Мақолалар

Ношукрлик касридан асрасин!

Чоп этилди Oktabr 4, 2019 Ношукрлик касридан асрасин!da fikr bildirishni o'chirish

Маҳалламизда Тўйдиқ момо деган кампир бўларди. Доим кулиб турадиган, болаларга жуда меҳрибон онахондан: “Нима учун отингиз Тўйдиқ?” деб сўрайверардик. У саволимизга жавоб бермасди. “Қоқиндиқлар”, деб елкамизни силаб қўярди.

Қишлоғимизда қандай воқеа бўлса, биз, болалар ёпирилиб борардик. Бир куни нарироқдаги қўшниникида жанжал бўлаётганини эшитиб, ўша томонга чопдик. Аҳвол жуда аянчли эди: барзангидек эркак ориққина хотинини узун сочидан ушлаб олиб урар, аёл қочиб кетишга беҳуда уринарди. “Ўзи ичкуёв бўлса…” “Яна ичибди-да”, деб гапиришарди атрофдагилар. Уч-тўрт киши уни ушлаб, айвон устунига боғлаб қўйишди. Эркак бир муддат типирчилаб, сўкиниб турди. “Туққани фақат қиз, менинг ўғлим йўқ. Наслимни қуритди”, деб ўкириб йиғлади. Кейин ухлаб қолди. Арқонни ечиб, уйига киришди.

Калтак еган хотиндан, болаларидан қўни-қўшни хабар олиб турганини кексалар гапидан билардик. Бир куни аёл анча тузалиб қолганини эшитиб, кўргани бордик. Атрофи тут дарахтлари билан ўралган ҳовлига яқинлашганда ошхона вазифасини ўтайдиган бостирмада Тўйдиқ момо билан гаплашиб ўтирганини кўриб тўхтадик. Қудуқ ёнида суҳбатларини эшитдик.

– Худога шукр қил, уч боланг бор, – деди момо. – Оилада тўққизинчи қиз бўлганман.
Ота-онам “бизга ҳам ўғил берсин, қиздан тўйдик”, деган маънода менга шундай исм қўйишган экан. Кейин саккиз нафар опам бирин-кетин ҳар хил баҳона-сабаб билан оламдан ўтиб кетишибди…

Тўйдиқ момо бошидаги катта рўмолининг бир томони билан юзини ёпиб, ҳиқиллаб, силкиниб-силкиниб йиғлади: “Ота-онам бошқа фарзанд кўришмади. Мени асраб-авайлаб катта қилишди. Аммо ёлғизлик ёмон экан…”

Шу орада ўйнаб юрган невараси йиқилиб тушди. Момо: “Кўп яшагур-ей, юр, кетамиз уйга”, дея болани опичлаб ёнимиздан ўтиб кетди.

Ҳанифа ОРТИҚОВА

Тошкент шаҳри

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 2-сонидан