Мақолалар

Витр намози

Чоп этилди Oktabr 4, 2019 Витр намозиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳукми, ўқилиш тартиби

Витр – вожиб намоз. У уч ракатдир. Унинг ҳамма ра­кат­ларида Фотиҳа сураси ва яна бир сура ўқиш вожиб­. Иккинчи ракатдан сўнг (қаъда ҳолида) ўтириш вожиб. Қаъдада “Аттаҳиёту” ўқила­ди. Учинчи ракатга турил­ганда, такбири таҳрима айтилмай­ди. Фотиҳа ва бир сура ўқий­ди, сўнг такбир айтиб, қўл­лар қулоқнинг юмшоғигача кўтарилади. Сўнгра қўлларни боғлаб, киндик остида тутилади ва рукудан аввал Қунут дуоси ўқилади. Витр намози фақат Рамазон ойида жамоат билан ўқила­ди. Рамазондан бошқа пайтларда витр намози жамоат бўлиб ўқилмайди.

Қунут дуоси

“Қунут” дуо деганидир. У бундай: “Аллоҳумма инна настаъинука ва настағфи­рук. Ва нуъмину бика ва натаваккалу ъалайка ва нусний ъалайкал хойр. Наш­курука вала накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ма­йяфжурук. Аллоҳумма иййака наъбуду ва лака нусоллий ва насжуду ва илайка насъа ва нахфиду наржу роҳматак(а). Ва нахша ъаза­бака, инна ъазабака бил куффари мулҳиқ”.

Маъноси: “Ё Аллоҳ! Фа­қат сендан ёрдам сўраймиз, бизни тўғри йўлга ҳидоят қилишингни тилаймиз. Сен­дан гуноҳларимизни мағ­фират қилишингни сўрай­миз ва сенга тавба қиламиз. Сенга имон келтирамиз ва таваккал қиламиз. Сенга ҳамд айтамиз ва доимо яхшилик билан зикр қиламиз. Сенга шукр қиламиз ва ҳеч қайси неъматингни инкор қилмаймиз. Куфрдан ва сенга хуш келмайдиган барча нарсалардан ўзимизни узоқ тутамиз. Сенинг ризолигингга зид ҳаракат қилганларни тарк этамиз.

Ё Аллоҳ! Фақат Сенга ибодат қиламиз, фақат Сен учун намоз ўқиймиз. Фақат Сенга сажда қиламиз. (Амалда бизни Сенга яқинлаштирадиган нарсаларни қўлга киритиш учун бор кучимиз билан ҳа­ракат қилиб), Сенга талпина­миз. Раҳматингни умид қи­либ, азобингдан қўрқа­миз. Муҳаққақ ишонамиз­ки, ҳақ азобинг кофирларгадир”. .

Қунут дуосини имом ҳам, муқтадий ҳам ичида ўқийди.

Қунут ҳақидаги ҳукмлар

  1. Қунут дуосини яхши бил­маган киши уч марта “Ал­лоҳуммағфирлий” дейди ёки “Роббана атина фид­дуня” ­дуосини ўқийди ёки уч марта “ё Роббий” дейди.
  2. Агар бомдод намозида (шофиъий мазҳабидан бўлган) имом Қунут дуосини ўқиса, унга иқтидо қилган ҳанафий мазҳабидаги жамоат қўлларини ёнга ташлаб, жим туради.
  3. Витр намозининг учинчи ракатида Қунут дуосини ўқишни унутиб, рукуда ёки рукудан тургач, эслаган киши (қайтиб) қунут дуосини ўқимайди. Намоз сўнгида Қунут дуосини тарк этгани учун саждаи саҳв қилади. Агар рукудан қайтгач, Қунут дуосини ўқиса, қайта руку қилмайди. Қунут дуосини ўрнида ўқимагани учун саждаи саҳв қилади.
  4. Муқтадий Қунут дуо­сини ўқиб битирмасидан ёки ҳали бошламаси­дан имом рукуга бор­са, имом билан бирга руку қи­лол­масликдан қўрқса, (Қу­нутни ўқимасдан) имомга эргашади (у билан руку қилади). Имом Қунут дуосини ўқимасдан рукуга борса, муқтадий Қунут дуосини ўқиса, имомга рукуда етиша олса, Қунут дуосини ўқийди, акс ҳолда имомга эргашади. Витр намози учинчи ракатининг рукусида имомга иқтидо қилган (масбуқ) киши Қунут дуосига (ҳукман) улгурган ҳисобланади. У намознинг етиша олмаган қисмини ўқишга турганида Қунут дуосини ўқимайди.

Муҳаммадшариф ЖУМАН тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан