Дунё янгиликлари

БМТ бош конференциясида нутқ сўзлаб катта шов-шувга сабаб бўлган қизалоқ Грета Тунберг ким ва у нимага эришмоқчи?

Чоп этилди Sentabr 30, 2019 БМТ бош конференциясида нутқ сўзлаб катта шов-шувга сабаб бўлган қизалоқ Грета Тунберг ким ва у нимага эришмоқчи?da fikr bildirishni o'chirish

Бир неча ой аввал 16 ёшли швед қизи Грета Тунберг ёлғиз пикет билан мамлакат парламенти олдида чиқиш қилиб, агар сиёсатчилар иқлим ўзгаришлари масалаларига оид Париж келишувларига жиддий эътибор қаратишни бошламаса, мактабга боришдан бош тортишини маълум қилган эди. Ҳозирга келиб Гретанинг норозиликларига 1,5 миллиондан зиёд одам қўшилган. Қизнинг ўзини эса Нобель мукофотига тавсия этишмоқда. Хўш, 16 ёшли ўсмир қиз Грета Тунберг нимага эришмоқчи? «Дарё» шу ҳақда ҳикоя қилади.

«Келажак номидан жума»

2018 йилнинг 20 августида 15 ёшли Грета Тунберг илк бора Рикстаг биноси олдида қўлбола плакат билан пайдо бўлди. У глобал иқлим исиши оқибатида Швецияда юзага келган қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари муаммосига сиёсатчиларнинг эътиборини қаратишни мақсад қилган эди ва агар бу муаммога жиддий ёндашув бошланмаса, у мактабга чиқмаслигини эълон қилган. Айтиш жоизки, Грета пикет учун жуда қулай вақт танлаган. Чунки ўшанда Рикстаг сайловига атиги уч ҳафта қолган ва сиёсий партиялар сайловолди тарғиботини роса авжига чиқарган эди. Парламент биноси қаршисида ёлғиз пикет қилаётган Гретанинг қўлида «Иқлим учун мактаб норозилиги» деган ёзув бўлган. Қўшимчасига, у ўзига эътибор билан яқинлашган одамларга шахсий принтерида тайёрланган флаерларни тарқатган. Унда Грета нима учун пикет қилаётганини қисқача тушунтирган: «Биз болалар баъзан катталарнинг гапига кирмаймиз. Биз ҳам ўзимизни катталардек тутяпмиз. Агар сиз катталар бунга тупурган бўлсангиз, биз ҳам тупурдик. Менинг исмим Грета ва мен тўққизинчи синфда ўқийман. Мен парламент сайловигача бўлган вақтда мактабга боришдан бош тортаман!»

Ўша куни уни Рикстаг қаршисида кўрган кўпчилик бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида хабар қолдирди. Ҳафтанинг охирига бориб Грета ёнида яна бир неча ўнлаб одам тўпланди. Парламент аъзолари ҳам уни қўллаб-қувватлаб чиқишлар қилди. Мамлакатнинг энг етакчи ОАВлари ҳамда давлат телеканаллари у ҳақида ахборот тарқатди.

8 сентябрь куни, яъни парламент сайловига бир кун қолганида Грета энди тўхтаб қолиш нияти йўқлигини маълум қилди ва ҳамма мамлакатларда «Келажак учун жума» номли акция ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Унга кўра, барча кўнгиллилар ўз мамлакатлари парламенти биноси олдида норозилик намойиши ўтказишга чақирилди. Гретанинг бу ташаббуси бутун дунё бўйлаб миллионлаб одам томонидан қўллаб қувватланди ва ўша жума, ижтимоий тармоқлар #fridaysforfuture хештеги билан эълон қилинган минглаб норозилик суратларига тўлиб кетди.

The Guardian нашри Гретадан ўз хатти-ҳаракатларига изоҳ беришини сўраб интервью олганида у «Айрим одамларга барча нарса ўз ҳолича қолаверса ҳам майли. Лекин мен унақа эмасман. Айниқса бирор нарсадан хавотирда ёки қайғуда бўлсам, буни шундай қолдира олмайман. Кичик синфда ўқиётганимда менга ўқитувчимиз океандаги пластик уюми, глобал иқлим исиши сабабли қутб айиқлари жабр кўраётгани ҳақида фильм қўйиб берган. Мен буни кўриб роса йиғладим. Синфдошларим ҳам йиғлади. Лекин фильм тугагач, улар бемалол яна бошқа ишлари билан шуғулланаверади. Мен эса ундай қила олмайман. Ўша кадрлар миямдан чиқмай қолди» – деган эди ўшанда Грета.

