Мақолалар

СОҒИНЧ

Чоп этилди Oktabr 4, 2019 СОҒИНЧda fikr bildirishni o'chirish

Агар чиндан севсанг ўзингни,

Отанг, онанг, боланг,  дўстингни,

Жонингга жон – қора кўзингни –

Севган каби севгин ўзингни.

 

Поклик нури қалбга малҳамдек,

Ризқинг танлаб шаффоф шабнамдек,

Заррасига минг шукр камдек,

Тоқат билан севгин ўзингни.

 

Дилга экмай ғараз гиёҳин,

Сўзга тўкмай ёлғон сиёҳин,

Бошга киймай риё кулоҳин,

Ибрат билан севгин ўзингни.

 

Гулман десаенг, сара гуллар кўп,

Дурман десанг, маржонлар тўп-тўп,

Барчасини сийла, эт маҳбуб,

Иззат билан севгин ўзингни.

 

Инсонлигинг – улуғ шонингни,

Азон мангу этган номингни,

Булғатмасдан нафсга комингни,

Қудрат билан севгин ўзингни.

 

Ватан боғин япроғи бўлиб,

Тупроғининг тупроғи бўлиб,

Кунларининг арқоғи бўлиб,

Меҳнат билан севгин ўзингни.

 

Омад келса – элдан миннатдор,

Хатойингга бош эгиб иқрор,

Гуноҳларинг ювган истиғфор,

Шафқат билан севгин ўзингни.

 

Атрофингда саноқсиз кўзгу,

Сўз, кўзларинг ўқир минг сезги,

Сен улардан қўрқибмас, ёҳу,

Ҳикмат билан севгин ўзингни.

 

Дунё моли сеҳргар, қиммат,

Тўқ назаринг айлагин чиммат,

Расуллуллоҳ мероси – сийрат,

Зийнат билан севгин ўзингни.

 

Савобларнинг соҳили бўйлаб,

Яхшиликка умринг бож айлаб,

Ёлғиз Ҳақдан муродинг сўраб,

Зийнат билан севгин ўзингни.

 

Сен ҳозирнинг ғаниматисан,

Зулжалолнинг марҳаматисан,

Илоҳий ишқ салтанатисан,

Шавкат билан севгин ўзингни.

Муҳтарама УЛУҒОВА