Мақолалар

Пайғамбарлик ваҳийси

Чоп этилди Oktabr 5, 2019 Пайғамбарлик ваҳийсиda fikr bildirishni o'chirish

(Давоми.Бошланиши ўтган сонларда)

Бу орада ёшлари қирққа етди. Энди Аллоҳ таоло тарафидин ваҳий келар вақти бўлди. Фаришталар улуғи Жаброил алайҳиссаломга Худо тарафидин шундоғ фармон бўлдиким: “Ҳабибим Муҳаммадга айтгил, уни бутун Ер усти тамом инсу жинларга пайғамбар қилдим. Менинг даргоҳимда мақбул бўлган Ислом динини бандаларимга ўргатсин, бандаларимга мени танитиб, амру фармонларимни уларга етказсин. Барча халқни мен айтган ҳақ йўлга бошласин”, деди. Жаброил алайҳиссаломга бу фармон етиши билан “Иқра” [Алақ] сурасидан* бошидаги беш оятни келтирдилар. Қуръони каримдан ер устига тушган биринчи сура шу эди.

Ваҳий бошланиши Ра­мазон ойининг еттинчи ку­нига тўғри келди. Шу кун­лар­да Пайғамбаримиз Ҳи­ро тоғининг ғорида ибо­дат­га маш­ғул эдилар. Жаб­роил алайҳиссалом одам суратида кўриниб, Пайғам­баримизга қараб:

– Ўқи! – дедилар. Пайғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

– Мен ўқишни билмай­ман, – деганларида, Пайғам­баримизни қучоқлаб олдилар. Сиқиб туриб яна:

– Ўқи! – дедилар. Шундоқ қилиб, уч қайта сиқиб ту­риб-қўйвориб “Ўқи!” деган сўзни такрор қилдилар. Учин­чи сиқишларида Пайғамбари­мизни эзиб, эмга­ниш даражада қаттиқроқ сиқиб, қўйиб юборгандин кейин “Иқра” сурасининг бошидин беш оятини ўр­гатдилар. .

Сўнгра Жаброил алай­ҳиссалом Пайғамбаримиз билан тоғдин тушиб, бир текис жойга келганларида оёқларини ерга урди эрса, дарҳол шу жойдин бир булоқ пайдо бўлди. Таҳорат олишни ўргатган сўнгида, намоз ўқиш тартибларини таълим бериб, Жаброил алайҳиссалом кўздин ғойиб бўлди.

Мана, биринчи ваҳий ке­лиш тартиби шу эрди. Шу кундин тортиб, пайғамбар­лик даври бошланиб, бу улуғ вазифа Пайғамбаримиз устиларига юкланди. Шу кундан бошлаб, Аллоҳ тао­лодин келган амрларни бандаларига етказиб, аларга Ислом динини ўргатишга киришдилар.

Яна билмак керакким, Аллоҳ таоло ўз қудрати билан барча оламни йўқдин бор қилди. Олам ичида ақл етган, етмаган, кўз кўрган, кўрмаган турли махлуқларни халқ этди. Алар ичида энг ортиқ, аълоси одам фарзандини яратди ва ани ер устига эга қилиб, унга халифалик даражасини берди. Ва ҳам ўзини танитиш учун унга ақл, фикр бериб, ҳақ динни тутиб, тўғри йўлдин юришга буюрди. Буларга раҳбарлик қилиш учун 124 минг пайғамбарларни юборди. Аларнинг ҳақлари учун халқ олдида ҳужжат, далил бўлсин деб, аларга мўъжизалар берди. Яна бизларнинг кўзимизга кўрин­майдиган, бошқа сезиш қувватларимиз билан билин­майдиган бир турли махлуқ­ларни яратдиким, аларни фаришталар, жинлар деб айтилур. Ер устини инсонлар, ҳайвонларга жой қилгандек, осмонларни фаришталарга, ҳавони, ер, сувларни жин тои­фаларига макон қилди.

Мана шу фаришталар ичинда тўрт нафар улуғ фаришталарга пайғамбар­лик даражасини берди. Бу­лар – Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил алайҳис­саломлардур. Тамом мах­луқ­ларга ризқ тайёрлаш иши Микоил алайҳиссалом вазифасидур. Ҳар бир банданинг ейдирган бир парча нони олтмиш қўлдан ўтиб, унинг оғзига тушадур. “Биринчиси Микоил – энг охиргиси новвой” деган сўзнинг ҳақиқати шулдур. Банда ўз ризқини топишда ҳарна ўзи билган, қўлидан келган ҳамма сабабларни қолдирмай қилишга Аллоҳ таоло тарафидин буйрулмишдур. Аммо банданинг кўзи кўролмайдиган бир қанча сабаблар бордурким, уларни ишлаб, вужудга чиқариш фаришталарга топширилмишдур. Бундай бўлгач, банда қўлидан келганича ҳар ишнинг сабабини қолдирмасдин қилиб, қолгани бўлса, уни Худога топширмоқ лозимдур, Ислом шариатининг кўрсатган ҳақиқий йўли шулдур.

Исрофил алайҳиссалом бўлса, қиёмат-қойим бўлишида сур чалиш ва ҳам руҳларни тарбият қилиш, Азроил алайҳиссалом жон олиш, Жаброил алайҳисса­лом Аллоҳ амрларини пай­ғамбарларга еткуриб, ваҳий келтириш, осмоний офатларни ер юзида ижро қилиш вазифаларидадурлар. Бундан бошқа ҳам турли хизматларда Худо амрига қарашлидур. Энди ҳар бир мусулмон одам учун, Худога ва унинг пайғамбарларига, қиёмат кунининг бўлишига, ўлгандан кейин қайтадан тирилмакликка ишонмоқ қандоқ фарз бўлса, фариш­таларнинг борлигига шун­доқ ишонмоқ фарздур. Чун­ки барча пайғамбарларга Худо тарафидин келадиган ваҳийлар шу фаришталар улуғи Жаброил алай­ҳиссалом орқали келур. Лекин у фаришталарни пай­ғамбарлардин ўзга ин­сонлар кўзлари билан кўришлари мумкин эмасдур. Аммо пайғамбарлар бўлсалар, ваҳий келганда инсоний сифатларидин фаришталик сифатларига ўтиб туриб ваҳий олурлар. Чунки уларнинг асли яратилишларида фаришталик, руҳоний сифатлари ғолибдур.

Пайғамбаримиз сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломни пайғамбарлик даври – 23 йилда 24 минг марта кўрганлари ривоят қилинур. Жаброил алайҳиссаломнинг асли хилқатларини икки қайта кўрган эдилар. Бошқа пайғамбарларга бу миқдорда кўриш муяссар бўлмаган эди. Жаброил алайҳиссалом кўпинча чиройли одам суратида бўлиб кўринур эди. Устоз шогирдини ўқитгандек ваҳий келтурган Қуръон оятларини ўргатур эди. Ваҳий тарқаб, Жаброил алайҳиссалом ғойиб бўлгандин кейин кўнгилларида ёд қолган оятларини бир ҳарф қол­дирмасдин саҳобаларга ўргатиб, ҳам ёздирур эдилар. Аммо Пайғамбаримиз Жаброил алайҳиссалом­дин ваҳий олиш чоғлари ўзларида бир ўзгариш пайдо бўлур эди. Чунки руҳоний фаришта билан алоқа боғлаб, инсоний ва жисмоний сифатлардин йироқлашиб туриб, ваҳий олиш лозим келур эди. Мана шу ҳолда ҳозир турган кишилар кўзлари ўнгида Пайғамбаримизда бир ўз­гариш пайдо бўлганини кўрар эдилар. Шундоқки, ваҳий тушган чоғда ҳар қанча ҳаво совуқ бўлса ҳам, табаррук юзлари, пешоналаридан тер оқиб кетар эди. Агар туя минган чоғла­ри­да ваҳий тушса, анинг оғирлигини кўтаролмай, туя дарҳол чўкар эди. Мана, ваҳий келишининг ақлга сиққан миқдори шунчаликдур. Туркий саводхон ёки ярим олим кишиларга мўлжаллаб ёзилган бу китобимизда мундин ортиқроқ ёзишни муносиб кўрмадик. Ўқувчиларимиз катта олим одамлар бўлсалар, бу ҳақда ёзилган арабий, форсий китобларни кўрсунлар. Ҳар бир мусулмонман деган кишига, энг бўлмаса, шунчалик тушуниб қўйиш лозимдур.

Шундоқ қилиб, Пайғам­баримиз биринчи ваҳий олишларида “Иқра” сураси бошидин беш оят ёд­лаб, ваҳий тамомидин сўнг­ра уйларига қайтдилар. Лекин фаришта олами ила инсон оламининг алоқаси, Аллоҳ таолонинг шундоқ улуғ фариштаси Жаброил алайҳиссаломни биринчи қатим кўриб, ундин ва­ҳий олишлари, унинг Пай­ғамбаримизни “Ўқи!” деб уч навбат сиқиб қучоқ­лаши улуғ ҳайбатга эга эди. Мана шунинг учун Пайғам­баримизнинг қалб­лари, бутун танлари инсонлик тақозоси ила ларзон бўлиб, титраб, ҳар ким кўрса, ўз­ларида бошқача бир ҳолат пайдо бўлган эди.

(Давоми бор)

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг “Тарихи Муҳаммадий” асаридан

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 8-сонидан