Аслида ундаги «мен бундай қила олмайман» деган нарса Аспергер синдроми деб номланувчи ҳолат бўлиб, Грета 11 ёшидаёқ чуқур депрессияга тушадиган бўлиб қолган. Шу ёшдан бошлаб унда синфдошлари ва тенгдошлари билан мулоқотда ҳамда дарс тайёрлаш жараёнида муаммолар келиб чиқа бошлаган. Бу ўзига хос руҳий ҳолат бўлиб, бола ўзига ҳеч ким эътибор бермаётгандек ҳис қилаверади ва гиперфаол бўлиб қолади. Зарур пайтда эса у атрофдагилар билан мулоқот қила олмайдиган бўлиб қолади ва ижтимоий муаммоларга йўлиқаверади.

Бироқ бунинг қарама-қарши ва ижобий тарафи ҳам бор. Яъни Грета бирор муайян аниқ бир масала юзасидан диққатини жамлаб соатлаб ишлаши мумкин. У бир масалани ўрганишга киришса, унга истаганча жиддий эътибор билан ёндашиб, синчиклаб ўрганиб чиқа олади ва бундан уни ҳеч ким чалғита олмайди. Иқлим ўзгариши масаласи билан ҳам худди шундай бўлган. Грета бир марта бу ҳақда бош қотириб қолди ва унга муккасидан кетган ҳолда бир йил тинимсиз бу билан миясини банд этди. Кейин эса амалий ишга ўтди. Яъни у гўшт емай қўйди, зарурияти йўқ нарсаларни харид қилмади ва самолётда учишдан воз кечди.

Умуман олганда, бутун Тунберглар оиласи Гретанинг қоидалари билан яшай бошлади. Улар уйга Қуёш панеллари ўрнатди, томорқада сабзавотлар етиштириб, фақат ўсимликлар билан озиқлана бошлади, ишга ҳам автомобилда эмас, велосипедда қатнайдиган бўлди. Гретанинг онаси ўз мамлакатида анча машҳур опера хонандаси бўлгани сабабли унинг ўзини қандай тутиши ҳам кўпчиликнинг эътиборида бўлди. 2009 йилги Эуровисон танловида Швеция номидан қатнашган Малена Эрман Грета Тунбергнинг онаси бўлади ва у ҳам эндиликда гастролларга фақат поездда бормоқда экан. Албатта, она Тунберг бу ҳолат унинг карьерасига жиддий салбий таъсир кўрсатганини ҳам тан олган.

«Келажак учун жума» акциялари пайтида Грета билан мулоқотда бўлган журналистлар у ҳақда шундай ёзганди: «Ёқимтой қиз деб бўлмайди. Кескин ва дадил гапирадиган қиз. Баъзан сарказм ҳам қилади».

Қизиғи шундаки, 16 ёшли Грета Тунберг барча чиқишларининг матнини ўзи ёзади ва унинг ортида ота-онаси ҳам, ўқитувчилари ҳам турмайди. Фақат нутқларидаги айрим терминологик нозикликларни ва статистик фактларни аниқлаштириб олиш учун эколог олимлар билан маслаҳатлашиб туради. Шунингдек, у онасининг машҳурлигидан ҳам фойдаланишни истамайди ва ота-онасини ўз норозилик намойишларида қатнашишларига йўл қўймайди. Шунингдек, бу қиз ўзининг эндиликда таниқли шахс эканини ҳам яхши англайди ва қиёфаси ҳамда ўзини тутишига жиддий эътибор қаратади.

Ушбуларни инобатга олиб, айримлар Грета Тунберг ортида жуда катта пинҳона пиар-лойиҳа кетаётгани ва аслида қизнинг ўзи билмаган ҳолда шунчаки қандайдир бизнес-стартрапларнинг «юзи» сифатида хизмат қилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам фикрлар бор.

Грета нимага эришмоқчи?

Ўзининг айтишича, Грета Тунберг одамларни ва айниқса сиёсатдонларни глобал иқлим ўзгаришларига нисбатан масъулият билан қарашга чорламоқчи экан ва шу мақсадда иқлим муаммоларини максимал овоза қилган ҳолда ҳаммага етказишни мақсад қилган.

«Мен ҳис қилаётган қўрқувни ҳамма ҳис қилишини хоҳлайман. Кейин эса, ҳамма ҳаракатга тушишини истайман. Уй ёна бошласа, уни бошқатдан қуриш ҳақида ўйлашга тушмайсиз, аксинча, кўчага бақириб чиқиб, ўт ўчирувчиларни чақирасиз. Бу ҳам шунга ўхшаш фикр», – деганди Грета шу йилги Давос форумидаги нутқида.

Грета Швеция ҳукумати иқлим ўзгариши бўйича 2015 йилги Париж келишувларини реал амалга ошира бошламагунича норозилик чиқишларини давом эттиришга қарор қилган. Эслатиб ўтамиз, Париж келишувларига кўра, сайёрамиздаги ўртача иқлим исишини 2 ℃ дан оширмасликка келишиб олинган эди. Бу рақам атмосферага ташланаётган углерод оксидлари миқдорини 15 фоизга қисқартирилсагина эришилиши мумкин бўлган кўрсаткичдир. Грета швед ҳукуматидан шуни талаб қилмоқда.

У шу чоққача нимага эришди?

Тунбергнинг айтишича, «Келажак учун жума» чиқишлари пайтида 50 дан ортиқ мамлакатда 1,5 миллиарддан ортиқ одам унинг норозилигига қўшилган. Жами 123 мамлакатда 2 минг мартага яқин норозилик намойишлари ўтказилган. Натижада i-D журнали Грета Тунбергни «Авлод овози» деб атай бошлади, Тиме журнали эса уни 2019 йилнинг 100 нафар энг таъсирли одами рўйхатига қўшди. Қиз ҳақида The Guardian, New Yorker ҳамда бошқа энг нуфузли нашрлар ёзди.

Энг асосийси ва Грета ҳақида энг катта шов-шув кўтаргани эса, унинг БМТ конференциясида иштирок этгани ва нутқ сўзлагани бўлди. Боз устига, энди уни Стокгольм TED маърузаларига нутқ сўзлаш учун таклиф қилинмоқда экан.

Тунберг бошлаган норозиликлар миқёси айрим мамлакатларда шу даражага етдики, ҳатто ҳукумат раҳбарлари вазиятга аралашишига тўғри келди. Ҳатто Ангела Меркель Германияда мактаб ўқувчиларининг бундай норозиликларда қатнашаётганини изоҳлаётиб, ўз нутқида бироз «қовун тушириб» ҳам қўйди ва кейинчалик узр сўрашга мажбур бўлди. У болаларни «ташқи кучлар таъсирида» намойиш қилаётганликда айблаган эди. Грета эса бунга жавобан «у бизни рус жосуслари деб ўйлади шекилли» қабилидаги кесатиқ билан чиқиш қилган. Гретанинг Бельгиядаги издошлари туфайли эса экология вазири Жоке Шовлигени истеъфо беришигача олиб борди. Вазир ўз чиқишида «Келажак учун жума» норозилик акциясида қатнашган ўқувчиларни шунчаки «дарсдан қочганлар» деб атаган эди. Бу эса белгиялик ўқувчилар ва экоҳаракат фаолларининг қаҳр-ғазабига сабаб бўлганди.

Грета Тунбергни қўллаб-қувватлаган сиёсатчилар орасида эса Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Тереза Мэй, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ва унинг хотини Мишел Обама сингарилар ҳам бор.

Ҳозирда эса 16 ёшли швед қизи Нобель мукофотига тавсия қилинмоқда. Айтиш жоизки, Грета Тунберг нафақат иқлим муаммоларининг ўзи борасида, балки болаларнинг ўз фикрини айтишга ва уларни катталар эшитишлари кераклиги борасида ҳам катта кўламли ишларни қилмоқда. У бола ҳуқуқлари доирасида болаларнинг ўз фикри борлигини катталар ҳурмат қилиши кераклиги ва болалар ўзи учун муҳим деб билган нарсаларни баралла айтишлари лозимлигини таъкидлаган.

23 сентябрь куни Грета Тунберг БМТ бош конференциясида нутқ сўзлади ва катта шов-шувга сабаб бўлди. Унинг нутқидаги асосий тезислар қуйидагидир: катта авлод ёлғон-яшиқ ва вақтинчалик ҳою-ҳавасга берилган, аслида эса табиат ҳақида ҳеч ким қайғураётгани йўқ; шу сабабли эндиликда  ёшлар «калласи катта» сиёсатчиларга ишонишда давом этмоқчи эмас.

«Мен шунчаки бу муаммонинг юзиман ва шу сабабли барчанинг нафрати менга қаратилган. Мен аслида ҳеч қандай янги гап айтаётганим йўқ. Мен шунчаки олимлар ўн йиллардан бери бонг ураётган муаммога ҳамманинг эътиборини қаратмоқчиман. Албатта, мен бу муаммо юзасидан шуғулланишга ёшлик қиламан. Лекин бу муаммо билан ҳеч ким шуғулланмаётгани учун ҳамда келажак хавф остида қолаётгани учун, мен ўз норозиликларимни давом эттириш кераклигини ҳис қилмоқдаман», – деди Грета.

Музаффар Қосимов тайёрлади.

Манба: Дарё.уз