Мақолалар

Ой фарзанди

Чоп этилди Sentabr 27, 2019 Ой фарзандиda fikr bildirishni o'chirish

Ой фарзанди

 

Она тилим – олтин сандиғим

Американинг Лос-Анжелес шаҳрида Ўзбекистоннинг садоқатли бир дўсти яшайди. Келиб чиқиши можар бўлган бу турколог олим Лос-Анжелес университетида махсус курс очиб, америкалик талабаларга ўзбек тилини ўргатади. Улар диёримиз нафасини ҳис қилиши учун Ўзбекистондан олим ва ижодкорларни таклиф этиб, суҳбатлар уюштиради. Исми Андраш, насаби Бодроглигетти.

Талаффузи қийин, ёдда сақлаш ундан ҳам қийин бўлган бу фамилияни илк бор эшитганимда олимни италиялик деб ўйлагандим. Лос-Анжелесда кўришиб, унга шу саволни бердим.

― Фамилиям аслида Бадроглигетти. Бад сўзи форсча ҳам, инглизча ҳам ёмон деган маънони билдиргани учун бу юртда насабимни бир ҳарф ўзгартириб Бодроглигетти дейдилар. Лекин италиялик эмасман. Фамилиям соф туркча. ― Шундай деб Андраш домла қўлига қалам олди ва ўз фамилиясини уч қисмга бўлиб ёзди: Бадр огли гетти. Бадр сўзини биламиз, ой дегани. Қолган сўзлар ҳам таниш. Ўғуз туркчасидан ўзимизнинг шевага ўгирсак, Ой ўғли кетди, деган маъно чиқади.

―Тўйда туғилган Тўйчи, йўлда туғилган Йўлчи, жумада туғилган Жумавой, Одина деб исм олганидек, аллақайси бобокалоним ойдин кечада туғилгани учун Бадр ўғли деб ном қўйишгандир. Ўз юртидан кетиш наслимиз қисматида бор экан шекилли, мен ҳам асл ватанимдан узоқларда Бодроглигетти бўлиб юрибман.

Шарқу ғарбнинг ўнлаб тилларини билган, уларни чоғиштириб таҳлил қилган Андраш домланинг бу сўзларини аввал балки хаёлот меваси, шунчаки ҳазилдир, деб ўйладим. Ахир тилимиз шу қадар бой ва рангинки, ҳар сўзни ўн ёққа буриш мумкин, ўт деган сўзнинг ўттиз хил, юз деган сўзнинг юз хил маъно товланиши бор. Лекин миллат тақдирини ўйласам, можарнинг туркий халқларга тарихан туташлигини хаёлга келтирсам бу гап ҳазилга ўхшамади. Олис ўтмиш манзаралари кўнглимдан кечди. Ўз юртида қўним топмаган, қисмат дунёнинг турли бурчакларига тарқатиб юборган қадимги аждодларимизнинг сарсон- саргардонлиги фикримни чулғади.

Бадр ўғли кетди… Бу сўзларда бутун бир тарих намоён бўлди. Тўрт юз йил наридан Бухорони тарк этиб, олис ва совуқ Сибирга кетган ўзбекларнинг ноласи келди, яна икки юз йил ўтиб улардан мингга яқин оиланинг Туркияга кўчгани, сибирликлари ҳам, туркияликлари ҳам то ҳануз ўзларини бухорийлар (русча бухарцы) деб аташларини ўйлаб кетдим. Тақдирни қарангки, икки карра беватан қолган ғарибларга Туркияда Бағри тилик деб аталган тоғ этагидан жой берилибди. Хаёл мени яна минг йил нарида Идил ва Ёйиқ соҳилларида яшаган, ҳозирда Волга ва Урал аталган дарёлардан сув ичиб, бепоён кенгликларда от сурган ўзбеклар юртига олиб учди. Халқимиз татар, булғор, можар, ўрус эллари билан елкадош кун кечирган яйловлар кўз олдимга келди.

Бадр ўғли кетди… Хаёлан мен ўн минг йиллар олисда Сибирдан Аляскага кўчган туркий қабилаларнинг қўшиқларини эшитдим. Америкалик ҳиндуларнинг бахшилар каби бўғиздан чиқариб айтган қўшиқлари қулоғим остида янгради. Бу минг йилар тубидан келган дард садоси эди.

Можар халқи ўз илдизларини қадимги туркий қавмлар билан туташ кўргани учун Можаристонда туркология фани асрлар давомида ривож топган. Бу анъана ҳозир ҳам давом этади. Бу ўлкадан икки юз йилча аввал Марказий Осиёга келиб, Бухоро ва Мавороуннаҳр тарихини ёзган Герман Вамберидан тортиб, замондош дўстларим Иштван Конгор ва Андраш Бодроглигеттигача дунёга танилган неча-неча туркшунос олимлар етишдилар. Улар юртимизга сафар қилганларида Самарқанду Бухорони тамоша қилишни кўзлаб эмас, можар халқининг теран томирларини излаб келганлар.

Бадр ўғли кетди… Можарнинг ҳам, ўзбекнинг ҳам Ой ўғли эканига ишончим бор. Бадр ўғли Сибирга кетди, Аляскага кетди. Идил ва Ёйиқ соҳилларидан Ҳазар ва Орол бўйларига кетди. Бу юртда минг йиллар яшаган ерлик аждодларимиз билан дунёнинг энг кўҳна давлатларидан бири бўлган Хоразм давлатини тузди.

