Мақолалар

Сўраган эдингиз

Чоп этилди Oktabr 5, 2019 Сўраган эдингизda fikr bildirishni o'chirish

Савол: – Бомдод намозидан кейин намоз ўқиб бўлмайди, деб эшитдим. Бомдод вақти чиққунча қазо намозларни адо қилса бўладими?

Жавоб: – Қуёш чиқаётган, тиккага келган ва ботаётган пайтларда ҳар қандай намоз жоиз эмас. Бомдодни ўқигандан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин то қуёш ботгунча нафл намоз ўқиш макруҳдир. Бу икки вақтда қазо намозларни ўқиш мумкин.

Савол: – Мен тадбиркорман. Бир танишимдан пул олиб фойдаланиб, у киши сўрамаса ҳам ўзим қўшиб берсам бўладими?

Жавоб: – Пул қарз олиб, фойдалангани учун устига қўшимча маблағ бериш айни рибодир.

Савол: – Баъзи одамлар дуо қилаётганда “Йигит пирлари қўлласин”, “Ҳазрат Довуд қўлласин”, “Хизр мададкор бўлсин!” деб дуо қилишади. Шундай дуо қилса бўладими?

Жавоб: – Йўқ, бундай дуо қилиб бўлмайди. Барча нарсани Аллоҳдан сўраш керак.

Савол: – Уйда мушук боқиш мумкинми?

Жавоб: – Уйда мушук боқишнинг зарари йўқ. Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абу Қатода (уйимизга) кирди. Унга таҳорат суви қуйиб бердим. Бир мушук келиб, сувдан ичмоқчи бўлди. Абу Қатода эса идишни энгаштириб, ичиб олиши учун тутди. У қараб турганимни кўриб: “Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?” деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир”, деганлар, деди”.

Савол: – Тўйдан олдин олинган никоҳ узуги маҳр сифатида ўтадими, бугунги кунда маҳр миқдори қанча?

Жавоб: – Маҳрнинг энг оз миқдори ўн дирҳамдир. Ўн дирҳам бир динорга тенг бўлади. бир динор эса закот миқдорининг йигирмадан бири деганидир. Закотнинг йигирмадан бири аниқланса, маҳрнинг кам миқдори келиб чиқади. Маҳрга тақинчоқ, кийим ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган нарсаларни ҳам бериш жоиз. Фақат бераётиб унинг маҳр эканини билдириб қўйиш керак.

Савол: – Динимизда қорин томони билан ётиб ухлашдан қайтарилган, деб эшитгандим. Қорин томони билан ётиб китоб ўқиса бўладими?

Жавоб: – Шариатимизда қорин билан ётишдан қайтарилган. Ўнг томонга ёнбошлаб ётган яхши. Қорин билан ётишнинг зарарларини тиббиёт ҳам тасдиқлаяпти. Бу борада Тофха ибн Қайс Ғифорий розияллоҳу анҳудан шундай ҳадис ривоят қилинади: «Ўпка касали туфайли масжидда қорнимни ерга бериб ётган эдим. Биров мени оёғи билан туртиб: “Бундоқ ётишни Аллоҳ ёмон кўради”, деди. Назар солиб қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканлар».

savollar.muslim.uz асосида тайёрланди.