Мақолалар

Ахий, мен битдим

Чоп этилди Sentabr 28, 2019 Ахий, мен битдимda fikr bildirishni o'chirish

Она тилим – олтин сандиғим

Тил тараққиётининг қонуни шундай эканки, халқ қанча қадимий маданиятга эга бўлса, минг йиллар оша сўзлари ҳам ўзгаришга юз тутиб борар экан. Инглиз тили ҳам асрлар мобайнида ўзгара-ўзгара ёзув билан оғзаки нутқ фарқи таниб бўлмас ҳолга келган. Ўзлари ҳазил билан, биз Ливерпул деб ёзамизу Манчестер деб ўқиймиз, дейишади. Лекин кўплаб ноқулайликларга қарамай, табиати мозийпарастликка мойил бўлган инглизлар имлони ўзгартирмайдилар. Тарихни асраш учун, мумтоз адабиётни унутмаслик учун шундай қиладилар. Бунга тан бериш керак.

Англия ўзининг узоқ тарихида ҳеч қачон бировга қарам бўлмаган. Кўп замонлар улкан империянинг соҳиби эди. Ўз эрки ўзида эди. Биз қарам ўлка бўлганимиз учун ёзувимиздан, демакки тарихимиздан жудо қилиндик. Қайта-қайта саводсизликка маҳкум бўлдик. Тилимизга бегона бўлган кирилл алифбоси мажбуран киритилди. Тўғри, араб алифбоси ҳам туркий тилга ётмаган. “Девону луғотит турк”ни араб тилида, араб ёзувида битган Маҳмуд Қошғарийга осон бўлмаган. Талай туркий товушларга мос ҳарфлар тополмаган. Абдулла Қодирий ҳам ўз романларини араб ёзувида битган. Қипчоқ шевасига хос туринғ, ўтиринғ сўзларидаги асл туркий “нғ” товушини ифода қилолмай, саҳифа тагида батафсил тушунтириш берган. Бу товушга кирилл ёзувида ҳам, лотин хатида ҳам мос белги йўқ.

Туркий халқларнинг кўргилиги шундаки, қадимги турк ёзуви йўқолиб кетган. Мўғилистоннинг Урхун, Россиянинг Енисей дарёлари соҳилидан топилган ёдгорликлар хати бир замонлар поёнсиз кенгликларда макон тутган халқларимизни бирлаштирган эди. Бамисоли хитоий тасвирхат ― иероглифлар турли лаҳжаларда сўзлашувчи бир ярим миллиардлик халқни боғлаб тургандек. Бизнинг ҳам кўҳна ёзувимиз барҳаёт бўлиб, тараққий топганда тилларимиз бу қадар йироқлашиб кетмас, қардош элларимиз мулоқотида учинчи тил восита бўлмас эди. Бизлар ягона буюк тилнинг усмонли, ўзбек, қозоқ, қирғиз, татар, бошқирд, тува, қораўғиз шеваларида сўзлашардик. Ёзи жазирама Туркман чўлларидан то аёзи бешафқат Ёқутиягача поёнсиз маконда бизга тилмоч керак бўлмасди.

Бу армонни айтиш бугун энди жасорат эмас. Кеча бундай сўзлар пантуркизм тарғиботи дея баҳоланар, айтувчига омонлик йўқ эди. Дунёни ларзага келтирган Турк ҳоқонлиги, қудратли Амир Темур давлати Мағрибу Машриқ хотирасидан ўчиб кетмаган ва қондаги таҳлика унут бўлмаган. Шунинг учун ҳам дунё сиёсатининг жиловини тутиб турганлар паневропеизм, панславянизмдан эмас, пантуркизмдан чўчийдилар.

Етмишинчи йилларнинг боши эди. Ёзувчилар уюшмасининг ижод уйида бир кекса ёқут адиби билан қўшни бўлиб қолдим. Жажжи набираси билан келган экан. Қизалоқ ҳар гал таом еб бўлгач, “Ахий, мен битдим”, дерди. Битдим деган қадимий туркий сўзнинг бўлдим, тугатдим маънолари бизга таниш. Шунингдек татар, бошқирд тилларида отани атий, онани аний дейишлари ҳам аён. Лекин бобони ахий аталиши менга янгилик бўлди. Ўша кекса адиб билан тилларимизнинг ўхшаш томонлари тўғрисида гаплашмоқчи эдим. Лекин қулоғи оғир экан, сўзларимни яхши уқмади. Бунинг устига у рус тилида ёзар экан. Мен билан русча сўзлашди. Адибнинг айтишича, ёқут тили йўқолиб бораётган тиллар қаторида. Ёшлар бу тилда гаплашмайдилар, ўқимайдилар. Халқ руслашиб бўлган.

Бу кичик халқларнинг катта фожиаси. Нуфузи миллионга етмаган, тўрт юз йил Россия мустамлакаси бўлган, мустамлака бўлганда ҳам улкан давлатнинг энг чекка, овлоқ еридан жой топган халқнинг ҳоли бошқа не кечиши мумкин? Тағин ҳам тил сақланиб қолибди. Чол набирасига она тилини ўргатибди. Араб тили ҳам, форс тили ҳам етиб бормаган, кўзлардан йироқ бу юртда, камчилик орасида бўлса ҳам, туркий тил ўзининг ибтидоий софлигини асраб қолибди.

Ёқутиядан келган қизалоқнинг, мен битдим, деган сўзи қулоғимда қолди. Шу болажоннинг тили билан бир кичик халқ, мен битдим, тугаб бораётирман, дегандек эди тасаввуримда. Дунёнинг ишларини қарангки, агар чигиртканинг бирор тури камайиб кетса, табиат мувозанати учун ўша турни сақлаб қолишга киришадилар. Табиатнинг қизил китоби бору, жамиятнинг қизил китоби йўқ экан. Бутун бошли бир тил йўқолаётган бўлса, тил эгаси бўлган халқ тугаб бораётган бўлса, бунга биров парво қилмас экан. Наҳотки тирик инсонлар жамоасининг ўша зараркунанда ҳашаротчалик қадри йўқ бўлса!

Туркий тилда сўзлашувчи икки улуғ халқ номи айтилса, биттаси ўзбеклар бўлади. Жаҳон саҳнида ўз ўрнини топган давлатмиз, тараққий этган илму фанимиз, маърифатимиз бор. Ман-ман деган тилшуносларимиз бор. Олимларимиз зиммасида шарафли бир вазифа ҳам турибди. Бу ― фақат ўзбек тили учун эмас, умуман туркий тиллар тараққиёти учун қайғурмоқ, уларнинг қисматини ўйламоқ масъулиятидир. Тили йўқолиб бораётган кичик халқлар катта қардошларига умид кўзини тикадилар. Тиллар, айниқса, илдизи туташ тиллар бир-бирларидан баҳра олиб ривож топадилар. Қилни қирқ ёрган тил билгичларимиз эски замондан қолган тор кулбани тарк этсалар, қардош тилларимизни чоғиштириб ўрганишга қаттиқроқ киришсалар, туркий тилда сўзлашувчи оз сонли халқларнинг йўқ бўлиб кетмасликлари учун жон койитсалар, дейман. Бу ишни биз қилмасак, ким килади? Ўзингни бил, ўзгани қўй, дейиш энди бизга ярашмайди. Қардош тилларни асраш ва ўрганиш аввало ўзимиз учун керак. Тилимизнинг ўзаги бўлган туркий сўзлар тарихи, бугуни ва эртасини ойдинроқ тасаввур қилишимиз учун, она тилимизнинг имкониятларини кенгайтириш учун керак. Катта кемага катта йўл, дейдилар. Бор илмий салоҳиятимиз, ғайратимиз, жасоратимизни кичик қардош тиллар ҳимоясига бағишламасак, бўлмас. Бу биз учун тарихий масъулият, келажак олдидаги улкан бурчдир.

Эркин Воҳидов,

Ўзбекистон халқ шоири

«Сўз латофати» китобидан