Яна минг йиллар ўтиб Босфор бўйларига кетди ва ҳозирги Туркияга асос солди. Ой ўғли кетди. У оламнинг тўрт ёғига кетди.

Жавоҳирлаъл Неру Мирзо Бобур тузган давлат тўғрисида ёзаркан, Марказий Осиёликлар дастлаб Ҳиндистонга тўрт минг йил муқаддам кўчиб кела бошлаганлар, дейди. Улар орасида туркий қавмлар ҳам бўлгани, бу қавмларнинг қадимий ривоятлари, достонлари ҳам Ҳиндистонга боргани шубҳасиз.

Ой арабча бадр, форсча маҳ дейилади. Туркий тилларда арабча ва форсча сўзлар кўҳна замонлардан бор. Ой ёнида бадр ҳам, маҳ ҳам ишлатилган. Ҳиндлар Деҳлини Дели деганлари каби Маҳ ўғлини Маугли деган бўлсалар ажаб эмас. Инглиз адиби Редярд Киплинг Ҳиндистон мавзусида ёзган машҳур асар қаҳрамонининг исми Маугли.

Демакки, Киплингга шуҳрат келтирган Маугли эртагининг мавзуси қадимги туркий халқлар афсонасидан олинган бўлиб чиқади. Яна бизга маълумки, ривоятлар турк наслини бўри зотига боғлайди, она бўри эмизиб катта қилган, дейилади. Мауглига ҳам бўри оналик қилган.

Бошқирд элининг зариф шоири Мустай Карим туркий халқларнинг бўри зотига боғланишига сабаб бу қавмнинг минг йиллар давомида ҳар ердан қувилгани, дерди. Ўз халқининг номини Бош қурт, яъни Бош бўри дея ишонч билан айтарди. Турклар бир-бирини кўрганда ё хайрлашганда ўнг қўлининг учта бармоғи билан бўри бошини тасвирлаб, қардошлак изҳорини қиладилар. Қувғинди бўри эса тунлар ойга қараб увлайди. Онасини соғинган боладек нола чекади…

Қадим-қадим замонларда аждодларимиз қуёшга, ойга, юлдуз ва сайёраларга топинганлар. Дашту саҳролар оша олис, машаққатли йўлларда кундузи қуёш, кечаси ой ва юлдузлар уларга машъала, қибланамо бўлган. Ўғлонлари исмини Кунтуғмиш деб, Ойбек деб, қизларини Ойбарчин, Тўлганой, Юлдузхон, Зуҳро, Сурайё, Ситора деб атаганлар.

Икки юз йил аввал Хиндистонда яшаб ижод қилган ҳамюртимиз Мирзо Асадуллохон Ғолиб ўз аждодларини эслаб, мен асли Самарқандликман, наслим Ойбеклар зотидан, дея ғурур билан ёзган:

Десам, Ғолиб, ерим — пок хоки Турон,

асил зотим билан бағрим фараҳманд.

Ўзим Туркзода-ю наслимда туркзод,

Буюклар қавми бирла асли пайванд.

Уруғ бўлмиш менга Ойбеклар аслан,

Камолан ойга нисбат, балки ўнчанд.

Отам касбин десам деҳқончиликдир,

Бобом бўлмиш заминдори Самарқанд.

Бадр ўғли, Маҳ ўғли, Ойбек нақадар ўхшаш исмлар! Арабий, форсий, туркий маънодош сўзлар. Юртимизда қадимдан бу уч тилнинг ёндош яшаганига яна бир тимсол.

Америкалик дўстимиз профессор Бодроглигетти насаби хаёлимни шунча олисларга элтди, узоқ замону маъволарда кездирди. Сўз шундай мўъжиза эканки, унинг замирида қатлам-қатлам бўлиб тарих ётар экан.

Молдавияда туркий тилда сўзловчи гагауз халқи яшайди. Илм аҳли бу номни қора ўғизга боғлайдилар. Ўша қариндошларни мен олимона эмас, шоирона сўз билан қоракўз дегим келади. Чунки қоракўз деб ўзбек ўзини, ўз биродарини, яқин жигарини айтади.

Андраш Бодроглигетти ҳам ўша қоракўзлардан бўлса, дунёга сочилиб кетган уруғларимиздан бўлса не ажаб! Олимнинг сўзи ҳақ. Бизлар ҳаммамиз Ой фарзандларимиз. Ойдан тушган каби соддамиз. Дилимиз ойдин, ниятимиз ойдин.

Бу тимсоллар ярим тунда тўлин ой ёруғида хаёлимга келди. Бамисоли неъмат тўла лагандек улкан кумуш гардиш кўкдан нуроний чеҳра билан сокин, меҳрли қараб турарди.

Ўзбек бежиз онани ойи деб, Ойни оймомо деб атамаган. Эй, Ой, халқим йўлларини шуъланг билан мунаввар қил, истиқболини ойдин қил, моможон!

Эркин Воҳидов,

Ўзбекистон халқ шоири.

“Сўз латофати” китобидан