Мақолалар

Унинг тенги ва ўхшаши йўқ

Чоп этилди Oktabr 2, 2019 Унинг тенги ва ўхшаши йўқda fikr bildirishni o'chirish

«Айт: “У Аллоҳ ягонадир”. Аллоҳ–сомаддир. У туғмаган ва туғилмаган. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган» (Ихлос сураси, 4 оят).

Аллоҳ таоло ёлғиз Ўзига ибодат қилиш, фақат Ўзига суянишга чақиргани учун ушбу сура «Ихлос» деб номланди. Ибн Масъуд, Ҳасан Басрий, Икрима ва Жобирнинг сўзларига кўра маккий, Ибн Аббос, Қатода, Заҳҳок ва Суддийнинг фикрларига кўра маданий сурадир. У тўрт оятдан иборат.

«Айт: “У Аллоҳ ягонадир”». Парвардигор ёлғиздир. Ўхшаши йўқдир. Унинг жуфти йўқ, Боласи йўқ. Шериги йўқ.

“Аллоҳ сомаддир”. Барча яралганлар Унга муҳтож. Ибн Аббос ва Заҳҳок ҳам шундай тафсир қилишган. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи далил:  “Сўнгра, қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлворасиз” (Наҳл сураси, 53-оят).

Луғат олимларининг айтишича, “сомад” калимаси “мусибат ва ташвиш тушганда унинг олдига югуриб бориладиган хожа” маъносини англатади. Яна баъзи олимлар “сомад”нинг маъноси “доимий”, “боқий”дир, дейишади. Баъзилар эса: «Унинг тафсири ўзидан кейинги, яъни “У туғмаган ва туғилмаган” оятидир», деб айтишади. Убай ибн Каъб айтади: «“Сомад” туғмайдиган ва туғилмайдиган маъносини билдиради. Чунки туғиладиган ҳар бир нарса борки, албатта ўлим топади. Аллоҳ таоло эса абадий тирик». Али ва Ибн Аббос айтишади: «“Сомад” шундай улуғ хожаки, унинг улуғлиги шараф ва хожалик жиҳатидан камолига етган». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳ барчадан беҳожат, барча унга ҳожатманддир”. Суддий айтади: “Парвардигор барча ишларда кўзланган Зот. Мусибатларда ёрдам сўраладиган Зот”. Ҳасан ибн Фазл айтади: «“Сомад” хоҳлаган ишини қиладиган, ўзи истагандек ҳукм чиқарадиган Зот». Муқотил раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзига кўра “сомад” айби йўқ, комил, камолот соҳиби маъносидадир.

“У туғмаган ва туғилмаган”. Мушриклар Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурига келиб, бизга Раббингни сифатлаб бер, насабини баён этгин, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “Ихлос” сурасини нозил қилди. Икрима ва Ибн Аббос айтади: «Марям онамиз туққан, “У туғмаган”.  Исо ва Узайр алайҳиссалом туғилганлар, У “туғилмаган”. Ушбу оятда Исо Худонинг ўғли деган насороларга, Узайр Худонинг ўғли деган яҳудийларга раддия бор.

“Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган. Унинг ҳеч бир тенги йўқ. Унга ўхшаш нарсанинг ўзи йўқ.

Абу Саъид розияллоҳу анҳу ривоят қи­лади: “Бир одам бир киши кечаси билан “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни қайтариб чиққанини эшитди. Тонг отганда Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, бу ҳақда айтди ва уни писанд қилмагандек бўлди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Нафсим измида бўлган Зотга қасам, у Қуръоннинг учдан бирига тенг”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Баъзи уламолар айтишича, Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг келишининг сабаби, унда “сомад” исми борлигидир. Чунки бу исм бошқа сураларда келмаган. “Аҳад” исми ҳақида ҳам шундай дейишади. Яна уламолар айтишади: “Қуръони карим уч қисм: ҳукмлар; ваъда ва ваъийдлар; исм ва сифатлар. Ихлос сураси эса шу учдан бирни ўзида жамлаган. Яъни Аллоҳнинг исм-сифатларини”. Ушбу таъвилни  Абу Дардодан ривоят қилинган ҳадис қувватлайди: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таоло Қуръонни уч қисмга ажратди ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни унинг бир қисми қилди”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Набий алайҳиссалом бир одамни кичик бир қўшинга бошлиқ этиб сафарга юбордилар. У имом бўлиб, намоз ўқиса: “Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийверди. Сафардан қайтган саҳобалар буни Пайғамбаримиз алайҳиссаломга айтишди. У зот алайҳиссалом: “Сўранглар-чи, нима учун шундай қилибди?” дедилар. Сўрашганда, ҳалиги одам: “Чунки бу сура Раҳмоннинг сифати ва мен уни ўқишни яхши кўраман”, деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга: “Аллоҳ сени яхши кўради”, деб хабар беринглар», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир одамнинг: “Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус Сомад”, деб қироат қилаётганини эшитиб: “Вожиб бўлди”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?” деб сўрадим. “Жаннат”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Жарир ибн Абдуллоҳ ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким уйига кираётганида “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиса, унинг уйини ҳам, қўшниларининг уйини ҳам фақирлик тарк этади”, дедилар»  (Имом Табароний ривояти).

Муоз ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Тинмай ёмғир ёғди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб беришларини интизор кутдик. У зот чиқдилар ва: “Айт” дедилар. “Нимани айтаман?” дедим. “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва муъаввизатайнни, оқшомда ҳам, тонгда ҳам уч марта айт. Сенга ҳар бир нарсада кифоя қилади”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).

Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Ким ҳар куни “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни икки юз марта қироат қилса, қарзидан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади», дедилар. (Имом Термизий ривояти). Шу кишидан ривоят қилинган яна бир ҳадисда эса: «Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй қуради”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Қуртубий тафсири асосида

Сурайё МУРОДЖОН қизи тайёрлади. 

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил,16-сонидан