ёмғир қуйяпти. Иккита автобусни ўтказиб юбордим. Дадамга қўнғироқ қилишдан бошқа чорам йўқ, деб тургандим, ёнимга бир машина келиб тўхтаб, орқа эшиги очилди. Қарасам, курсдош дугонам Мадина. Уни турмуш ўртоғи олиб кетаётган экан. Йўллари бошқа томонда бўлса ҳам, мени уйимизгача ташлаб кетишди. Кечаги воқеа, ўша қария ёдимга тушди. Қаранг, дадамнинг яхшилиги бир кундаёқ менга қайтди-я… Ўзингиз айтгансиз-ку, одамнинг амали худди занжирдек айланиб-ўргилиб, ўзига қайтади, деб.

– Илоё, шундай бўлсин, – дедиму ўйга толдим. Шукр, ҳаётнинг пасту баланд йўлларида бир бандасига раво барча яхшиликларни кўряпман ва ҳар бирида танишу нотаниш одамларнинг ҳиссаси бор. Яратганга: “Мени шундай неъматлар билан сийлаяпсан, меҳрибон Эгам!” дея ҳамдлар айтаман. Эҳтимол, умри меҳр-оқи­бату силаи раҳмда бардавом ўтган ота-онамнинг  хайрли ишларидан мукофот менга ҳам қай­таётгандир…

– Болажоним, сен ҳам ўша занжирнинг ҳалқаларини кўпайтиравер…

 

Гулчеҳра АСРОНОВА

Фарғона шаҳри

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан