Мақолалар

ҚАБРДАГИ ИККИ ФАРИШТА (МУНКАР ВА НАКИР) ҲАҚИДА

Чоп этилди Oktabr 4, 2019 ҚАБРДАГИ ИККИ ФАРИШТА (МУНКАР ВА НАКИР) ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки қабр фариштаси (Мункар ва Накир)ни эсладилар. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Бизга (шу вақтда) ақлимиз қайтариладими, ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)?”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, бугунги кундаги ҳолатингиздек бўласиз”, дедилар. Умар (розияллоҳу анҳу): “Унда у (фаришта)нинг оғзида тош бўлади”, деди».

Абу Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Мўмин Аллоҳ учун қадрли инсондир. Аллоҳга яқинлашган сари мўминнинг ҳурмати ортиб боради. Шу боис мўминга ким ёмонлик қилса, мўмин ҳам Аллоҳ ўз изни ила унга қарши ҳаракат қилади ва Аллоҳ уни азиз қилиб қўяди. Нега энди шундай бўлмасин?! Ахир, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “…Ҳолбуки, куч-қуд­рат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар” (Мунофиқун, 8).

Билингки, мунофиқлар буни билмайдилар. Мўминларга эса шу нарса маълумки,
Аллоҳ толо уларни азиз қилиб қўйган. Шу боис мўминлар азизлик фақат Аллоҳдан эканини биладилар. Умар (розияллоҳу анҳу) икки қабр фариштасини эшитгач, бундан аччиқланди ва Аллоҳга ҳамда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан юқоридаги саволни сўрашга ботина олди. Зеро, Умар (розияллоҳу анҳу) тилидан баъзан ғайбий хабарлар янграб турар эди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Бизга ақлимиз қайтариладими?”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, бугунги кундаги ҳолатингиздек бўласиз”, деганларида, Умар (розияллоҳу анҳу)ни нодонлик журъати эмас, балки Аллоҳга бўлган яқинлиги ва далолат журъати сўзлашга мажбур қилди. Бу журъат сергаклик ва маърифатдан ҳосил бўлган журъат эди. Нодонлик журъати эса, жаҳолат ва ғафлат сабабли юзага келади. Умар (розияллоҳу анҳу) мазкур журъатла: “Унда у (фаришта)нинг оғзида тош бўлади”, деди. Яъни, Умар (розияллоҳу анҳу): “Агар ўша вақтдаги ақлим ҳозиргидагидек бўлса, гўзал, мувофиқ ва мукаммал жавоб билан фариштани гапиртирмай, гўё унинг оғзига ўз жавобим билан тош солиб қўйгандек бўламан”, демоқчи бўлган. Зеро, Умар (розияллоҳу анҳу)га ҳақ ҳужжати ва ақл кўзи билан иш кўриш каби неъматлар ато қилинган бўлиб, у зот ўз имкониятлари ила қабрдаги ҳолатига назар солди ва ўзида имтиҳондан ўтиш учун етарли ҳужжат борлигини кўрди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўз нафсига назар солиб, унда ҳақ ҳужжати ҳамда нури ва ақл кўзи билан иш кўра олиш қобилияти борлигини олдиндан кўра олди. Умар (розияллоҳу анҳу) бу имкониятларини инобатга олган ҳолда қабрдаги фаришталарнинг саволларига жавоб бера олишини англаб етди. Дарҳақиқат, қабрдаги савол-жавобга вакил қилинган фаришталар Мункар ва Накир деб номланади. Уларнинг исми ҳам қулоқларга қўрқинчли эшитилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни васф қилиб шундай деганлар: “Кўзлари қамаштирувчи чақмоқ, товушлари эса қулоқни жунбушга келтирувчи момақалдироқ сингаридир. Сочлари оёқлари остида бўлади, тишлари билан ер ковлайдилар”. Мазкур фаришталарнинг Мункар ва Накир деб номланишининг сабаби шундаки, уларнинг кўринишиёқ қўрқинч уйғотади. Агар қалбда маърифат ҳужжати бўлса, яъни дунё подшоҳлари-ю фиръавнларидан қўрқмайдиган ва қалб нафратланган нарсаларга эътибор бермайдиган даражадаги маърифат ҳужжати бўлса, бундай қалб соҳиби қалби қўрқмайдиган нарсадан қўрқмайди ва қалби эъти­бор бермайдиган нарсага эътибор қаратмайди.

Бошқа бир ривоятда Умар (розияллоҳу анҳу)­нинг: “Ундай бўлса, мен уларга кифоя қиламан, ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)!”, деган сўзлари келтирилади. Умар (розияллоҳу анҳу) ақлининг қуввати ва ўзига ҳақ ҳужжати ато қилинганини билган эди. Шунингдек, Умар (розияллоҳу анҳу) қабрда ҳам ҳаётдаги шижоати қайтариб берилишини билгач, ўзига бўлган ишончи янада ортди. Зеро, Умар (розияллоҳу анҳу) қалбида Аллоҳнинг қўрқинчидан бошқа ҳеч қандай қўрқинч йўқ эди. У зот на урушлардан ва на Шарқу Ғарбдаги душ­ман подшоҳлардан қўрқар эди. Ҳатто Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ўғли Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)да ҳам бу хислат мавжуд эди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) йиртқич ҳайвондан қўрқмай, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини ривоят қилгани тарихда ўз исботини топган.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сафарга чиқди. У йўлда тўпланиб турган бир гуруҳ инсонларни учратди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): “Булар кимлар?”, деб сўради. Одамлар: “Шер йўлни тўсиб қўйди”, дейишди. Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) уловидан тушиб, шернинг олдига юриб борди ва уни қўли билан боғлаб, йўлдан четлантирди, сўнг деди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёлғон гапирмаганлар. Одам фарзанди нимадан қўрқса, ўша нарсага асир бўлади. Агар одам фарзанди Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаса, Аллоҳ ҳам уни ҳеч кимга асир (қўрқадиган) қилиб қўймайди. Албатта, одам фарзанди нимага умид қилса, ўшанга суянади. Агар одам фарзанди фақат Аллоҳга умид боғласа, Аллоҳ ҳам уни ҳеч кимга муҳтож қилмайди”».

Абу Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Дунё подшоҳларидан, уларнинг зулму ситамларидан қўрқмайдиган ҳамда озорли йиртқич ҳайвонлардан ҳайиқмайдиган кимса Мункар ва Накирдан ҳам қўрқмасликка лойиқроқдир».

Умар (розияллоҳу анҳу) ҳолати ҳақида ривоят қилинган ҳадис шунга далолат қиладики, барча инсонларга дунёда қандай ақлга соҳиб бўлган бўлсалар, ўша ақллари қайтарилади. Шунингдек, ақллар орасида тафовут мавжуд. Агар инсоннинг ақли мустаҳкам бўлса, дунё даҳшатларидан бирига йўлиққанда даҳшатга тушмай, ҳайратланиб ўзини йўқотмай тўғри йўлдан айро бўлмаса, қабрда ҳам шу ақли билан бўлади ва саволларга жавоб беришда адашмайди. Бундай инсон қабр фаришталарининг қўрқинчли сурати-ю сўзлари билан юзлашганда, даҳшатга тушмайди, ҳайратланмайди. Агар инсоннинг ақли дунё қўрқинчларига дош бера олмайдиган, даҳшат ва ҳайрат билан титраб, тўғри йўлдан адашадиган бўлса, қабрдаги ҳолати ҳам шун­дай бўлади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўмин бандасига лутф қилиб, унга ёрдам беради ва ҳар қандай ҳолатда уни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ имон келтирганларни дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам устувор Сўз (имон калимаси) билан собитқадам қилур…” (Иброҳим, 27). Бу оятда инсоннинг қабрдаги собитқадамлиги ва ҳозиржавоблиги назарда тутилган. Банда қабрда қанчалик ҳозиржавоб бўлса, қўрқинчдан ҳам шунча тез халос бўлади. Ваҳб ибн Мунаббаҳ (розияллоҳу анҳу) Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)нинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Сур ҳақидаги ҳадисни айтгани бизга қуйидагича ривоят қилинган. Мазкур ҳадисни Исмоил ибн Рофиъ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Сур ҳақидаги ҳадисни зикр қилдилар ва охирида шундай дедилар: “Аллоҳ таоло ўлим фариштаси (алайҳиссалом)га айтади: “Ким қолди?” Ўлим фариштаси: “Ўлмайдиган доим тирик ва қайюм бўлган Сен қолдинг ҳамда банданг ўлим фариштаси қолди”, дейди. Аллоҳ таоло: “Эй ўлим фариштаси, сен ҳам Мен яратган ушбу кўриб турганингдек бандаларимдан бирисан. Мен яратган бандаларимнинг барчаси ўлди. Энди сен ҳам ўл, сўнг асло тирилма”, дейди”».

Мазкур ҳадиснинг аксарият ровийлари “Сўнг асло тирилма” жумласини зикр қилмаганлар ва бу сўзлардан қўрққанлар. Бу Аллоҳнинг илмидир. Умар ибн Ҳорун (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда ҳам мазкур жумлалар йўқ.

Мазкур жумлага назар солар эканмиз, шуни ҳис қиламизки, Аллоҳ таоло мўминларни ўзларидан ҳам кўра кўпроқ яхши кўради. Аллоҳ уларга маърифат ва имон неъматларини ато қилган, уларни пайғамбарлик, валийлик ва тоат неъматлари билан ризқлантирган. Дарҳақиқат, мўминларнинг ҳурмати ва қадри Аллоҳнинг ҳузурида юқоридир. Қиёмат қоим бўлиб, Аллоҳнинг суюкли бандалари бўлмиш пайғамбарлар ва бошқа мўминлар қайта тирилгач, ўлим фариштасига назарлари тушади. Улар дунёда ўлим фариштаси билан юзланиб, озор ва қийноқларга дуч келганларини эслайдилар. Улар ўлим фариштасига қарар эканлар, ғам чекиб, оғринадилар. Бундай вазиятда Аллоҳнинг суйган бандаларига ҳурмат бажо келтириш лозим бўлади. Инсоннинг табиати ҳам шундай эканини кўрамиз. У бировдан ёмонлик кўрса, унинг юзига назар солишга оғринади. Инсон ўзини ўлдирган ва ҳар бир бўғимидан руҳини суғириб олган ўлим фариштасидан қандай қўрқмасин?! Ўлим фариштаси аввал инсонларнинг олдига кўзга кўринадиган шаклда келар эди. Одамлар уни ҳақоратлаб, озор бергач, ўлим фариштаси Аллоҳга шикоят қилиб, ўзини кўринмас қилиб қўйишини ҳамда касаллик ва хасталиклар каби сабаблар билан инсонларнинг жонини олишни сўради. Натижада Аллоҳ ўлим фариштасини инсонларнинг кўзлари ва қалбларидан беркитиб қўйди ва улар: “Фалончи шундай касаллик билан вафот этибди”, дейдиган бўлдилар.

Шунингдек, Мусо (алайҳиссалом) ҳам ўлим фариштасини уриб, кўзини чиқариб юборгани ҳақида ривоятлар мавжуд. Шунда ўлим фариштаси Аллоҳга шикоят қилган. Бунинг маъносини билмаган инсон ҳадисларнинг ривоятини мункар (инкор қилинган), мадфуъ (қайтарилган) ва муттаҳам (айбли) деб билади. Аммо бу ҳадисларнинг ровийларини қандай қилиб айбли санаш мумкин. Ахир, бу ҳадисни муҳаддис имомлар турли йўллар билан ривоят қилганлар. Шулардан баъзилари қуйидагичадир:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ўлим фариштаси кўзга кўринадиган шаклда келар эди. Бир сафар Мусо (алайҳиссалом) олдига келди. Мусо (алайҳиссалом) уни уриб, кўзини чиқариб юборди. Ўлим фариштаси Раббисининг ҳузурига бориб: “Ё Раббим! Банданг Мусо (алайҳиссалом) кўриб турганингдек мени шу аҳволга солди. Агар Сенинг ҳузурингда унинг ҳурмати бўлмаганида эди, уни парчалаб ташлар эдим”, деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам Мусо (алайҳиссалом) олдига бориб унга: “Қўлингни ҳўкизнинг устига қўй. Кафтинг остида қанча тук турган бўлса, шунча йил яшаш ихтиёри сенга берилди”, деб айт”, деди. Ўлим фариштаси Мусо (алайҳиссалом) олдига қайтиб келиб, мазкур хабарни етказди. Мусо (алайҳиссалом): “Эй ўлим фариштаси, ундан (шунча йил яшаганимдан) сўнг нима бўлади?”, деб сўради. Ўлим фариштаси: “Ўлим”, деди. Шунда Мусо (алайҳиссалом): “Унда ҳозироқ жонимни ол”, деди. Ўлим фариштаси Мусо (алайҳиссалом)ни бир ҳидлаб жонини олди. Сўнг ўлим фариштасига кўзи қайтариб берилди. Шундан сўнг ўлим фариштаси инсонлар олдига махфий келадиган бўлди”».

Ҳасан (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: “Ўлим фариштаси Мусо (алайҳиссалом) олдига келганда Мусо (алайҳиссалом) уни уриб, кўзини чиқариб юборди”.

Али (розияллоҳу анҳу) Ҳаммод ибн Салама (розияллоҳу анҳу)дан, у эса Ҳасан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган кўпчилик муҳаддислардан мазкур ҳадисга ўхшашини ривоят қилган.

Ҳасан (розияллоҳу анҳу)дан: “Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)данми?”, деб сўрашди. Ҳасан (розияллоҳу анҳу): “Ҳа, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган”, деди.

Абу Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: «Шубҳасиз, бу нарсанинг Мусо (алайҳиссалом) томонидан содир этилиши ва бунинг содир бўлиши мумкин иш сифатида қабул қилинишининг сабаби шундаки, Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан сўзлашган пайғамбар бўлган. Мусо (алайҳиссалом) ўзига қарши қилинган журъатни ва озорни катта кулфат сифатида қабул қилган гўё. Мусо (алайҳиссалом)нинг ўлим фариштаси билан мунозара қилганида ҳам шунга гувоҳ бўламиз. Мусо (алайҳиссалом) ҳужжатли сўзлари ила ўлим фариштасига раддия бериб шундай деган: “Руҳимни қаеримдан оласан? Оғзимданми? Мен оғзим билан Аллоҳга муножат қилганман! Қулоғимданми? Қулоқларим билан Аллоҳнинг каломини эшитганман! Қўлимданми? Қўлларим билан Лавҳлар (Таврот)ни ушлаганман! Оёғимданми? Оёқларим билан тик туриб, Тур тоғида Аллоҳ билан розлашганман! Кўзимданми? Юзимни Аллоҳнинг нури ёритган!” Ўлим фариштаси бир сўз айта олмай Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб кетган. Дарҳақиқат, Аллоҳга итоаткор банда, Аллоҳнинг мадади билан журъатли бўлади. Мар­ям (алайҳассалом)нинг Жаброил (алайҳиссалом)­га айтган сўзларини эсланг: “…Мен Раҳмонга илтижо қилиб, сендан паноҳ беришини сўрайман. Агар (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг (менга зиён етказмагин) (Марям, 18). Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг фазли ила далил ва ҳужжатли инсон бўлган. Шу боис далилларини ўзгаларга тинглата олган».

Бизга ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: «Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан гаплашмоқчи бўлса, Жаброил (алайҳиссалом) жаннадан иккита либос ва жаннат гавҳаридан бўлган бир курси олиб келар эди. Мусо (алайҳиссалом) унга ўтириб: “Қуддус! Қуддус!”, дер, Аллоҳ эса: “Лаббай, лаббай, эй Мусо (алайҳиссалом)!”, дер эди. Бундай ҳурматга яна ким ҳақли бўла олади?! Эҳтиромнинг улуғлигини кўринг! Мусо (алайҳиссалом) муножатни тугатиб, курсидан тушганида юзини кўтарар эди. Юзидаги нурнинг ёғдуси сабабли қирқ кунгача ҳеч ким Мусо (алайҳиссалом) юзига қарай олмас эди. Мусо (алайҳиссалом) буни билгач, юзини ниқоб билан тўсиб оладиган бўлди».

Жарир ибн Жобир Жуъфий (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: “Мен Каъб (розияллоҳу анҳу)нинг шуларни айтганини эшитганман”.

Бошқа бир хабарда шундай ривоят қилинади: “Жаб­роил (алайҳиссалом) Мусо (алайҳиссалом)ни қанотида олиб, юқорига кўтарилади. Ҳатто Қаламнинг шитирлаши эшитилади. Аллоҳ у учун Лавҳларга ёзиб бераётган эди”. Аллоҳ таоло томонидан шундай улуғ эҳтиром ва насибага сазовор бўлган одам бировдан ёмонлик етганда ўзини ҳимоя қилади. У ўзини шундай ҳурматга лойиқ кўрган Зот – Аллоҳ учун ҳимоя қилади. Мусо (алайҳиссалом) дунё лаззатларидан баҳра олиш учун ҳаётини сақлашга уринмаган. Зеро, дунё лаззатларига ўчлик пасткаш банданинг иши саналади. Бундай банда ҳаётга тобе ва ўлимга қул бўлади. Аллоҳ азиз қилгани учун ўзини ҳимоя қилган банда эса, Аллоҳнинг  каломидан ва Унга яқинлашишдан лаззат олиш мақ­садида ҳаётга интилган.

Бизга етиб келган хабарларга кўра, бу ишлардан сўнг ўлим фариштаси Мусо (алайҳиссалом) олдига келганида, Мусо (алайҳиссалом) шундай дейди: “Энди кўзим хурсанд бўлди”, яъни Аллоҳнинг берган неъматларига рози бўлдим. Аллоҳ таоло: “Эй Мусо (алайҳиссалом)! Юзингга қуёшдек нурни ўн икки марта кийдирсам, нима дейсан?”, деган. Мусо (алайҳиссалом)га бу неъматларнинг берилганини билган одам у зотнинг ўлим фариштасига қилган муомаласини тўғри англаб етади. Чунки ўлим фариштаси Мусо (алайҳиссалом)дан мазкур улуғ неъматларни олиб қўйиш учун келган эди. Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)ни ҳаяжонлантирган бу ҳолатни яхши билгани учун ҳам унинг ўлим фариштасига қилган ишини жиноят сифатида қабул қилмаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мусо (алайҳиссалом)нинг мартабаси ҳақида шундай деганлар: “Исро кечаси Мусо (алайҳиссалом) олидидан ўтдим. У зотнинг қабрида тик турган ҳолда намоз ўқиётганини кўрдим”. Бу – Мусо (алайҳиссалом)нинг мартабаси! Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан розлашиш ва Унга муножат қилишдек улуғ неъматга сазовор бўлган. Ўлим фариштаси уни бу неъматлардан ўлимдан сўнг ҳам маҳрум қила олмаган. Мусо (алайҳиссалом) ўлим сабабли Аллоҳ билан сўзлашиш ўз поёнига етади, деб ўйлагани боис ўлим фариштаси билан мазкур оҳангда муомала қилган эди. Мусо (алайҳиссалом) дунё лаззатларидан баҳраманд бўлиш учун жонини сақлаш мақсадида ўлим фариштасига қарши чиқмаган эди.

Хабарда келишича, Мусо (алайҳиссалом) ҳузурига келадиган одамлар кўпайиб, издиҳом сабабли қийналиб қолганида Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)­га ёрдам бериш учун мингта пайғамбарни юборади. Улар Тавротни ўқиш ва Бану Исроилга таълим беришда Мусо (алайҳиссалом)га кўмаклашар эдилар. Секин-
аста одамлар Мусо (алайҳиссалом)дан чекиниб, маз­кур пайғамбарларнинг эшиги олдидан кетмайдиган бўлиб қоладилар. Мусо (алайҳиссалом) эса бундан рашк қила бошлайди. Ваҳб ибн Мунаббаҳ (розияллоҳу анҳу) бу ҳақда шундай ривоят қилади: “Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га бўлган ҳурмати сабабли пайғамбарлар-
ни бир кечада ўлдиради”. Бу рашк инсондаги табиий рашк эмас. Бу рашк рағбат ва мусобақа аҳлининг рашки ҳам эмас. Балки Мусо (алайҳиссалом)нинг рашки Аллоҳ учун рашк қилиш эди. Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳга бўлган муҳаббатини бу пайғамбарлар тортиб олишларига жим қараб тура олмади. Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг барча амрини фақат ўзи бажаришни истаб, бунга ҳеч кимни шерик қилишни хоҳламаган эди гўё. Бундай ҳолат инсон табиатида ҳам мавжуд. Одам бирор подшоҳни яхши кўрса ва подшоҳ унга бирор юмушни буюрса, уни бир ўзи бажаришни истайди ва бу ишда бирортасининг шерик бўлиши унга оғир ботади. Бу эса муҳаббатининг ғалаёнига шифо бўлади. Буни муҳаббат аҳли ва муҳаббатдан бир парча бўлса ҳам насибадор бўлганларгина тушунади.

Шубҳасиз, Мусо (алайҳиссалом) ўлим фариштанинг асл кўзини эмас, балки ҳузурига келган ўлим фариштаси бўлиб келган суратнинг кўзини ўйиб олган. Бу борада сўзлашда эҳтиёт бўлиш лозим. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Билгувчироқдир.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм