Мақолалар

Хом гапга пишиқ жавоб: Ҳақир кулба ва олий айвон қиссаси

Чоп этилди Oktabr 2, 2019 Хом гапга пишиқ жавоб: Ҳақир кулба ва олий айвон қиссасиda fikr bildirishni o'chirish

Нуширвон айтди: Яқинда қурдириб, бежирим безаклар солдирган айвонимга қўшни кампирнинг кулбаси мўрисидан тутун чиқиб, зийнатларни қора, кўнгилларни хира қила бошлади. Мен киши юбориб сўратдим: “Нима учун тутун қиляпсан?” У жавоб юбордики: “Ўзимга таом пиширяпман”. Ҳеч нарса демадим. Кеч бўлгач, унинг учун лазиз жониворлардан кабоб қилиб, ҳар хил таомлардан дастурхон тузатиб юбордим.

– Ҳар куни сенга шундай таомлар жўнатиб тураман, токи сен бу тор кулба ичида ўт ёндирма, чунки тутундан айвоним қора, кўнглим пора бўлади, – деган таклифни билдирдим.

Кампир жавоб юборди:

– Эй подшоҳ, оламда жуда кўп очлар ва меҳнаткашлар кўзи гирён ва кўнгли бирёнлик бўлган аҳволда, мен қовурилган товуқ есам, шу раво бўладими? Мен Парвардигордан қўрқаман, пок ва ҳалол ризқ емак билан умримнинг етмишинчи йилига етибман. Энди бундай шубҳали таом ва ҳаром (Шубҳали таом ва ҳаром – бу ерда суфиёна тушунчага кўра, ўз меҳнати билан топилмаган нарсаларга нисбатан айтилган) товуқ гўштини ейманми? Яхшиси, бу кулбамни ўз ҳолига қўй., чунки у ҳам айвонингга бир зийнатдир. Зеро, бекларинг кўриб, сенинг камоли адолатингдан бу ҳақир вайронани мендан тортиб олишни раво кўрмасанг, улар ҳам зулм қўлини раия мулкига узата олмайдилар. Иккинчидан шуки, неча йиллардан кейин вақти келиб, охири вайрон бўлади, аммо менинг ҳақир уйим билан сенинг олий айвонинг қиссаси рўзғор тарихи китоблари варақлари саҳифасида битилиб, қиёмат давригача қолади.

Бу сўзларни ундан эшитгандан сўнг унинг ҳамсоялигига рози бўлдим.