Мақолалар

Сутра қўйиш, намозни бузиш ҳақида

Чоп этилди Oktabr 3, 2019 Сутра қўйиш, намозни бузиш ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Намоз ўқимоқчи бўлган киши, олдимдан бирор киши ўтиб қолади, деб ўйласа, икки қошидан бири рўпарасига тикка қилиб сутра қўйиши мустаҳаб. Сутра икки қош ўртасига қўйилмайди. Сутранинг узунлиги бир зироъ (ярим метр) ёки ундан узун ва йўғонлиги камида бармоқдай бўлади. Сутрага яқин туриш суннатдир. Агар сутра бўладиган нарса топа олмаса, узун тўғри чизиқ чизиши керак. Баъ­зилар ҳилолдай эгри шакл чизиш зарур, деган.

Кесиб ўтувчини қайтариш

Намоз ўқиётган киши сут­ра қўйган ё қўймаган бўлса-да, олдидан ўтаётган кишини қайтармаслиги мустаҳабдир. Аммо олдидан ўтаётганни боши, кўзи ёки қўли билан ишора қилиб ёхуд тасбеҳ айтиб, қайтаришга рухсат бор. Лекин ҳам ишора қилиб, ҳам тасбеҳ айтиб қайтариш макруҳ бўлади.

Эркак киши қироатни ба­ландроқ қилиб, аёллар ишора билан ё ўнг қўл бармоқлари билан чап бармоқлари устига уриб, олдидан ўтаётган кишини қайтариши ҳам мумкин. Аёл киши қироатни баландроқ қилиб ё тасбеҳ айтиб олдидан ўтаётганни қайтармайди. Чунки аёллар қироатни баланд қилиши ё овоз чиқариб тасбеҳ айтиши ножоиздир.

Намоз ўқиётган киши олдидан ўтмоқчи бўлган одамни қўл кўтариб қайтариши мумкин эмас.

Макруҳ бўлмаган амаллар

  1. Уст кийим (чопон) барла­рини боғлаш;
  2. Белига, намоз ўқишига халақит қилмаса, қилич ва шунга ўхшаш нарсаларни боғлаш (агар халақит берса, макруҳдир);
  3. Қуръонга ёки осилиб турган қиличга, шамга ёки қандилга қараб, олдида ўтир­ган кишининг орқасида на­моз ўқиш;
  4. Жонли нарсанинг расми бўлган гиламда расмга сажда қилмай намоз ўқиш;
  5. Чақиб олиш хавфи бўл­ган илон ё чаённи бир неча марта уриб бўлса ҳам, ўлди­риш; .
  6. Намозни пешона ботиб кетмайдиган гилам, палос ва кигизга ўхшаш нар­салар устида ўқиш; ерда ёки ерда унган ўсимликдан бўл­ган мато устида намоз ўқиш афзалдир;
  7. Нафл намозларнинг бир ракатида бир сурани бир неча бор ўқиш;
  8. Аврати очилмас­лиги учун тиззасига ёпишиб қол­ган иштонини тиззаларидан оз амал билан ажратиш.

Намозни бузиш ҳақида

  1. Қийин аҳволда қолган кишининг ёрдам сўраб чақи­ришини эшитганида, ёрдам бериш мақсадида намозни бузиш вожибдир.
  2. Бир дирҳам кумуш қий­мати­да бўлган нарсанинг, бош­қа кишиники бўлса ҳам, ўғир­ланишидан қўрққан пайтда намозни бузиш жоиз­дир. .
  3. Фарз намоз ўқиётган ки­шининг ота-онасидан бири чақирганида, намозни бузиши жоиз эмас.
  4. Бўри қўйларига ҳужум қилишидан қўрққанда ё қў­зичоқ ё ёш боланинг қудуққа тушишининг олдини олиш учун намозни бузиш жоиз.
  5. Боланинг ё онасининг ўлиб қолиши хавфи бўл­ганда доя намозни бузиш ё тахир (кечиктириб) ўқиши вожиб. Ўлим хавфи бўлмаган пайтда ҳам доя вақти кирган намозни кечиктириб, бола билан маш­ғул бўлишининг зарари йўқ.
  6. Мусофир ўғрилар ёки қароқчилардан қўрққани­да, намозни кечиктириши мумкин. Бошқа ҳолларда намозни кечиктириш жоиз эмас.

 

Ҳасан ибн Аммор ШУРУНБУЛОЛИЙнинг «Нурул изоҳ» асаридан

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан