Слайдер

Ҳамкорлик алоқалари кенгаяди

Чоп этилди Yanvar 21, 2019 No Comments

Германия Республикаси бутун дунёга юқори сифатли маҳсулотлар экспорт қилиши билан, немис халқи эса вақтни беҳад қадрлаши ҳамда принципиаллиги билан машҳур. Германия дунёнинг энг юксак тараққиётга эришган давлатларидан саналади. Шу боисдан бу диёрда етиштирилган маҳсулотларга талаб катта бўлиши баробарида ўта сифатли маҳсулотларни етиштириш сирларини, таълим тизимидаги ютуқларни  ўрганиш, албатта, фойдали бўлади. Шунингдек, немис халқининг Ўзбекистонимизда етиштирилган қайси маҳсулотларга эҳтиёжи бор? Кўпчилик азизларимизни Президентимизнинг 20-22 январь кунларида кутилаётган расмий ташриф муносабати билан шу каби саволлар қизиқтиради, деган фикрда Германия Республикаси ҳақида қисқача маълумот беришни лозим топдик.

 

ГЕРМАНИЯ (Deutschland)

Германия Федератив Республикаси (Bundesrepublik Deutschland), ГФР – Марказий Европадаги давлат. Шимолий ва Болтиқ денгизлари соҳилида жойлашган. Майдони 357 минг км2. Аҳолиси 82,8 млн. киши (2018). Пойтахти – Берлин шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 16 ер (вилоят)га, ерлар округларга, округлар туманларга, туманлар жамоаларга бўлинади.

Давлат тузуми

ГФР – федератив республика. Амалдаги конституцияси 1949 йил 23 майда қабул қилинган, унга 1954, 1956, 1990, 1993 ва 1994 йилларда қўшимчалар кнритилган. Давлат бошлиғи — федерал президент. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни парламент амалга оширади. У икки палата: бундестаг ва бундесратдан иборат. Бундестаг аҳоли томонидан 4 йил муддатга сайланади. Бундесрат эса ер ҳукуматлари ўз орасидан 4 йил муддатга тайинлайдиган вакиллардан иборат. Ижроия ҳокимият федерал канцлер бошчилигидаги федерал ҳукумат қўлида. Федерал канцлер бундестагда президентнинг таклифига биноан кўпчилик овоз билан сайланади. Вазирлар федерал канцлернинг таклифи билан президент томонидан тайинланади. Ҳар бир ернинг ўз конституцияси, парламент ва ҳукумати бор.

Табиати

Германия манзараси бениҳоя хилма-хил ва жозибадор. Паст ва баланд тоғ тизмалари ораларида ясситоғликлар, ўр-қирлар, кўллар, кенг ва очиқ текисликлар учраб туради. Германия шимолдан жанубга томон 5 ландшафт зонасига бўлинади: Шимолий Германия паеттекислиги, ўртача баландликдаги тог остонаси, Жан.ғарбий Германия бурма пойдеворли ўрта тоғлиги, Жан. Германия Альполди ясситоғлиги ва Бавария Альп тоғлари.

Аҳолиси

Аҳолисининг 90 фоиздан кўпроғи немислар; қисман дан (даниялик)лар ва голландлар ташкил этади. Шаҳар аҳолиси 85 фоиздан ортиқ. Расмий тили – немис тили. Диндорлар – протестантлар (лютеранлар, 50 фоиздан зиёд) ва католиклар. Мамлакат аҳолисининг 8 фоизга яқини мусулмонлар.

Тарихи

VI-VIII асрларда Германиянинг барча ҳудудини франклар эгаллаб олди. IX асрда Германия ерлари Шарқий франклар қироллиги таркибига киргандан сўнг мустақил герман давлатига йўл очилди.

Штауфенлар сулоласи (1138-1268) даврида Германия ҳудуди анча кенгайди. Айрим немис князликлари, айниқса, Саксония князлиги «салиб юриши» ниқоби остида Эльба ва Болтиқбўйи халқларининг ерларини босиб олди.

Германия – 1973 йилдан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатларини 1992 йил 6 мартда ўрнатган. Миллий байрами – 3 октябрь – Германия бирлиги куни (1990).

Хўжалиги

ГФР – юксак даражада ривожланган индустриал мамлакат. Умумий иқтисодий қудратига кўра, дунёда учинчи ўринда, жаҳон савдосида иккинчи ўринда туради. Ялпи ички маҳсулот таркибида саноат ва қурилишнинг улуши 33,6 фоизни, қишлоқ хўжалигининг улуши 1,2 фоизни ташкил этади.

Саноат – немис иқтисодиётининг асосий таянчи. Қўнғир кўмир (дунёда 1-ўрин), тошкўмир, нефть, табиий газ, полиметалл рудалар, калий ва оштузи қазиб олинади. Энергетика, қора ва рангли металлургия, машинасозлик, кемасозлик, кимё ва нефть кимёси, ёғочсозлик, озиқ-овқат саноати, чиннисозлик ғоят ривожланган. Германия саноати асосан ўрта корхоналардан иборат. Саноатда банд бўлган ходимларнинг 32 фоиздан кўпроғи (2,2 млн. киши) йирик фирмаларда ишлайди. «Сименс» концерни, «Фольксваген», “БМВ” ва «Даймлер-Бенц» каби автомобилсозлик фирмалари, «Хёхст», «Байер» ва БАСФ каби кимё концернлари, «Рурколе АГ» кўмир қазиш фирмаси, «ФЕБА» ва «РВЕ» электр техника концерни ёки «Бош» гуруҳи бутун дунёга машҳур бўлиб, дунёнинг ҳамма жойларида филиаллари, корхоналари ёки тадқиқот муассасалари бор. Йирик фирмалар кўпдан-кўп майда ва ўрта корхоналарнинг буюртмачиси ҳисобланади. Бу муваффақиятларда бошқариладиган иқтисодиётдан 1948 йилда бозор хўжалигига ўтилгани ҳал қилувчи омил бўлди. Транспорт воситалари ишлаб чиқариш, машинасозлик, кимё саноати, электр техника, озиқ-овқат, металлургия, кончилик, аниқ механика ва оптика, авиация ва космик саноати асосий тармоқлардир. Техника тараққиёти соҳасида Германия саноати дунёда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Германия иқтисодиёти юксак технологиялардан фойдаланиш туфайли фармацевтика маҳсулотлари, энг янги органик кимёвий моддалар ва сунъий материаллар, тиббиёт электроникаси, оптика ва ўлчов асбоблари ишлаб чиқаришда, янги автомобиллар яратиш ва машинасозликда, телекоммуникация, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш технологиялари соҳасида дунёда етакчи ўринда. Германияда қадимий ва гўзал анъаналарга эга бўлган ҳунармандчилик ривож топган.

Қишлоқ хўжалиги

Германияда қишлоқ хўжалигига яроқли 36 миллион гектар ер бор. У ердан  мўл-кўл, юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириб олинади. Қишлоқ хўжалигининг асосий маҳсулотлари: буғдой, арпа, қанд лавлаги, картошка, шунингдек, узум, мева, сабзавот ва шу кабилар. Чорвачиликда ҳайвон ва парранда гўштлари ва сут етиштирилади.

Германия дунёдаги ташқи савдо айланмаси ҳажми бўйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Германия четга асосан автомобиллар, станоклар, машиналар, кимё маҳсулотлари ва электр техника буюмлари чиқаради. Четдан хом ашё, электр техника ва тўқимачилик маҳсулотлари олади. Пул бирлиги – немис маркаси.

Тиббий хнзмати

Германияда 620 мингга яқин ўринли 2300 касалхона, 267 минг врач ишлайди. Бундан ташқари, 1300 соғломлаштириш муассасалари мавжуд.

Маорифи, нлмий ва маданий-маърифий муассасалари

Конституцияга биноан давлат маориф тизимини умумий назорат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Ҳар бир ерда маориф масалалари билан шуғулланувчи вазирлик бор. 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун таълим мажбурий. Ўқиш муддати –12 йил.

Ҳунар-техника таълими тизимида ҳунар мактаблари, техника ва муҳандислик билим юртлари, турли ихтисосликдаги ўрта махсус таълим мактаблари ҳамда махсус олий мактаблар бор. Олий таълим тизимига университетлар, олий ўқув юртлари, олий бадиий мактаблар, техника мактаблари ва бошқалар киради. Уларда ўқиш – пулли. Германияда ҳар йили 10 миллион фуқаро билим савиясини ошириш имкониятига эга. Малака оширишнинг энг яхши ва самарали шакли халқ университетларидир. Германияда 11та минтақалараро иқтисодиёт ўқув маркази ва 30та малака ошириш институти мавжуд. Йирик фирмалар ўз ходимлари учун алоҳида курслар ташкил этади.

Мамлакатдаги илмий тадқиқот ишлари олий ўқув юртларида, давлат ва хусусий илмий тадқиқот муассасаларида ва иқтисодиёт илмий тадқиқот бўлимларида олиб борилади.

Ўзбекистон – Германия муносабатлари

Ўзбекистон – Германия ўртасида расмий муносабатлар 1992 йилдан бошланган бўлса ҳам, икки давлат ўртасидаги алоқалар узоқ даврга бориб такалади. ХХ бошларида ўзбек чеварлари орасида немисларнинг «Зингер» тикув машинаси ниҳоятда машҳур бўлган.

Икки томонлама ҳамкорлик ривожига К.Аденауэр, Ф.Эберт жамғармалари, Гёте номидаги институт, Германия олий ўқув юртлари университетлари ректорлари конференцияси, «Дойче Велле» телекомпанияси. «Германия-Ўзбекистон» дўстлик жамияти, «ЭПОГ» Берлин жамоат-маданий бирлашмаси катта ҳисса қўшмоқдалар.

Ўзбекистан Миллий университети ва Самарқанд университетининг Гумбольдт номидаги ҳамда Бамберг ва Гёттинген шаҳарларидаги университетлар билан ҳамкорлиги самарали ривожланаётир. Ўзбекистонда немис миллатига мансуб 25 мингга яқин киши яшайди.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan