Мақолалар

Ҳимматни баланд тутинг, оталар!

Чоп этилди Oktabr 3, 2019 Ҳимматни баланд тутинг, оталар!da fikr bildirishni o'chirish

Яқинда Самарқандга бориб келдим. У ерда кўпчиликка ўрнак бўла оладиган ажойиб инсон билан танишдим. Ана шу учрашув сабабли хаёлимга келган мулоҳазаларни сиз билан ўртоқлашмоқчиман.

Суҳбатимиз олий таълим мавзусига кўчган пайт янги танишим:

– Ўғлим психология ва дастурлашга қизиқади, инглиз тилини яхши ўрганди. Қайси универ­ситетга топширса экан, ўйланиб турибмиз, – деди.

– Психология яхши, лекин ахборот технологиялари бугуннинг ҳам, эртанинг ҳам энг олди соҳаси. Шуни маҳкам тутса, кам бўлмайди. Тошкентдаги Инҳа университетини мақташади, шуни бир суриштириб кўринг. Лекин шартнома нархи қиммат – беш минг доллар, – деб маслаҳат берган бўлдим.

– Қизимнинг ўқиши билан бир хил экан-да, – деди суҳбатдошим.

– Қизингиз қаерда ўқийди? – қизиқсиндим мен.

– Тошкентда, Сингапур университетида.

Тўғриси, ичимда “Ваҳ!” девордим, ҳиммати баланд отага ҳурматим ошди, қойил қолдим. Ҳали қирққа бормагандай кўринадиган, аслида элликни қоралаб қўйган бу кишининг “ёш­лиги”га мана шундай бағрикенглиги, меҳр-шафқати ҳам сабаб бўлса керак.

Қаҳрамонимиз деҳқон, асосий даромади экин-тикин ва уйда боқиладиган чорвадан экан. Тўрт қизи ва бир ўғли бор. Икки қизи олий ўқув юртини тугатибди, турмушга чиқибди. Икки кичик қизи ҳали талаба. Оддий деҳқон учун фарзандини шартнома пули 5000 АҚШ доллари бўлган илм даргоҳида ўқитиш қанчалар мушкул эканини тасаввур қилиб кўринг. Ўғил бўлса-ку, эртага ишлаб “қайтаради”: ота-онаси қариганида боқади, ғамхўрлик қилади, дейиш мумкин. Лекин қизининг таълими учун ҳар йили шунча пул тўлашни ҳамма ҳам хоҳламайди.

Ота-оналар, тўғрироғи, оталарнинг (бобо ва бувиларнинг ҳам) қиз фарзандларга кам эътибор бериши кенг тарқалган ҳолат. Бу фақат халқимизга эмас, одамзод феъл-атворига хос. Чунки наслни ўғил давом эттиради, ёнингда йўлдош, белингга қувват бўлади.

Албатта, тарбияси яхши, имони бутун бўлса. Қиз фарзандлардан топиладиган яхшиликлар математик ҳисоб-китоб тарозисига қўйилган тақдирда ҳам, ўғилникидан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Аммо буни англаш, тушуниш учун қалб кўзи очиқ бўлиши керак.

Кундалик ҳаётда ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлганмиз: тарбияли, олий маълумотли қизларнинг эшигидан совчи аримайди. Ота-онада ҳам, қизда ҳам эртага оилани бошқара оладиган, касб-ҳунарли, ахлоқли куёв танлаш имкони кенг бўлади. Фарзандининг тинч-тотув ҳаёт кечириши ота-она учун жуда катта бахт. Бундай саодат ва ҳаловатнинг қадри жуда юксак.

Фарзанди тарбиясига эътиборсиз қараган, сармоясини боласининг таълим олиши ёки ҳунар ўрганишига эмас, сепига, ҳар хил латта-путта ва матоҳларга тикканлар ютқазади. Эртага ана шундай арзимас нарсаларни муҳим санайдиган куёвларга, қайнота-қайноналарга дуч келганда, ичдан зил кетиб, айбни кимдан ахтаришни билмай қолади.

Умид билан фарзанд ўстираётган ота-оналар, айниқса, оталар! Болаларингиз тарбияси ва таълимига диққатли бўлинг. Улардан меҳрингизни, ғамхўрлигингизни аяманг. Бугун сарфлаган маблағингиз эртага албатта мевасини беради. Қизим ўқишга кирса, мендан узоқлашади, тарбияси бузилиши мумкин, деган васвасаларга ишонманг. Ёшлигидан яхши тарбия, ҳалол луқма берган бўлсангиз, мукофотини албатта оласиз. Бу менинг ёки бошқа бировнинг хулосаси эмас, кунда-кунора исботини топаётган ҳаёт ҳақиқати. Ҳатто кўзлаганингиздан камроқ натижага эришсангиз ҳам, хафа бўлманг, қизларига меҳр-шафқат кўрсатган, оқ-ювиб, оқ тараб вояга етказган ота-оналарга Пайғамбаримиз жаннат башоратини берганлар. Бу эса, энг баланд даражадир.

Ориф ТОЛИБ

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан